Дунёни шов-шувга солган Wikileaks веб саҳифаси асосчиси озодликка чиқди

Махфий дипломатик ёзишмаларини чоп этиб, Американи роса мулзам торттирган Wikileaks веб саҳифаси асосчиси Жулиан Ассанж бадал эвазига озодликка чиқарилди.

Швед ҳукуматининг шикоят аризасига қарамай, Лондон Олий маҳкамаси бу каби тўхтамга келди.

Олий маҳкама эшиги ёнида журналистларга кўриниш бераркан, Жулиан Ассанж ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилигини билдирди.

Wikileaks асосчиси, ўз навбатида, Лондоннинг "Викторианча қамоқхонаси"даги оғир шарт-шароитлардан ҳам нолиди.

Жулиан Ассанж журналистлар ва тарафдорлари қаршисида яна бир бор ўзининг бегуноҳ эканини таъкидлади.

"Мен ўз фаолиятимни давом эттиришга умид қиламан ва ушбу масалада ўзимнин гуноҳсиз эканимни таъкидлаб қоламан. Ўзимга қўйилган айбловларга оид далиллар тақдим этилганда, мен уларни ҳаммага ошкор қиламан," деб айтди Жулиан Ассанж.

Wikileaks асосчиси, шунингдек, Швециядаги иш билан алоқадорликда айбдорлигини тасдиқловчи инглиз тилидаги бирор бир ҳужжат ҳам тақдим этилмаганини билдирган.

Жулиан Ассанжга кўра, Wikileaks - ҳар қандай оғирликдан чиқиб кетоладиган ва "бошсиз" қолганда ҳам фаолият юритишга қодир ташкилотдир.

Австралия фуқароси бўлган Жулиан Ассанж Швеция томонидан жинсий зўравонликларга оид айбловларда айблангани учун ўтган ҳафта Лондонда қўлга олинганди.

Сешанба куни Лондон маҳкамаси уни бадал эвазига озодликка чиқаришга қарор қилган эса-да, Швеция прокуратураси бунга норозилик билдириб, шикоят аризаси билан чиққанди.

Аён бўлишича, Жулиан Ассанж 200.000 фунт стерлинг бадал эвазига қўйиб юборилган.

Унинг Швецияга экстрадициясига оид масала эса, 11 январ куни Лондонда кўриб чиқилади.

Ноябр ойи охирида Wikileaks америкалик дипломатларнинг махфий ёзишмаларини чоп этишни бошлаганди.

Уларда Ўзбекистон, президент Ислом Каримов ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақида ҳам сўз боради.

Wikileaks бундан аввал Американинг Ироқ ва Афғонистонга оид кўплаб махфий ҳужжатларини ҳам ошкор этганди.