Қирғизистонда 'жангарилар'га қарши махсус амалиёт ўтказилмоқда

Қирғиз полицияси

Қирғизистон хавфсизлик кучлари пойтахт Бишкек яқинидаги Стрельниково қишлоғида махсус амалиёт ўтказишмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, террорчи гуруҳ раҳбари дейилган Советбек Исламов ва Азим Султанқулов ўлдирилган. Қидирувда бўлган Эдил Абдраҳманов эса, қўлга олинган.

Расмий маълумотда айтилишича, қуролли шахслар томонидан "Альфа" деб номланган аксилтеррор махсус гуруҳининг бир зобити ҳалок этилган.

Чоршанба кунги амалиёт 4 январ куни кечқурун пойтахт Бишкекнинг Октябрь туманида 3 милиция ходимининг ўлдириб кетилиши билан боғлиқ.

Қирғизистонда ҳалок этилган милиция ходимлари номлари маълум қилинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 4 январ куни пойтахт Бишкекнинг Октябрь туманида ўлдирилган уч милиция ходими исми шарифларини ошкор қилган.

Ушбу матбуот хизматига кўра, ўлдирилганлар милиция капитани 31 ёшли Самат Жиянбеков, 38 ёшли маҳаллий инспектор Алмазбек Сулаймонов, 46 ёшли Пиридинбай Исманов.

Милиция ходимлари ҳужжатларни текшираётган маҳал отиб кетилган. Ҳужумчилар қочиб қолишга муваффақ бўлишган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва террорга қарши кураш марказига кўра, қотиллар "Исломий жиҳод иттифоқи" деб номланувчи экстремистлик гуруҳ аъзоларидир.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Марат Иманқуловга кўра, "ушбу гуруҳнинг аввалроқ қўлга олинган энг фаол етти аъзоси гувоҳлик бермоқда".

Image caption Марат Иманқуловга кўра, жиҳодчилар гуруҳи Қирғизистонда террор ҳужумлари уюштиришни режалаган

Унинг айтишича, "мазкур гуруҳнинг фаоллари ва раҳбарлари Покистон ва Афғонистондаги махсус жамлоқларда тайёрловдан ўтишган".

"...уларнинг асосий мақсадлари Фарғона водийси ҳудудида халифалик барпо этишдир", дейди Марат Иманқулов.

Марат Иманқуловга кўра, гуруҳ Қирғизистонда террор ҳужумлари уюштиришни режалаган.

Қуроллилар қидирилмоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматига кўра, сешанба куни кечки соат 8:30 ларда Бишкек шаҳри Октябрь тумани ички ишлар бўлимининг ходимлари олдинроқ содир этилган жиноятларда гумон килинган шахсларни қидириш ва ҳужжат тартибини текшириш чоралари амалга оширилаётган пайтда қуролланган гуруҳ аъзолари уч милиция зобитига ҳужум қилган.

Қирғизистонда кеча учта милиция зобитларига ўқ узиб, уларни ўлдирган олти шахс қидирилаётгани ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ходимларидан тузилган алоҳида тергов гуруҳи гумон қилинаётган шахсларни қўлга олиш учун махсус қидирув амалиётларини ўтказишаётганини маълум қилганди.

Қирғизистон расмийлари бундан олдин ҳам мамлакат ҳудудида ўзбек гуруҳлари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий жиҳод иттифоқи"га мансуб жангарилар фаолиятда эканини даъво қилишган ва ўтган июн ойида кечган миллий низоларда ҳам бу гуруҳларнинг қўли борлиги айтилганди. Аммо, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва кузатувчилар террорчиликка қарши кураш Қирғизистондаги қонунсизлик ва юз бераётган зўравонликларни оқлаш учун баҳона эканини айтишади.