Қозоғистон маҳкамаси яна 2 ўзбекистонлик бошпана изловчининг даъвосини қондирмади

Ҳакам

28 декабрда бўлиб ўтган маҳкамада 5 кишининг иши тингланди ва 2 кишига, Суҳроб Бозоров ҳамда Шуҳрат Холбоевга рад жавоби берилди.

Жавобгар томон ўз қарорини Ўзбекистонда ушбу даъвогарларга нисбатан Конституцион тузимга тажовуз қилганликка оид айбловлар қўйилгани билан изоҳлади.

Адвокат Анжелика Раҳимбердина ўз ҳимоясидаги одамларга қўйилаётган айбловларни рад этди. Унга кўра, ушбу ўзбекистонликлар фақат ибодат қилганлари учунгина Ўзбекистонда таъқибларга дуч келганлар ва шунинг учун, у ердан қочиб чиқишга мажбур бўлганлар.

Ҳакам Даурен Тлеубаев Абдуазимхўжа Ёқубовнинг даъвосини тинглади. Ёқубовнинг ўзи ҳибсда бўлгани учун маҳкамада иштирок этмади. Учинчи шахс сифатида қатнашган гувоҳнинг сўзларига кўра, Абдуазимхўжа Ёқубов Қозоғистонга бошпана излаб келгач, унинг яқинларига босимлар ўтказила бошлаган. Хусусан, дадасини 45 кунга ҳибсда ушлаб туришган.

Исмини ошкор этилишини истамаган гувоҳнинг айтишича, Ёқубовнинг айби турмуш ўртоғи қамалган муҳтож оилаларга берган моддий ёрдамидир. Абдуазимхўжа амакиваччаси Акобирхўжа билан биргаликда Рамазон ойида муҳтожларга закот ва садақа сифатида пул беришган. Гувоҳга кўра, Акобирхўжага айнан шу сабабдан 17 йил қамоқ жазоси белгиланган. "Агар Абдуазимхўжа Ёқубов ҳам қочиб кетмаганида уни ҳам шундай жазо кутарди", дейди у.

Абдуазимхўжа Ёқубовнинг иши эртага давом эттирилади.

Шундан сўнг қаршилик Суҳроб Бозоровнинг иши кўриб чиқилди.

Илк маротаба маҳкама жавобгар томон Миграция полициясини кўчма комиссия давомидаги савол-жавоб матнини адвокатга тақдим қилишни буюрган.

Стенаграмма билан танишиб чиққан адвокат Анжелика Раҳимбердина ҳимоясидаги шахс рус тилини яхши билмагани учун унга таржимон тақдим қилинмаганини айтди. Адвокатга кўра бу нарса ҳимоясидаги шахснинг савол-жавобига таъсир қилган.

Ўз ўрнида жавобгар томон Олма ота миграция полицияси кўчма комиссия давомида Бозоров таржимон билан тайинланганини айтди.

Ҳакам Талғат Содиқов Бозоровнинг аризасини қондирмади.

Сўнгида Холбоев Шуҳратнинг иши кўрилди. Маълум бўлишича, Холбоев олдин ҳам Ўзбекистонда констицион тузумга тажовузда айбланиб қамалган ва амнистия туфайли озодликка чиққан. Адвокатнинг айтишича, унга нисбатан таъқиблар бўлгани учун Қозоғистонга қочишга мажбур бўлган.

Қозоғистонга келгач, маҳаллий аёллардан бирига уйланади. Турмуш ўртоғи Рита Абишева Шуҳрат Холбоевнинг олийжаноб инсон эканлигини айтди.

"Бу одамларни Ўзбекистонга юборсангиз умрлари қамоқда чирийди. Уларнинг оилаларига раҳмингиз келсин", деб Рита Абишева ҳакамга мурожаат қилди.

Ҳакам Шуҳрат Холбоевга ҳам рад жавобини берди. Шу билан даъвоси қондирилмаган бошпана изловчилар 24 нафарга етди.