MTS Туркманистон алоқа вазирлигини халқаро арбитражга берди

Image caption МТС 600 миллион доллар зарар кўришини айтмоқда

Россиянинг МТС уяли алоқа ширкати Женевадаги Халқаро арбитраж маҳкамасига туркман алоқа вазирлигига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Сешанба куни Туркманистон алоқа вазирлиги МТСга қарашли Barash Communications Technologies ширкати лицензиясини бир ойга тўхтатиб қўйган эди.

Ушбу қарор ортидан МТС ўз тармоғини ўчиришга мажбур бўлган ва Туркманистондаги миллионлаб абонентлар мобил алоқасидан маҳрум бўлганлар.

Россия ширкатининг Туркманистон уяли алоқа тизимидаги улуши 80 фоизни ташкил этади.

Ширкат раҳбариятининг айтишича, туркман лицензиясининг олиб қўйилишидан МТС пировардида 600 миллион зарар кўриши мумкин.

МТС вакилларига кўра, туркман расмийлари ҳозирга қадар уларга расман ҳеч қандай эътироз баён қилишмаган.

Туркман томони эса лицензиянинг тўхтатилишини МТС билан 5 йиллик шартноманинг тугаётгани билан изоҳламоқда.

Пайшанба куни туркман ташқи ишлар вазирлиги бир баёнот чиқариб, МТСнинг лицензиясини чақириб олиш қарорини ҳамоя қилган.

"Мамлакат ҳудудида ширкат фаолиятининг тўхтатилиши ҳақидаги қарор ҳуқуқий жиҳатдан тўла асосланган", дейилади баёнотда.

Туркман ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, мамлакат аҳолисининг катта қисми мобил алоқасисиз қолганини рад этган.

МТС Ашхободдаги бош идораси ва вилоятлардаги бўлинмаларига Туркмантелекомнинг бино ва иншоотларнинг ижара муддати тугагани ҳақидаги хати келиб тушганини билдирган.

Ширкат Туркманистондаги мижозлари билан ҳисоб-китоб қилишни бошлаб юборган.

Айни пайтда МТС раҳбарияти Президент Қурбонқули Бердимуҳамедов вазиятга аралашади, деб умид қилаётганини айтмоқда.

Путиннинг хабари бор

Россия бош вазирининг матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия ҳукумати МТС ширкатига боғлиқ вазиятни кузатиб бораётганини айтган.

Жаноб Песковнинг айтишича, хорижда фаолият олиб бораётган Россия ширкатларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳукуматнинг асосий вазифалари қаторига киради.

МТС ширкатининг Москвадаги матбуот котиби Ирина Очадчеванинг Би-би-сига айтишича, расмий Ашхабод МТС билан имзоланган шартнома битимини узайтирмагани сабабларини ҳозиргача маълум қилмаган.

"Биз МТС фаолияти тўхтатилиши сабабларига ойдинлик киритиш учун Туркманистон алоқа вазирлиги билан боғланишга уринмоқдамиз. Бироқ ҳозирча бирор натижа йуқ. Қандай бўлмасин, биз юзага келган вазият ижобий ҳал этилишига умид қиламиз", - деб айтди МТС ширкатининг Москвадаги матбуот котиби.

МТС президенти Михаил Шамолинга кўра, МТСга етказилган зарарнинг умумий миқдори қарийб 600 млн долларни ташкил этиши мумкин.

Айни пайтда кузатувчилар МТС фаолиятининг тўхтатилиши ортида ушбу ширкатнинг ўрнини эгаллашга интилаётган маҳаллий мобил ширкатлар турган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Туркманистоннинг мобил алоқалари тармоғидаги монополисти бўлган "Олтин аср" ширкати бор-йўғи 500 минг абонентга эга.

МТС алоқа тармоғи узилганидан сўнг, мижозлар "Олтин аср"нинг алоқа нуқталарига оқиб кела бошлаганлар.

Россия ва Туркманистон ўртасидаги савдо тортишувлари янгилик эмас.

Ўтган йили "Газпром" ширкатининг Туркманистондан сотиб олинадиган газ ҳажмини кескин камайтириши ортидан Туркманистон миллиардлаб доллар зарар кўрган.