Тожикистонда Роғун ГЭСи ҳиссаларининг савдоси ўлган

Тожикистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 3 ойда бирор дона ҳам Роғун ГЭСи акцияси сотилмаган.

Сентябр ойигача сотилган акциялар 820 млн. сомоний - 186 млн. доллар миқдоригача қолмоқда.

Мустақил сиёсатшунослар Роғун ГЭСи акцияларининг сотуви мамлакат иқтисодиётига қийинчиликлар етказганлигини айтишган.

Оддий тожикистонликлар ихтиёрий-мажбурий тарздаги акция хариди аксарият оилаларни қийин аҳволга туширганлигини таъкидлашган.

Тожикистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 3 ойда масъулияти чекланган Роғун ГЭСи ҳиссадорлик жамияти ҳисоб рақамига акция сотувидан пул тушмаган.

Айни вақтда Роғун ГЭСи қурилиш акцияси сотуви расман тўхтатилган ҳам эмас.

Гарчи акция билан боғлиқ давлат телевидениеси, радиоси, матбуоти орқали мунтазам тарғиботлар апрел ойида тўхтатилган эди.

Тожикистонлик мустақил сиёсатшунос Саймуддин Дўстов ҳукумат ҳам, Роғун ГЭСи қурилиши ҳиссадорлик жамияти ҳам айни вақтда маблаққа эҳтиёж сезмайди, зеро, биринчи босқичда тўпланган маблағ ишлатилиб тугатилмади, дейди.

- Роғун акцияларининг сотилиши, албатта, Тожикистон иқтисодиёти учун қийинчиликлар ҳам келтирди. Мамлакатларнинг кўплаб банкларидан катта миқдордаги нақд пул Роғун ҳисобига ўтди. Бу тизим ўзига келиши учун муайян вақт керак. Мен ҳатто бир йил давомида акциялар бозори қайтадан қизиши мумкин деб ўйламайман, деди Саймудин Дўстов.

Тожикистонда йил бошида 1 миллиард 250 миллион долларга баробар Роғун ҳиссалари сотувга чиқарилган эди. Расмий маълумотларга кўра, ҳозиргача 186 млн. долларлик акция сотилган. Бу рақам уч ойдан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Октябр ойида ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистон Молия вазири Сафар Нажмиддинов йил охиригача яна бир неча млн. долларлик акция сотилиш лозимлигини айтганди.

Сиёсатшунослар эса, Роғун ГЭСи акциялари билан боғлиқ иш ҳукумат қўлида экани ва буни йўналтириш молия вазирлигининг ваколатига кирмаслигини урғулашади.

Роғун ГЭСи ҳиссаларини сотиш 6 январда бошланган эди. Йил бошида акция тарғиботи шунчалик кучайдики, пойтахт кўчаларида бутун бошли жамоалар шиорлар билан акция харид қилиш учун йўл олаётганлигини кўриш мумкин эди.

Ҳаминқадар маош олаётган ўқитувчию, шифокорлар бутун маошларига ихтиёрий-мажбурий тарзда акция харид қилганликларини айтишган.

Меҳнат муҳожирлигидан жўнатилган маблағларга ҳам акция харид қилишгани ҳақида телевидение орқали ота-оналарнинг чиқишлари ташкил этилди.

Ҳатто, акция харид қилмаган талабалар имтиҳонга киритилмаган ҳоллар кузатилган.

Роғун ГЭСи қурилиши акциялари сотуви йўлга қўйилиши билан Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари кескин совуқлашганлигини кузатувчилар урғулайдилар.

Расмий Тошкент Роғун ГЭСи лойиҳада белгиланган тарзда кўрилса, Ўзбекистонда сув тақчиллиги ва экологик ўзгаришлардан хавотирларини билдиради.

Айни вақтда Тожик расмийлари ўз табиий бойликларидан унумли фойдаланиб, мамлакат ва минтақани электр муаммоларидан қутқаришларини таъкидлашади.

Роғун ГЭСи қурилиши майдонида ҳозирда фақат тикланиш ишлари бораётганлиги маълум. Асосий қурилиш эса, расмий Тошкент талаб қилган халқаро экспертиза хулосасидан сўнг бошланади.