Расмий Душанбе “Викиликс”даги баёнотларни “асоссиз” ва “бемаъни,” деб рад этди

Image caption Расмий Душанбега кўра, Америка томонининг махфий дипломатик ёзишмаларини қандайдир кучлар тўқиб чиқарган

“Викиликс” веб саҳифасида Тожикистонга оид куни-кеча чоп этилган Америка томонининг махфий дипломатик ёзишмаларини расмий Душанбе, “асоссиз” ва “бемаъни,” деб рад этди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимларига кўра, бу ёзишмалар мамлакатлар орасидаги муносабатларини совуқлаштириш учун қандайдир кучлар томонидан тўқиб чиқарилган.

Тожикистондаги мустақил сиёсатшуносларга кўра эса, “Викиликс”да мавжуд муаммолар ёритилган.

Аммо расмий Душанбе бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмасликни лозим деб топган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назрийга кўра, ёзишмалар бирор исбот-далилга эга эмас.

- Бу нарсалар бемаъни, бирор асосга эга эмас. Улар тўқиб чиқарилган. Ўзаро муносабатларга раҳна солиш учун қандайдир кучлар томонидан атайлаб тўқиб чиқарилган. Биз бу нарсаларни жиддий қабул қилмаймиз, деб айтган Давлат Назрий.

Жаноб Назрийга кўра, “Викиликс”даги ёзувлар воқеъликка тўғри келмайди ва шу сабабдан ҳам Тожикистоннинг бирор хорижий давлат билан муносабатларига таъсир қилмайди.

Кеча Америка томонининг махфий дипломатик ёзишмаларини чоп этган Британиянинг "Гардиан" газетаси Тожикистоннинг энг асосий муаммоси, унинг "сотқин президенти" Имомали Раҳмондир, деб ёзганди.

Душанбедаги АҚШ элчихонасининиг 2010 йил 16 февралида Вашингтонга йўлланган махфий телеграммасида президент Раҳмон Тожикистон иқтисодини фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб бошқариши ҳақида ёзилади.

"Мамлакатда бутун ҳокимият, президентдан тортиб, бурчакдаги милиционергача, таниш-билишчилик ва коррупция ботқоғига ботган", дейилган “Викиликс” чоп этган махфий ҳужжатларда.

Америка томонининг дипломатик ёзишмаларида Имомали Раҳмон ва унинг оиласи мамлакатнинг энг йирик банки дохил, барча йирик корхоналарни назорат қилиши ҳам айтилади.

Тожикистонлик мустақил сиёсатшунос Давлат Усмон мамлакатларни гиж-гижловчи кучлар бор, деган фикрга қўшилади. Аммо масаланинг икки томони бор, дейди сиёсатшунос.

- “Викиликс” бир томондан мавжуд муаммоларни ёритади, иккинчи томондан, буюк ўйинчиларнинг минтақадаги сиёсатидан, минтақа саҳнасида рақобат йўлида ана шу давлатлар устидан қандай сиёсат олиб борилаётганидан хабардор қилади, дейди сиёсатшунос.

Сиёсатшунослар “Викиликс” зарбасига учраган фақат у ёки бу президент эмаслиги - уларга таскин бўлишини айтишади.