Президент Назарбоев 2020 йилгача сайловларсиз тахтда қолиши мумкин

Image caption 70 ёшли Назарбоев Қозоғистонни 21 йилдан буён бошқариб келади

Президент Назарбоев 2020 йилгача сайловларсиз тахтда қолиши мумкин.

850 дан зиёд жамоатчилик вакиллари ушбу ғояни амалга ошириш бўйича референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқишган.

Мухолифат вакиллари ва мустақил кузатувчилар ушбу ташаббус тез орада амалга ошиши учун ҳеч қандай тўсиқ кўрмаётганликларини айтишмоқда.

70 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 21 йилдан буён бошқариб келади.

Ғоя ташаббускорлари президентнинг соғлиги "унча-мунчасини ортта қолдирар даражада" мустаҳкам эканини айтишган.

'Муқобил йўқ'

Уст-Каменагор шаҳрида йиғилган 850 атрофидаги жамиятнинг турли қатламларидан бўлган фаоллар Назарбоевни 2020 йилгача президентлик қилишини референдум орқали ҳал қилиш ғоясини кўтариб чиқишди.

Ғоя ташаббускорларидан Семей давлат университети ректори Ерлан Сидиқовга кўра, Назарбоевга сайловларда муқобил номзод бўлмагани учун ҳам ушбу таклиф билан чиқишмоқда.

"2012 йилда сайловлар бўлади, президент унда қатнашиши мумкин эди. Аммо бундай шон-шавкат билан унга тенг келадиган бирор жиддий мухолиф бўлиши амримаҳол. Қийинчиликларсиз юта оладиган сайловга молиявий, моддий заҳираларни сарфлашдан маъно кўрмаяпмиз. Энг қиммати- вақт кетади. Ушбу сармояни ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфлаган маъқул",- дейди Ерлан Сидиқов.

Жаноб Сидиқовга кўра, референдум ўтказиш учун эса кўп маблағ сарфланмайди, бундай тадбирни кўпи билан икки ойнинг ичида ўтказиш мумкин.

Ғоя ташаббускорларига кўра, президент Назарбоевда 2020 йилгача тузилган давлат дастури бор ва унга ушбу дастурни амалга ошириш учун имкон бериш керак.

"Президентнинг соғлиғи унча мунчасини ортда қолдиради", -дейди у.

Бунгача Назарбоевни умрини охиригача тахтда қолдириш таклифлари янграб келаётганди.

Аммо ушбу таклифларни амалга ошириш учун Конституцияни ўзгартиришга тўғри келарди.

Референдум бўйича ваколатини чўзиш эса, асоссий қонунга зид эмас, дейишади ғоя ташаббускорлари.

"Назарбоев абадий эмас-ку?!"

Мухолифат вакиллари президентнинг ҳокимиятдаги умрини узайтиришга қаратилган навбатдаги ташаббусни қоралашмоқда.

"Бу-Конституцияни бузишдир. Унда аниқ қилиб, "Президент декабрнинг биринчи якшанбасида 5 йил муддатга сайланади" деб ёзиб қўйилган. Ташаббускор гуруҳ ҳозир керакли имзоларни йиғиб, референдум ўтказиши кундай равшан бўлиб турибди. Менимча, давлат раҳбари ушбу ташаббусни рад этиши лозим",- дейди мухолифатдаги “Азат” социал-демократик партияси лидерларидан Бўлат Абилов.

Аммо жаноб Абиловнинг ўзи Назарбоевнинг ушбу ташаббусга "йўқ" дейишига ишонмайди.

Унга кўра, ҳаммаси президентнинг розилиги билан қилинмоқда ва ҳаттоки 2011 йилнинг феврал ойидаёқ референдум ўтказилиши мумкин.

Оддий қозоғистонликлар орасида эса уни қўллаётганлар ҳам, унга қарши чиқаётганлар ҳам бор.

"Айнан Назарбоев сиёсатни керакли йўналишда юритмоқда. Ушбу ғояни мутлоқо қўллаб-қувватлайман. Агар Назарбоевнинг ўрнида бошқа одам бўлганида биз руслар қўрқиб яшаган бўлардик”, -дейди олма-оталик тадбиркор аёл.

"Менимча президентнинг ваколатини чўзмаслик керак. Қачонгача шундай бўлади, етар энди. Унинг ёши ҳам бир жойга бориб қолди. Бундай лавозимларга ёшроқ одамларни сайлаш керак. Ахир Назарбоев абадий эмас-ку”, - дейди нафақа ёшидаги олма-оталик.

Мустақил журналист Сергей Дуванов ушбу ташаббус тез орада амалга ошишини ҳақиқатга яқин, деб билади.

Унга кўра, Назарбоевнинг ҳокимиятда қолиш масаласи ҳар доим кун тартибида турган, аммо уни қандай шаклда амалга ошириш савол остида бўлган.

"Бу борада Назарбоевнинг издоши ким бўлади, деб тахмин қилган сиёсатшунослар адашишди. Менимча, бу нотўғри қараш эди, ҳеч қандай ўринбосар бўлмайди. Назарбоев охирги нафасигача мамлакатни бошқаради. "Миллат раҳнамоси" бўйича қонунга ўзгартиришлар киритиш ва ваколатни узайтириш борасида ўтказиладиган референдумлар бу одам ва ҳокимият шу даражада бир-бирига боғланиб қолгани ва уни ажратиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаслигини кўрсатди,"- дейди мустақил журналист Сергей Дуванов.

Журналистга кўра, Назарбоевнинг ушбу ҳаракатларини ғарб давлатлари ҳам қўллаб-қувватлайди.

Қозоғистонга ОХҲТга раислик қилиш ҳуқуқини бериш орқали ривожланган давлатлар демократик қарашлар принципиал эмаслигини кўрсатишди.

"Бугун ғарбий Оврўпа ва Американинг Марказий Осиёда геополитик қизиқишлари асосий масаладир. Иккинчидан, ғарб ўзи юз тутган энергетика муаммосини Қозоғистоннинг ёрдами билан ечишни исташади. Шунинг учун ҳам улар қозоғистонликларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини намойишкорона инкор қилишади",- дейди Сергей Дуванов.

1995 йилда Президент Назарбоевнинг ваколатлари референдумлар орқали чўзилган эди.

Конституцияга мувофиқ, 2012 йилги сайловда президент 5 йил муддатга сайланиши керак.

2007 йилда парламент Назарбоевга биринчи президент сифатида чексиз сайланиш ҳуқуқи берилган.

Шу йилнинг июнида жаноб Назарбоев қўллаб-қувватлайдиган "Нур Отан" партияси назорати остидаги қозоқ парламенти унга "Миллат раҳнамоси" унвонини берган.