Интерпол собиқ қирғиз президенти Бакиевга қидирув эълон қилишдан бош тортди

Image caption Интерпол қирғиз собиқ президенти Қурмонбек Бакиевга халқаро қидирув эълон қилишга рози бўлмаган

Хабарларга кўра, Интерпол Бош котибияти Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ва унинг яқинларини топишда қирғиз ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

Қирғизистон Бош прокуратураси ўтган йилнинг сентябр ойида мамлакатда олиб борилаётган тергов ишлари доирасида Қурмонбек Бакиев, ўғиллари Марат ва Максим Бакиев, укаси Жанибек Бакиев, миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Мурат Суталинов, собиқ Бош вазир Дониёр Усенов ва яна ўндан ортиқ кишини халқаро қидирувга берганди.

Қирғизистонлик масъуллар уларни қидириб, ҳибсга олиш сўрови билан Россия, Қозоғистон, Беларус, Буюк Британия, Украина ва яна қатор давлатларга мурожаат этишганди.

Интерполнинг бу хусусда Қирғизистон Бош прокуратурасига йўллаган расмий мактубида билдирилишича, "ташкилот ўлароқ сиёсий, ҳарбий, диний ва ирқий мазмундаги аралашувлари қатъиян ман этилади".

Халқаро ташкилот Бош котибиятига кўра, худди ана шу мазмунда ўз қонун-қоидаларига зид бўлгани учун ҳам Қирғизистон томонининг сўровини қондиришдан бош тортишган.

Лекин Интерпол Қирғизистон Бош прокуратурасига умумжиноий характерга эга бўлган бошқа жиноий ишлар доирасида халқаро қидирув эълон қилиниши сўралаётган шахслар борасида ўзларига қайтадан мурожаат этишни тавсия қилган.

Ўтган апрел ойида бўлиб ўтган қонли тўқнашувлар ортидан президент Қурмонбек қудратдан четлатилган ва мухолифат ҳокимиятга келганди.

Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни тарк этиб, Беларусдан бошпана топганди.

Икки давлат орасида экстрадицияга оид келишув мавжуд эса-да, бироқ Беларус томони ҳозирча жим.

Қирғизистоннинг қудратдан четлатилган президенти Қурмонбек Бакиевга сиртдан оммавий қотилликларни уюштириш ва ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этиш айблари қўйилган.

Янги қирғиз ҳукуматининг таъкидлашича, ўша пайтда Қирғизистон Қуролли кучлари Бош қўмондони бўлган жаноб Бакиевнинг ҳарбийларга тинч намойишчиларга қарата ўт очиш буйруғини беришга ҳаққи бўлмаган.

Расмийларга кўра, худди шу сабабдан ҳам собиқ президент маҳкамага тортилиши лозимдир.

Пойтахт Бишкекдаги аперл ойидаги ҳодисаларда 90 га яқин киши қурбон бўлган ва бир ярим мингдан ортиқроғи яраланганди.