'Ҳали постлар олингани йўқ бизда, кечасига сменда туришади эркаклар...' - 3-ҳикоя

Кечаётган 2010 йил минтақа ва жаҳон тарихида Қирғизистон жанубида юз берган қонли миллий низолар билан ҳам ёдда қолмоқда. Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўзбеклар ва қирғизлар орасида шу йилнинг июн ойида келиб чиққан қонли тўқнашувлардан қарийб ярим миллион киши жабр кўрди. 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланиб, бир неча кун давом этган ва кўплар наздида қирғин, дея баҳо топган этник зўравонликлар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлди. Улардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади. 400.000 га яқини доимий турар-жойларини ташлаб чиқишган, ўн минглаб бошпанасизлар эса, қўшни Ўзбекистонга ҳам қочиб ўтишганди. Этник низолар чоғида Қирғизистон жанубида 2.000 га яқин турар-жой ва бинолар ҳам буткул вайрон бўлди. Маҳаллий аҳоли эса, қиш тушиб қолганига қарамай, айрим жабрдийдаларнинг ҳануз вақтинчалик чодирлар остида яшашаётганидан шикоят этишади. Улар орадан ярим йил ўтиб ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва қонли низолар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганини айтиб келишади. Биз миллий низо жабрдийдаларининг Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларига қулоқ тутиш учун уларни суҳбатга чорладик. Суҳбатларимизни 26 декабрдан 1 январгача ҳар куни “Дараклар” дастуримиз орқали тинглашингиз мумкин бўлади:

Суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

3-ҳикоя

'Ҳали постлар олингани йўқ бизда, кечасига сменда туришади эркаклар...' - Новқат

“Йўқ, тўғрисини айтганда, йўқ. Ҳеч нарса кўнгилга сиғмайди, тушкунлик ҳолати бўлиб қолади дейсизми,..ўшанга ўхшаган нарса бўлаяпти-да. Мен ҳам ёздаги тўполонлардан қўрқиб, болали бўлган иккита келинимни Россияга чиқариб юборувдим. Уйимиз йўлнинг бўйида жойлашган. Катта трассанинг бўйида, Ўш-Қизил қия трассасининг ёнида турамиз. Уёққа ўтган ҳам каллангни оламан деяверди, буёққа ўтган ҳам, машиналарда ўтишиб, ҳалигидақа қилишаверди-да...Россияда ҳам болаларим қийналиб денг, битта келиним қайтиб келди. Ҳозир ҳам шундай ҳолатдамизки, “тирқ” этса, югуриб эшикка чиқадиган бўлиб қолганмиз. Кўнгил хотиржам эмас. Бу ерда унча кўп зўравонликлар бўлмади-ку, лекин қайиноғаларим ҳам савдогар-да, жиндек иш қилишади бозорда. Уларга ҳам қирғизлар томонидан зуғум бўлди. Келинга, қайноғамга, “Хоҳлаган нархимда олиб кетаман,” деган гаплар ҳам бўлди-да. Шунинг учун ҳам ҳозир бозорга бораяпмиз, индамасдан ишимизни битириб, қайтиб келаяпмиз-да. Бугунги кунда ейиш-ичишимизга эркаклар эплашяпти, Россияда битта-иккита болаларим бор, Новқатда умуман ишлашнинг иложи йўқ. Сомсахонада ҳам анча-мунча иш бўлаётганди, у ерда ҳам бир-иккита тўполон бўлди-да, битта болам қайтиб келди. Ўша Россиядаги болаларим ишлаб, тирикчиликка пул-мул жўнатиб туришибди. Олсак, бироз кўмир олаяпмиз, тирикчиликка бир қоп, ярим қоп ун олволяпмиз, шу, шу билан рўзғоримиз ўтаяпти, ҳалиги ўлмагудек бўлиб. Бир кун бўлса, бир кун йўқ, мана шунақа нима билан тирикчиликни ўтказяпмиз-да, ҳозир. Жанжалларнинг оқибатида ҳаммаёқда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилиб кетди. 50 фоизга бўлмаса ҳам, бир 20-30 фоиз миқдорида ошиб кетди, ўшанчадан пул қўшилиб қолди. Энди, ўзимизнинг эшикда битган картошкамиз бор, пиёзимиз бор, деҳқончилигимиз бор, чунки жиндек еримиз бор. Гоҳида меҳмондорчилик бўлиб қолса, кўнгилга сиғиб қолса, болаларнинг бир туғилган куни борми, бошқами, шунга бир харажатга тушсак, мажбуран олинади, бўлмаса, ейдиган ҳолатда бўлмайди унақа мева-чева деган нарса. Гуручлар 100 сомга чиқди, Ўзганнинг гуручи 90-100 сомнинг орасида. Болаларимнинг биттаси Росссиядан келувди, ун олиб чиқишди, нон-понга иккинчи навлиси ҳам бўлади-ку, энди, ошхамирга ишлатамиз деб, биринчи навли унни 1.350 сомдан олиб чиқишди. Ана шу унлар тўполон бўлмасдан туриб, бир қопи 800 сом турарди. Энди кундалик рўзғоримизни тежаб-тергаб ўтказяпмиз-да. Россиядан тўртта-бешта одамим қайтиб келгандан кейин, тўққиз-ўнта жон бўлиб қолдик бизам. Новосибирскда яна олтита одамим бор. Буёғда болаларнинг пулларини ҳам 10 кун, 10 кун кечикиб олиб келиб беришади. 10 кун, 10 кун. Бундан буёғига ҳам қийинчилик билан берилади, деган гаплар бўлаяпти. Ўша куни қайнонамнинг нафақа пулига чиқувдик, шундай дейишди. Яна бундан кейин болаларнинг пули бўладими, нафақа пули бўладими, ўзларинг чиқиб оласизлар дейишди. Авваллари почтальон почтадан олиб келиб берган бўлса, ҳозир унақа бўлмаяпти. Сабаб, менимча, мана бу бюджетнинг ҳисоби бўлса керак. Мана бу сайловга ҳам анча-мунча маблағ кетиб қолди-ку. Ҳозирча бу йил ўчгани йўқ “свет”, ҳей тунов куни бир-икки ўчганини демаса, ўтган йилдагидек сурункали ўчгани йўқ. Грантимиз бор, тонг саҳарда икки соат сув беради, ичимлик сувини ташиб оламиз. “Отопление-потопление” йўқ бизда, икки-уч чиптадан кўмир оламиз, ўша билан бир амаллаб қишдан чиқиб оламиз-да. Ҳозирги ҳолатимизда Аллоҳ, энди, яхшилик кунларни етказган бўлса...Бу йил уй соладиган эдик, болаларга жиндек участкамиз бор эди, жанжал-тўполонларни деб, уй сололмадик. Кўнгилга сиғмади. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, агар иш шу даражада давом этаверса, Қирғизистонда ўзбекларга яхши кун йўқ, тўғриси, очиқ гап бу. Мана бу амалдорларнинг орасида ўзбекларни сиғиштирмаслик, уларни бир инсон қаторига қўшмаслик “уже” кетяпти ҳозир. Ошкора бўлмаса ҳам, яширин бир ҳолатда кетаяпти. Ҳали ҳеч қанча бўлгани йўқ, Ўшда яна тўполон бўлди-да, қирғиз болалари ўзлари қирғиз болаларини ушлаб туриб уришганини, “Бунақа нарса қилманглар, элни бир-бирига қарши қилиб қўйдинглар,” деганларини ҳам эшитяпмиз ҳозир. Шунга ҳам бир томондан суюнаяпмиз, “Худога шукр, ўзларининг ичидан шунақа гаплар чиқаётган бўлса, бизга ҳам яхшилик бўлиб қолар,”деяпмизу, лекин, барибир, 100 фоизлик кафолат йўқ-да. Бир-биримиздан чўчиш ҳолатлари бўлаяпти. Улар биздан чўчишяпти, биз улардан чўчияпмиз. Ана шу томони бизни қийнаб қўйяпти. Доимо постлар амал қилади, ҳали постлар олингани йўқ бизда. Кечасига сменда туришади эркаклар, лекин шунда ҳам, тунда бир шарпа нима қиладиган бўлиб қолса, ҳаммамиз оёққа турамиз-да, йўлнинг чети бўлгани учун бирор бир касофат бўлмасмикан, деб. Бундай айтганда, Янги Йил эсимизга ҳам келгани йўқ ўзи,.." дейди новқатлик онахонлардан бири.

Давоми бор

Қирғизистон жанубидаги миллий низо жабрдийдалари билан навбатдаги суҳбатимизни ўқиш учун веб саҳифамизни кузатиб боринг. Агар сиз ҳам Қирғизистон жанубида бўлсангиз ва Янги Йил арафасидаги ўй-ташвишларингиз билан ўртоқлашмоқчи бўлсангиз, уларни bbcuzbek.com га йўлланг.

Бизнинг электрон манзилимиз : uzbek@bbc.co.uk га мактуб жўнатишингиз ё-да саҳифанинг остидаги махсус форма орқали фикрларингизни билдиришингиз мумкин. Биз уларни веб саҳифамизда чоп этиб, радио дастурларимиз орқали ўқиб, эшиттириб борамиз.

Муштарийларимиз мактублари

Hikmatillo Mamajanov

Har kuni yangiliklardan o'qishimiz bo'yicha har joylardan bo'mbalar topilmoqda. Endi bu voqealarni ham o'zbegimga ilib qo'yisharmikan? Agar shu darajada Bishkekni portlatish niyati bo'lganida portlatishmasmidi? Yoki shu darajada qirg'iz SNBsi tez va yaxshi ishlarmikan? Amerikada ham teraktning oldini olish qiyin kechadi, mening o'yimcha! Agar SNB zo'r ishlasa, urushning oldini olishmadi-ku.