Ўзбекистон HRWга яна бир марта рад жавоби берди

Image caption HRW Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволини мунтазам танқид қилиб келади

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ҳюман Райтч Вотчнинг рўйхатдан ўтказишни сўраб қилган навбатдаги мурожаатини рад этган.

Вазир ўринбосари Г. Ҳидоятов имзоси билан тақдим этилган раддияда HRWнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон қонунларини бузгани ва ташкилот вакили Стив Свердлоунинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик борасида "етарли тажбирага эга эмас"лиги айтилади.

Бу 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан чиқариб юборилган нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистонга қайтишга иккинчи уринишидир.

2008 йилда ўзбек адлия вазирлиги айни важлар билан ташкилотнинг аввалги вакили Игор Воронцовга ҳам аккредитация бермаган эди.

HRW Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволини мунтазам танқид қилиб келади.

Ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасини қайта очиш масаласи Андижон воқеаларидан сўнг Оврўпо Иттифоқи билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бошланган мулоқот кун тартибида бўлган.

Шу ой бошида Тошкентга сафар қилган АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон Президент Каримов билан музокаралар чоғида Ҳюман Райтс Вотчни рўйхатдан ўтказиш масаласини кўтарганини айтган.

HRW Ўзбекистон Адлия вазирлигининг раддиясига муносабат билдирганича йўқ.

Ташкилот вакили Стив Свердлоу, хабарларга кўра, шанба куни Ўзбекистонни тарк этган.