Бишкекда портловчи мослама ўрнатилган енгил машина зарарсизлантирилди

Портловчи мослама ўрнатилган автомашина
Image caption Портловчи мослама ўрнатилган машина Бишкек шаҳар Ички ишлар идораси ўнгидан топилган

Қирғизистон расмийларининг айтишларича, улар Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси биноси ўнгидан топилган енгил автомашина ичидан портловчи мосламани зарарсизлантирганлар.

Жип машинаси қўлбола портловчи моддалар билан тўлдирилган бўлган. Изқуварларга кўра, қуролли қароқчилар енгил машинани жума куни Америка фуқаросидан тортиб олган бўлишлари мумкин.

Енгил машина ичига портловчи мосламани ким ўрнатгани маълум эмас, бироқ Қирғизистон шу йил ёзида миллатларо низоларга саҳна бўлганди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, шанба куни эрталабки соат тўртларда Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси олдига ташлаб кетилган тўқ яшил рангли "Лэнд Ровер Дискавери" автомобили ичидан қўлбола портловчи мослама топилган.

Ушбу мослама, қирғиз расмийларига кўра, газ баллони, алюмин кукуни, аммиак силитраси ва 30 килограмга яқин нишонга олувчи темир парчаларидан ташкил топган ва қўл телефони ва батарейкаларга электрик занжирланган бўлган.

Портловчи мослама кучи, мутахассисларнинг айтишича, 7-10 килограм тротилга тенг.

Шунингдек, енгил автомобилга брезентдан ишланган қалбаки номер ўрнатилган бўлган.

Тунги қароқчилик

Дастлабки текширувлар енгил автомашинанинг Америка фуқаросига тегишли бўлганини аниқлаган.

Қирғиз расмийларига кўра, ушбу машина эгасидан жума куни кечки 20:00 ларда учта қуролли шахс томонидан "дўқ ва пўписа йўли билан" тортиб олган.

Қуролли шахсларнинг барчаси ниқобда бўлгани айтилади. Улар шунингдек машина эгасидан икки минг доллардан кўпроқ пулни тортиб олганлар.

Шанба кунидан бошлаб Қирғизистондаги барча ҳуқуқ-тартибот органлари кучайтирилган хизмат ҳолатига ўтилган.

Бунга Бишкек шаҳар Ички ишлар биноси ўнгида портловчи мослама ўрнатилган автомашинанинг топилиши сабаб бўлгани айтилади.

Давлат аҳаммиятига молик бўлган барча иншоотлар кучли назорат остига олинган.