'Ҳозир нечта одам билан гаплашсангиз, ҳеч кимда умид қолмаган...' - Ўш

Кечаётган 2010 йил минтақа ва жаҳон тарихида Қирғизистон жанубида юз берган қонли миллий низолар билан ҳам ёдда қолмоқда. Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида шу йилнинг июн ойида келиб чиққан қонли тўқнашувлардан қарийб ярим миллион киши жабр кўрди. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиб, бир неча кун давом этган ва кўплар наздида қирғин, дея баҳо топган этник зўравонликлар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлди. Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади. 400.000 га яқини доимий турар-жойларини ташлаб чиқишган, ўн минглаб бошпанасизлар эса, қўшни Ўзбекистонга ҳам қочиб ўтишганди. Этник низолар чоғида Қирғизистон жанубида 2.000 га яқин турар-жой ва бинолар ҳам буткул вайрон бўлди. Маҳаллий аҳоли эса, қиш тушиб қолганига қарамай, айрим жабрдийдаларнинг ҳануз вақтинчалик чодирлар остида яшашаётганидан шикоят этишади. Улар орадан ярим йил ўтиб ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганини айтиб келишади. Биз миллий низо жабрдийдаларининг Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларига қулоқ тутиш учун уларни суҳбатга чорладик. Суҳбатларимизни 26 декабрдан бошлаб 1 январгача ҳар куни “Дараклар” дастуримиз орқали тинглашингиз мумкин бўлади:

'Ҳозир нечта одам билан гаплашсангиз, ҳеч кимда умид қолмаган...' - Ўш

Суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

1-ҳикоя

"Хаёл шу, тирикчиликни энди қаерда давом эттирсак экан – Ўзбекистондами, Россиядами, балким, шу маҳалланинг ичидами, деб. Энди, барибир, хоҳлайсизми, хоҳламайсизми, мана, 6-7 ой бўлиб қолди Ўш воқеаларига ҳам. Инсон барибир тирикчилик қилиши, яшаши керак экан-да, энди. Чунки ҳаёт давом этаяпти. Ҳозир шароит умуман қийин бу ерда. Ўзбекларга нисбатан муаммолар кўп. Гўшт бир ҳафтада 210 сўмдан 240 сўмга чиқди. Бу қирғиз пулига нисбатан олганда, 30 сом ошди, дегани. Бу гўштнинг яхшигина қимматлаганини англатади. Ун, ёғ,..мана, шакарнинг килоси 56 сом бўлди. Яъни нархлар, айниқса, озиқ-овқатларнинг нархлари соат сайин ошаяпти. Сабабини ким билади энди...Ҳукуматнинг айтишича, июн ойидаги воқеалар сабаб, кўп ерлар экилмай қолди, экилганлари эса, ўрилмай қолди. Яна ташқаридан маҳсулотлар келмай қолди. Қозоғистон тозаланган ёғларини тўхтатиб қўйди. Ўзбекистон озиқ-овқатни тўхтатиб қўйди. Яъни, қамал ҳолатида-да, бундай айтганда. Қанчага чидар экан, буни фақат Аллоҳ билади. Ўртача ойлик 3.000 сом-да, энди, бор ана 5.000 сом дейлик, яхши ойликни...Бир қоп ун 2.000 сомда ҳозир, бир қоп картошка 1.200-1.300 сом десам бўлади, ўша 100 кило картошка. Бундай айтганда, бир қоп ун, бир қоп картошка ва бир 10-11 литр ёққа етади-да бир ойлик маош. Қишда кийим олиниши керак, бошга қилиниши керак...Энди жуда шароит оғир. Айниқса, ҳозир ёнган маҳалладагиларнинг кийим-кечаги қолмаган. Қишдан ёзги кийимларида чиқаётган оилалар жуда ҳам кўп. Ўшаларнинг аҳволлари умуман қийин ҳозир. Инсонпарварлик ёрдамлари эвазига тирикчилик бўлаяпти-да энди кўпроқ ҳозир. Кўп оилаларда гўштсиз овқат қилинади ёки кунда фақат бир маҳал қозон қайнайди. Ёки қуруқ нон-чой бўлади, қозон умуман қайнамайди. Бозорга тушиш учун иккита-учта одамни шерик қилиб туриб, жудаям зарур бўлиб қолганда, югуриб боради-да, оладиганини олиб, иложи борича тезроқ орқага қайтишга ҳаракат қилинади. Бозордан кимдир калтак еб келаяпти, кимдир пулидан ажралиб келаяпти,..Янги Йил ҳақида ҳали биров ўйлагани ҳам йўқ. Янги Йил бу йил мактабларда маън қилинибди. Янги Йилга кетаётган харажатларни ўйлаб, менимча, оилаларига кўпроқ ёрдам бўлсин, деб ўйлашгандир-да, энди. Ҳамма тинчликни хоҳлаяпти-да ҳозир! Барча қандай қилиб кўчада бемалол юрсак, тирикчилигимизни бошласак, деган ўйда. Зўравонликлар чоғида вайрон бўлган дўконларнинг ҳаммаси ўзбекларники, шу туфайли барча ишсиз. Ҳамма сиқилган. Қўлида пули борлар барчаси кетди – Ўзбекистон, Россия қилиб. Йўлкирага пули қолмаганлар қолишган. Ўша қолган-қутган одамларни ҳам кўча-куйларда ушлаб, олиб кетиб қолишяпти. Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсам, шароит чидаб бўлмас даражада. Ҳамма нарса, “Пичоқ бориб, суякка қадалиш” даражасига етган, десам ҳам бўлади. Газ жуда ҳам қиммат, нима дейди, ҳар ким ҳам ёқолмайдиган даражада қиммат. Ўзбекистон дунё стандардида бераяпти-ку ҳозир Қирғизистонга газини. Аммо ЮНИФЕС томонидан ёнган маҳаллаларга анча-мунча кўмир берилаяпти. Бошқа маҳалладагилар эса, кўмирни ўзлари сотиб олишга мажбур бўлишяпти. Ҳалиям чодирда яшаётганлар бор. Тасаввур қилинг, Қирғизистонда биринчи қор ёғди, Ўшда ҳозир. Тунлари ҳаво ҳарорати ҳозир минусга тушиб қолган. Чодирдагилар ҳар куни инсонпарварлик ёрдами, деб тарқатилган “горох”ни қайнатиб ичишаётган экан. “Горох” ҳам ҳеч пишмайдиган хилидан...Чодирларнинг ичида совуқ бўлгани учун, касаллар ҳам кўп. Save the Children томонидан икки хонали уйлар қуриляапти, тўғри. Шу уйларнинг ҳаммаси тезроқ битса, қолган-қутганлар ҳам кириб кетишарди, деб умид қилиб ўтирибмиз. Ҳозир деярли 70-80 фоиз аҳоли кириб олди икки хонали уйларга. Энди, бу икки хонали уйлар ҳам қандай, тасаввур қилиб кўринг, қайнона, қайнота, ўғли, келин, турмушга чиқмаган қизи бўлса у, уйланмаган ўғли бўлса у, қанча невара-чеваралари бўлса, ҳаммаси икки хонали уйда туриши керак-да ҳозир. Ҳеч нарсаси қолмаганларга ҳозир зарар кўрмаган ўзбек маҳаллалари кўрпа-тўшак, гилам, ёстиқ, қалин кийимлар қилиб, йиғиб, ўшаларга эҳсон тариқасида ёрдам бериб туришибди. Ҳозир нечта одам билан гаплашсангиз, ҳеч кимда умид йўқ. Қонун доирасида ҳеч кимнинг умиди қолмаган ҳозир. Чунки қонун доирасида ҳамма нарса қилиб кўрилди-да. Аммо инсон барибир умидини йўқотолмас экан, умид қилиб яшар экан қандайдир бир ўзгаришни кутиб...Лекин, охирги чора қилиб, тирикчилигимни Аллоҳга ҳавола этдим, деяпти, шу холос, энди, ” дейди Ўш яшовчиларидан бири.

Қирғизистон жанубидаги миллий низо жабрдийдалари билан навбатдаги суҳбатимизни ўқиш учун веб саҳифамизни кузатиб боринг. Агар сиз ҳам Қирғизистон жанубида бўлсангиз ва Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларингиз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, уларни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин. Биз уларни веб саҳифамизда чоп этиб, радио дастурларимиз орқали ўқиб, эшиттириб борамиз.