'Дастурхон ўз йўлига, чегарадан гапирай...'

Ҳозирда ёпиқ бу чегара-божхона ўтиш маскани Зафаробод туманини Сирдарё вилояти билан боғлаб турарди
Image caption Ҳозирда ёпиқ бу чегара-божхона ўтиш маскани Зафаробод туманини Сирдарё вилояти билан боғлаб турарди

Тожикистонлик пахтакор деҳқонлар янги кириб келган йилни олдинги йилларга қараганда анча тўкин дастурхон билан кутиб олишган. Бунга жаҳон бозорида пахта толаси нархининг кескин ошиши сабаб бўлган.

Олдинги йиллар эса, Шимолий Тожикистоннинг кўпгина пахтакор туманлари каби Зафаробод туманида ҳам экинзор ерлар экин экилмасдан қолиб кетаётганди. Бунга пахта етиштириш учун қилинган меҳнат ва харажат ўзини оқламаслиги, деҳқонларнинг қарзга ботаётганликлари сабаб бўлганди.

Зафаробод тумани Мирзачўлнинг Тожикистон қисмида жойлашган. Мирзачўлни ўзлаштириш бошланган йиллари бу ерда кўпроқ тоғли қишлоқлардан аҳоли кўчириб келинган. Чўл ўзлаштирадиганлар учун икки-уч қаватли уйлардан иборат шаҳарчалар барпо қилина бошланган.

Жўрабек Тўрабеков айни куч-қувватга тўлган пайтида тоғли қишлоқлардан биридан Зафарободнинг Меҳнатобод деб номланган қўрғонига кўчиб келган. Ҳозирда етмиш ёшни қоралаган бўлишига қарамасдан Жўрабек ака бир ерда ўтирмайди, ўғилларига маслаҳат беради, иш ўргатади.

"Ўғилларим далага кетишди. Қишда ер тин олади, лекин деҳқон эмас", дейди Жўрабек ака.

- Янги йил дастурхонингиз қандай бўлди - ,деб сўрайман Жўрабек акадан.

- Янги йил дастурхонимиз, Оллоҳга шукур, тўкин бўлди. Бу йил пахтакорларнинг меҳнати меваси ёмон бўлмади, бунга пахта толаси нархининг ошгани сабаб бўлди. Минг қатла шукр! Биз ўзбек, тожик халқлари шукр қилиб ўрганганмиз. Ёмон эмас, нолимаймиз, нолимасак бўлади.

"Агар пахта толаси нархи ошмаганда эди, яна кўплаб деҳқонлар Россияга иш излаб кетишган, қанча-қанча ер эса экин экилмасдан қолиб кетган бўлармиди", дер экан Жўрабек ака ўтган йилнинг омадли келганидан хурсандлигини яширмайди.

- Шу паллага довур деҳқонларимиз, айниқса, пахтакорларимизнинг ниҳоятда катта қарзлари бор эди. Худога шукр, икки йил аввал президентимиз қарзларимизни кесдилар. Энди эса, пахта толасининг нархи тахминан икки-икки ярим баравар ошгани муносабати билан қарзлардан қутулдик. Ўғилларимнинг анчагина ерлари бор, қирқ тоннага яқин пахта сотишди. Бу йил деҳқонларимизнинг кўкракларига шамол тегиб, эркин нафас олишяпти, Худога шукр!

Зафарободлик деҳқонлар кўпчилиги қарздан қутулибгина қолмасдан рўзғорга, деҳқончилик ишларига зарур нарсалар сотиб ола бошлашган.

- Ўғилларим бу йил иқтисод қилган пулларига битта "75" трактори сотиб олишди. 15 минг сомонийга.

- Бу Америка долларига чаққанда қанчага тўғри келади?

- Уч ярим минг долларга. Шуни олдик, мана ҳозир ерларни шудгор қилишни бошлаймиз. Илоҳим бизнинг давлатимиз тинч бўлсин, билмадим энди, қўшниларимизга нима бўлган, бизларга қоронғу. Энди мен қариган одам, сиёсат билан ишим йўқ, лекин барибир шу Ўзбекистон билан борди-келдимиз яхшилансин. Бунга умид қиламиз. Аввало Худо, кейин иккала республика раҳбарларидан умидимиз катта.

- Қон-қариндошни кўриб келиш яхши, лекин бундан ташқари кўп деҳқонлар, жумладан сизнинг Зафаробод туманингизда яшаётган деҳқонлар ҳам пахтачилик, чигит экиш ёк бошқа экинларни экиш кўпроқ Ўзбекистондан келадиган айрим нарсаларга боғлиқ дейишади. Сизлар Ўзбекистондан масалан нималарни оласизлар?

- Минерал ўғитларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистондан келади, ёнилғининг асосий қисми Ўзбекистондан. Мен энди бу зарур нарсаларнинг қонуний йўл билан ўтиши тараф-дориман. Контрабанда йўли билан ўтказаётганда неча одам фожиага йўлиқди, ҳалок бўлди. Қонуний йўл билан келтирилганда ҳеч қандай хавотирлик ҳам бўлмасди. Агар минерал ўғит ва ёнилғи етарли бўлса, бизнинг Зафаробод ерларида гектаридан камида ўттиз сентнердан ҳосил олишимиз мумкин. Чунки ҳарқалай сув бор, саксон-тўқсон фоиз таъминланяпди.

Деҳқон нега аламда?

Image caption Бу уйлар Мирзачўл ўзлаштирила бошланган йиллар қурилган

Жўрабек ака билан деҳқончилик борасида гаплашишга қанчалик уринмайин, барибир у Ўзбекистон билан чегара муаммолари тўғрисида сўзлайверди.

- Шу чегара масаласи ҳал қилинса, биз Зафарободда илгаридек 30-40 минг тонна ҳосил олишимиз мумкин.

- Сиз чегаранинг ёпиқлиги Ўзбекистонга боғлиқ деб ўйлайсизми?

- Мен бу борада бир нима дея олмайман. Лекин кўпроқ Ўзбекистонга боғлиқ, шекилли. Чунки Ўзбекистондан биз томонга келган меҳмонлар, бизнинг авлодларимиз унчалик тазйиққа учрашмаган-да. Тожикистон чегарачилари ёки божхоначилари уларга озор беришган эмас. Бу ҳақда бирон жойда эшитган эмасмиз.

- Янги йил кириб келди. Янги йилдан олдинроқ Сизни ўйлантираётган қандай ташвишлар бор эди?

- Мени асосий ташвишлантираётган нарса - кейинги бир-бир ярим йил орасида Ўзбекистоннинг қўшни Сирдарё вилояти билан борди-келдиларимизнинг деярли бутунлай йўқолиб, ачинарли аҳволга келишидир. Авлодларимизнинг деярли ярми Ўзбекистон-да яшаса ҳам, борди-келдимиз йўқ. Ҳатто мен яқинда холаваччамнинг таъзиясига ҳам бора олмадим. Ховосдан, Шапскийдан қайтиб келдим, афсусланиб. Ҳозиргача аламдаман. Менинг Янги йил тилакларим - илоҳим шу икки мамлакат раҳбарлари бир келишувга келишса ва Сирдарёнинг қўшни Ховос ва Боёвут туманлари билан борди-келдиларимиз илгаригидай бўлса.

- Зафаробод ва Сирдарё вилоятининг қўшни туманлари орасида чегарадан қонуний ўтиш жойлари бор эди. Шу ўтиш жойларидан бориб-келсангизлар бўлмайдими?

- Бир йилдан буён қонуний ўтиш жойлари ёпиқ. Айрим одамлар жуда қийин йўл-лар билан , хавфу хатарни бўйинга олган ҳолда бориб-келишяпти. Ана шундай ноқонуний ўтиш пайтида бир неча киши чеарачилар ўқига учради, ўлганлар ва яраланганлар бор. Ўзбекистонга ўтиш ниҳоятда қийин. Агар бошимизга бирон мушкул иш тушиб қолса, вилоятга келиш керак, Душанбега бориш керак. Виза тўғрилаш учун ўн-ўн беш кун ўтиб кетади.

Ноумид - шайтон

Жўрабек ака бир зум сукут сақлайди ва ўз-ўзига сўзлаётгандай гапиради:

- Ажаб ҳайронман, нима бўлди бизга? Кейинги ўн-ўн беш йил орасида бундай қийинчиликлар йўқ эди ҳисоби. Борди-келдимиз яхши эди. То Янгиер шаҳрига довур, буёғи Ширин шаҳрига, Бекободга бемалол бориб-келардик. Фақатгина биз эмас, Тожикистоннинг бошқа кўпгина чегарадош манзиллари аҳолиси ҳам Ўзбекистонга ўта олмаяпти. Масалан, Шаҳристон туманида яшайдиганлар Ўзбекистоннинг қўшни Жиззах вилояти Янгиобод туманига ўта олишмаяпти. Билмай қолдим, нима қиламиз? Бизнинг болаларимиз Ўзбекистондаги ака-укаларимизнинг болалари билан бегона бўлиб кетишадими энди? Шахсан менинг ярим авлодим Ўзбекистонда, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида яшашади. Борди-келдимиз тамоман йўқ бўлди.

- Чегарадан ўтаётганингизда ҳозир чегара эканлиги билинадими?

- Ҳозир Ўзбекистоннинг Шарқообод станциясигача довур чуқурлиги уч-тўрт метр, эни олти метрлик хандақлар қазилган. Буёғига чегарани симтўрлар билан ўраб ташлашган. Устига қуролланган чегарачилар қўриқлашади. Ниҳоятда ўтиш мушкул.

-Лекин, Сиз икки мамлакат орасида муносабатлар яхшиланишига ва илгаригидай ҳеч бўлмаганда қонуний ўтиш жойларидан истаган пайтингизда Ўзбекистонга ўтиб, ўзингизнинг қон-қариндошларингизни кўриб келишингизга ишонасизми?

- Мана шундай аҳвол бўлса, ишонмайман. Лекин, ноумид - шайтон. Зора икки мамлакатнинг дахлдор ташкилотлари инсофга келишса-ю, яна илгаригидай борди-келди бўлса. Лекин, ҳозирги кунда мен ишонмайман.