Покистон армияси билан Толибон ўртасидаги жангларда ўнлаб кишилар ҳалок бўлган

Image caption Покистон армияси жангариларни сиқиб чиқаргани хабар қилинган

Покистон хавфсизлик расмийларига кўра, жангарилар қатор ҳарбий назорат нуқталарига ҳужум қилишган, оқибатда камида 11 аскар ҳалок бўлган.

Расмийларнинг айтишларича, ҳарбийлик жавоб зарбаларини бераркан, 20 дан ортиқ Толибон жангариси ҳам ўлдирилган.

Покистон армияси расмийларининг айтишларича, тун бўйи 150 нафарча Толибон жангарилари бешта ҳарбий назорат нуқтасига мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштиришган.

Ҳодиса Афғонистон билан чегара яқинидаги Моҳманд қавмлар назоратидаги ҳудудда юз берган.

Покистон расмийларига кўра, армия жавобий зарбаларни берган ва кўплар жангарилар ҳалок этилган.

Толибон воизи эса расмийлар бераётган рақамларни савол остига олган ва жангарилардан кўра, аскарлар кўпроқ ҳалок этилган, деб айтган.

Покистон армияси Моҳмандда Толибонга қарши қатор амалиётлар ўтказган.

Аммо жангарилар яқиндан бери бу минтақада ҳужумлар уюштиришга қодир эканларини кўрсатишмоқда.

Жорий ой бошларида Толибонга хайрихоҳ бўлмаганлар, қавм оқсоқолларини нишонга олган худкушлик ҳужумида 40 дан ортиқ инсон нобуд бўлганди, деб хабар қилади Би-би-си мухбири.

Моҳманд маъмурларидан Амжад Али Хоннинг айтишича, ҳарбийлар жангарилар ҳужумини қайтариб, маҳаллий вақт билан тунги соат 2 ларда Байзаи деб аталадиган ҳудудга сиқиб чиқарганлар.

Амжад Али Хон сўзларига кўра, қўшинларга замбараклар ва тикучарлардан дастак берилган, жанг жума куни тонгида якунланган.

Моҳманд Покистоннинг қабилалар назорат қиладиган етти ҳудудидан бири ва Афғонистон-Покистон чегарасини кесиб ўтиш қулай бўлган минтақа ҳисобланади.

Бу ҳудудларда Толибон ва "Ал-Қоида" мавқеи ҳамон кучли деб кўрилади.

Шунинг учун ҳам АҚШ Покистонга шимолдаги қавмлар ҳудудида йирик ҳарбий амалиётлар ўтказишига ундаб босим ўтказиб келади.

Бу ҳудудлар Афғонистондаги Америка етакчилигидаги кучларга қарши жанг қилиб келаётган жангарилар бошпана топаётган асосий ҳудудлардан бири саналади.

Покистон мамлакат шимоли-ғарбидаги Толибон кучларини йўқ қилиш йўлида етарли иш қилмаяпти, деган айбловларни Исломобод рад этади.

Покистон расмийларининг бунга жавобан айтишларича, 2002 йилдан буён исломий жангариларига қарши жангларда 2400 дан ортиқ ҳарбийлар ҳалок бўлган.

Покистон Афғонистондаги Толибон режимини 1996-2001 йилларда дастаклаган, бироқ 2001 йилда Афғонистон ишғолини бошлаганидан кейин АҚШ иттифоқчисига айланган.