Россияда футбол фанатларининг норозликлари ирқчилик жиноятларини кучайтирган

Image caption "Манеж" майдонидаги тартибсизликлар ортидан Россияда ирқчилик жиноятлари кучайган

Россия Президенти Дмитрий Медведев ўтган шанба куни Кремль яқинида футбол фанатлари уюштирган тартибсизликлар ташкилотчилари жазоланишини билдирган.

Москва прокуратурасига кўра, "Манеж" майдонида кечган тартибсизликларга боғлиқ 10 дан ортиқ жиноий иш қўзғатилган.

Айни вақтда футбол фанатлари уюштирган тартибсизликлар ортидан, Россияда ирқчилик жиноятлари кучаётгани айтилмоқда.

Расмийларга кўра, зўравонликлар оқибатида бир қирғизистонлик йигит ўлдирилган ва яна 30 дан ортиқ Қафқоз ва Марказий Осиё фуқаролари жароҳатланган.

Дмитрий Медведев Россия ҳуқуқ-тартибот органларини мамлакатда миллий низонинг тарқалишига қарши ҳар қандай қонуний чораларни кўришга чақирди.

Россия президенти "Манеж" майдонида кечган тартибсизликларга қўл урганлар жазога тортилишини билдирди.

Милиция расмийларига кўра, кеча кечқурун Москва жанубида 15 кишидан иборат миллатчи гуруҳ Қирғизистон фуқароси Алишер Шамшиевни калтаклаб ўлдирган.

Ушбу воқеадан бир кун олдин эса, 28 яшар Ўзбекистон фуқароси рус миллатчилари томонидан қаттиқ калтакланганди.

Сўнгги тартибсизликлар "Спартак" футбол жамоаси мухлиси Егор Свиридов хотирасига бағишлаб ўтказилган намойиш ортидан бошланиб кетган.

Егор Свиридов бундан бир ҳафта олдин "Спартак" футбол фанатлари ва Қафқоз фуқаролари орасида юзага келган жанжал пайтида отиб ўлдирилгани айтилади.

"Манеж" намойишида ва ундан кейин "Москва" метросида ўнларча Марказий Осиё ва Қафқоз фуқаролари калтакланган ва уларнинг кўпчилиги шифохонага ётқизилган.

Сўнгги воқеалар хорижийлар, хусусан, славян қиёфасига мос бўлмаган фуқароларнинг жиддий хавотирига сабаб бўлган. Москвалик сиёсатшунос Алексей Воробёвнинг фикрича, "Манеж" тартибсизликлари ҳокимиятнинг ижтимоий ва миллий соҳада олиб борган сиёсати натижасидир:

"Манеж" тартибсизликлари бу деярли - 2006 йил сентябрида юз берган Кандапога воқеаларининг такрорланишидир. Кандапога воқеалари ҳам келиб чикиши қафқозлик бўлган фуқаро томонидан маҳаллий йигитнинг ўлдирилганидан сўнг бошланганди. Ушбу воқеа "Манеж"даги каби катта тартибсизликларга туртки бўлганди. Россия ҳокимияти Кандапога воқеаларидан бирор ижобий хулоса чиқармади. Ҳокимиятнинг ижтимоий ва миллатлараро сиёсатида бирор ўзгариш бўлмагани сўнгги тартибсизликларни келтириб чиқарди," дейди москвалик сиёсатшунос Алексей Воробёв.

Ҳуқуқ фаоллари Россия жамиатида ирқчилик кайфиятлари юқори даражага етгани ва ҳокимият ушбу муаммога жиддий ёндашмаётганини таъкидлашади.

Кремль танқидчиларининг фикрларича, Россия ҳокимияти миллатлараро масалада аниқ бир сиёсатга эга эмас.

Ўз навбатида, Россия ҳокимияти ирқчилликка оид танқидларни рад этиб келади.

"СОВА" таҳлил маркази ҳисоботи бўйича, 2010 йилнинг биринчи ярмида миллатчилар ҳужуми оқибатида Россия ҳудудида 19 киши халок бўлган ва юздан ортиқ инсон тан жароҳати олган.