Беларус: маҳаллий кузатувчилар овозларнинг сохталаштирилгани ҳақида гапиришмоқда

Image caption Кузатувчилар жаноб Лукашенконинг ғолиб чиқишига шубҳа қилишмайди

Беларусда ўтаётган президентлик сайловларида маҳаллий кузатувчилар катта сондаги овозларнинг сохталаштирилганини даъво қилишган.

Сайловларда жорий Президент Александр Лукашенкога қарши 9 номзод курашмоқда.

Улар олдиндан овозларнинг сохталаштирилишини башорат қилиб, ўз тарафдорларини сайлов шаҳобчалари ёпилганидан сўнг Минскнинг марказий майдонига тўпланишга чақиришган.

Кузатувчилар фаолларни овоз бериш шаҳобчаларидаги қонун бузилиш ҳолларини фото ва видеотасвирларга туширишга чақирганлар.

7 миллион сайловчидан бир ярим миллиони ёки 23 фоиз сайловчилар муддатидан олдин овоз беришган.

Уларнинг давлат маъмурлари, талабалар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари экани айтилган.

Кузатувчилар бу овозларни сохталаштиришнинг қулай йўли эканини айтишмоқда.

Аммо тўртинчи муддат учун номзодини илгари сурган Президент Лукашенко овозларни сохталаштириш иддаоларини рад этган ва мухолифат "ҳозирнинг ўзида мағлуб бўлгани"ни даъво қилган.

"Сайловда иштирок этаётган сиёсатчилар сайловдан олти ой аввал овозларни сохталаштириш ҳақида гапираётган эканлар, демак, бу уларнинг шунчаки тайёр эмасликлари ва ҳозирнинг ўзида мағлуб бўлганликларини англатади. Улар аллақачон ўзларини мағлубиятга маҳкум этганлар", - деган Минскдаги 1-сайлов шаҳобчасида овоз берган Президент Лукашенко.

У мухолифатнинг Минск марказида оммавий намойишлар ўтказишига йўл йўймаслигини айтган.

Александр Лукашенконинг 16 йиллик бошқаруви остида Беларус собиқ совет давридаги сиёсий тузумни деярли бутунича сақлаб қолган.

Аввалги сайловларнинг биронтаси ҳам эркин ва адолатли, деб тан олинмаган.

Мухолиф номзодлар ўз тарафдорларининг вилоятлардан пойтахтга етиб келишларига тўсқинлик қилинаётганини айтишган.

Айни пайтда сайловларни кузатаётган Оврўпо ҳайъатидан Литванинг собиқ бош вазири Казимира Прунскене овоз бериш жараёнлари демократик тарзда ўтаётгани ва шахсан унинг ўзи сайлов шаҳобчаларида ҳеч қандай овозларни сохталаштириш ҳолларига гувоҳ бўлмаганини айтган.

Нисбий демократия

Бу сафарги сайловолди жараёнлари нисбатан очиқ бўлган ва уларда сиёсий рақобатга йўл берилган.

Минскдаги Би-би-си мухбири Татяна Мелниченконинг айтишича, маҳалилй таҳлилчилар бу каби либераллашувни жаноб Лукашенконинг ғарб билан мулоқотни йўлга қўйиш истаги билан тушунтиришаяпти.

Уларга кура, жаноб Лукашенко учун бу сафарги сайловларнинг халқаро ҳамжамият, айникса, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан эркин сайловлар, деб тан олиниши жуда муҳим.

Шунинг учун ҳам номзодларни рўйхатга олиш, имзо тўплаш ва тарғибот жараёнлари анча демократик руҳда ўтган.

Аммо шу билан бирга, кузатувчилар маҳаллий рўзномалар, радио ва телевидение асосий саҳифалари ва эфир вақтларини жаноб Лукашенконинг тарғиботига бағишлаганини ҳам қайд этишмоғда.

Бошқа номзодларга ҳам, қонунда кўзда тутилган эфир вақтлари ажратилди, аммо улар асосий вақтларда бўлмаган ва амалдаги президентнинг тарғиботига тенг кела олмайди.

Россия омили

Кузатувчиларга кўра, Россия ҳамма вақт жаноб Лукашенконинг ҳокимиятда қолишининг кафолати бўлиб келган.

Сайловлардан олдинроқ Россия ахборот воситалари жаноб Лукашенконинг "ножўя ишлари"ни фош қилишга қаратилган қатор лавҳаларни намойиш этди.

Аммо сайлов арафасида бирданига Кремл ва Лукашенко ўртасида тинчлик ўрнатилди.

Икки томон нефт экспорти учун божлар ҳақида келишувга эришдилар.

Жаноб Лукашенко Президент Медведев билан ўзи ўртасида келишмовчиликка барҳам берилганини "мамнуният билан" қайд этган.

Таҳлилчилар буни "Кремл Лукашенкога яна тўрт йил муҳлат берди" , деб талқин этишмоқда.