'“Эртага тинчмикинмиз, индинга тинчмикинмиз, фалончи куни нима бўларкин?..' - 2-ҳикоя

Кечаётган 2010 йил минтақа ва жаҳон тарихида Қирғизистон жанубида юз берган қонли миллий низолар билан ҳам ёдда қолмоқда. Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида шу йилнинг июн ойида келиб чиққан қонли тўқнашувлардан қарийб ярим миллион киши жабр кўрди. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиб, бир неча кун давом этган ва кўплар наздида қирғин, дея баҳо топган этник зўравонликлар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлди. Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади. 400.000 га яқини доимий турар-жойларини ташлаб чиқишган, ўн минглаб бошпанасизлар эса, қўшни Ўзбекистонга ҳам қочиб ўтишганди. Этник низолар чоғида Қирғизистон жанубида 2.000 га яқин турар-жой ва бинолар ҳам буткул вайрон бўлди. Маҳаллий аҳоли эса, қиш тушиб қолганига қарамай, айрим жабрдийдаларнинг ҳануз вақтинчалик чодирлар остида яшашаётганидан шикоят этишади. Улар орадан ярим йил ўтиб ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганини айтиб келишади. Биз миллий низо жабрдийдаларининг Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларига қулоқ тутиш учун уларни суҳбатга чорладик. Суҳбатларимизни эртадан бошлаб ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари веб саҳифамизда ўқишингиз, 26 декабрдан бошлаб эса, ҳар куни “Дараклар” дастуримиз орқали тинглашингиз мумкин бўлади:

'“Эртага тинчмикинмиз, индинга тинчмикинмиз, фалончи куни нима бўларкин?..' - Аравон

Суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тингланг:

2-ҳикоя

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мана, ўзингизга яхши маълумки, ўша воқеалардан ҳам олти ой, етти ой ўтди. Анча вақт ўтди. Ҳаёт ўзгарди, лекин Янги Йилни ўтган йилчалик кутоламиз, деб ўйламайман. Чунки, мана эшитгандирсиз, яқинда Ўшда бир кун тўполон бўлиб кетди, яна бизда минус кетди-да “уже”. Энди ҳаётга қайтиб, ўзимизга келиб, яхши бўлиб қолганимиздан кейин, тўғриси, ҳозир Янги Йил қанақа бўлади, эртанги кунимиз қанақа бўлади, бу ҳақда ўйлолмаймиз. Масалан, мана, коллективимизда қирғизлар билан бирга ишлаймиз, рисоладагидек, яхши ишлаймиз, ҳеч қачон, “Сен қирғизсан, сен ўзбексан,” демаймиз биз, унақа уриш қилмаймиз. Лекин кўчада ўша ёшлар кўпроқ, мана шу 18 дан 30 ёшгача бўлганлар орасида минус кетаяпти-да, ҳозир. Масалан, мана, бизга хабар беришди, “Бешинчи куни хавфли, эҳтиёт бўлинглар, тинч бўлинглар,..еттинчи куни опасний, эҳтиёт бўлинглар,..”деб. “Уже” биз тасаввур ҳам қилолмай қолдик, “Эртага тинчмикинмиз, индинга тинчмикинмиз биз, фалончи число куни нима бўларкин?” деган кутиш билан ўтаяпти кунимиз, тўғриси. Ҳозир “уже” қизимни ўқитишга умуман кўзим етолмаяпти. Чунки қизимни кўчага чиқаришга қўрқаман,.. Қадамимизни ўйлаб босамиз ҳозир, тўғриси. Ўзим июн ойидаги миллий низолар чоғида зўрланган аёллар билан гаплашдим, суҳбатлашдим. “Уже психический” тугаган-да улар, уларга ҳаётнинг кераги йўқ бўлиб қолган, иложи йўқлигидан яшашяпти-да, ахир одам ўзини ўлдиришни хоҳламайди-ку, тўғрими. Ҳаётдан тўйганлар жуда кўп...Ўша кунги тўполонда уёққа, буёққа қочинглар, десак, “Қаёққа қочамиз, уже тугадик биз, уже бизнинг нимамиз қолди?” дейишяпти-да одамлар, “Уже ўлимдан бошқа ҳеч нарсани кутмай қўйдик,” дейишяпти-да аёллар, эркаклари эса бошини олиб қочиб кетди, қочадиган жойига. Авваллари, масалан, 90-100 фоиз бемалол юрган бўлсам, ҳозир 10 фоиз ҳам бемалол юролмайман. Ҳозир тўғриси гапиришга ҳам қўрқаман, ўзбек тилида гапиришга қўрқаман кўчага чиқиб. Қирғизча сўйлагим, қирғизча гапиргим келади-да, лекин қирғизчани яхши билмайман. Лекин шунда ҳам “объязательно” қирғиз бўлишга ҳаракат қиламан, қирғиз бўлсам қанийди, дегандек бўламан мен ҳам ҳозир. “Уже” айтаяпман-ку, бизда ҳозир битта қирғиз-ўзбек эмас, қайси миллат аъзоси бўлишидан қатъиназар, эртага нима бўлади, деб ўйлаяпти. Масалан, мана, ўтган тўполонда мен ўз кўзим билан кўрдим, ўша вақтда Ўшда эдим: Ўзбек ҳам қочди, қирғиз ҳам қочди, ўрис ҳам қочди, татар ҳам қочди, ҳамма қочди,...Ишонинг, мен ҳайрон қолдим, молу дунёни қилиб, уй-жойни солиб,.. ҳамма тенг бўлиб қолди-да, ўзим ўша ерда, машинанинг ичида эдим, бунақа ҳолатни кўриб, ишонинг, танг қотдим. Нима кераги бор бунинг, кимга кераги бор, билмайман. Ўша куни Ўшда одам қолмади, десам, ёлғон гапирмаган бўламан, ҳамма қочди, чекка қишлоққа қараб қочди ҳамма. Қайси бирини ушлаб туришга кучингиз етади, қайси бирини, “Тўхтанглар, бу ваҳима,” деб ишонтироласиз. Айнан биз ўзимиз ишлаётган жабрдийда маҳаллада, “пострадавший” одамнинг уйининг атрофида бўлди, жуда қўрқинчли бўлди ўзиям, тўғриси. Бизда давлат ишида ишлаётганларнинг кўпчилиги “уже” кетворган. Ҳозир кўпчилик деҳқончилик қилиб, нарсасини сотиб тирикчилик қилаяпти, лекин олдингидек эмас. Ҳалиям тутқундамиз-да. Масалан, Аравонда яшаб, етиштирган нарсамизни олиб бориб сотиш учун доимо Ўшга олиб чиқардик. Ҳозир Ўшга олиб бориб сотиш - “уже” қийин-да бизга. Шунча тўс-тўс, биз Қирғизистон фуқароси бўлганимиз билан, барибир ўзбекмиз-да. Бозорда куч бор-да, қанақадир куч бор бозорда. Одамларнинг тирикчилиги асосан Россия орқали ўтади ҳозир. Ўша кунлари эллик фоиз одам Россияга чиқиб кетган десак бўлади. Ўша орқали тирикчилик қилаяпти одамлар ҳозир бизда. Электр энергиянинг нархини кўтариб, пасайтирган билан, бизда “уже” нарх-наво ҳаддан зиёд кўтарилиб кетган. Бир ҳафтанинг ичида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам, оддий кийим-кечак ҳам ошиб кетди. Оддий бир қўлқопнинг нархини олсангиз, ўшанинг ҳам эски нархини кўтариб қўйган ҳозирги вақтда. Тўғриси, бир Ўзбекистонга ҳам кўчмоқчи бўлдим, ҳамма ҳужжатларимни тўғирлаб, кетмоқчи бўлдим. Лекин бир-иккита ҳужжатлар тўғри бўлмасдан, орқага қайтдим. Яна қайтиб, мана, ўзимнинг юртимда яшаяпман, нима қилаяпман. Лекин Худо хоҳласа, келаси йил ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб умид қилаяпман. Мен ҳамма нарса яхши бўлишига ҳаракат қилишим керак. Чунки ҳозир ҳеч қачон орқага кетолмайман, болам қирғиз мактабида, қирғизлар билан биргаликда ўқияпти, энди “уже” иложи йўқ, қайтиб ташлаб кетолмайди. Ўшандаям мен сизга айтганман, Ўзбекистонга ўтган билан Ўзбекистон бизни келинглар деб кутиб олмайди. Қирғизистондан ҳеч қачон жойимизни ташлаб кетолмаймиз. “Уже” эл кўнди шунга, қандоқ бўлса, шундоқ яшарканмиз, деб, ўзларини қайтатдан тиклаб, энди оёққа туришганида, яна нимадир юз бераяпти-да, одамлар яна қоч-қочга тушиб қолишяпти. Биз “уже” тушунолмай қолаяпмиз ҳозир ўзимизнинг давлатни, тўғриси," дейди аравонлик аёллардан бири.

Давоми бор.

Қирғизистон жанубидаги миллий низо жабрдийдалари билан навбатдаги суҳбатимизни ўқиш учун веб саҳифамизни кузатиб боринг. Агар сиз ҳам Қирғизистон жанубида бўлсангиз ва Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларингиз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, уларни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин. Биз уларни веб саҳифамизда чоп этиб, радио дастурларимиз орқали ўқиб, эшиттириб борамиз.