Афғон полицияси Душанбедаги қамоқхонадан қочган етти нафарни ҳибсга олди

Душанбе қамоқхонаси
Image caption Душанбедаги қамоқхонадан қочганларнинг аксари ҳануз қўлга олинмаган

Афғонистон шимоли-шарқидаги Тахор вилояти полицияси Хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасидан қочган етти нафар қуролли қочқинни ҳибсга олган.

Тахор вилояти расмийларига кўра, қўлга олинган шахслардан тўрт нафари Тожикистон ва уч нафари Афғонистон фуқароларидир.

Улар, хабарларга кўра, қўшимча суриштирув ва тергов ишлари учун пойтахт Кобулга юборилганлар.

Тахор вилояти расмийларининг маълум қилишларича, мазкур етти шахс шанба куни вилоятнинг Тожикистон билан чегарадош Дарқад туманининг Қағни минтақасида полиция ва чегара кучларининг қўшма амалиёти чоғида тутилганлар.

Ҳозирда Афғонистон ҳудудига қочиб ўтишга муваффақ бўлган қолган маҳбусларни тутиш амалиёти давом этмоқда.

Шу йилнинг 23 августида номаълум қуролли шахслар Душанбедаги Тожикистон Хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасига ҳужум қилиб, 25 маҳбусни озод этган эди.

Маҳбуслар қочиш чоғида қўриқчилардан бир нечтасини ўлдириб, уларнинг қурол-яроғларини қўлга киритганлар.

Шундан сўнг улар яқиндаги Адлия вазирлигининг тергов изоляторига ҳам ҳужум қилиб, яна тўрт қўриқчини ўлдиришган.

Маҳбуслар исломий жангарилар экани, терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини адо этаётган бўлганликлари айтилади.

Ҳозирга қадар маҳбуслардан 15 таси очиқда қолмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, Афғонистон ҳукуматидан қўлга туширилган шахсларни экстрадиция этиш сўралган.