Қирғизистон Ички ишлар вазири: 'Қора кучлар бизга қарши уруш эълон қилишган'

Қирғизистон Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев расмий мурожаат билан чиқиб, қора кучлар ўзларига қарши уруш эълон қилишганини айтган. Ва у бу таҳдиднинг радикал-экстремистик руҳда эканини билдирган.

"Яқинда Бишкекда портловчи моддалар ва қурол-яроғларнинг топилиши, Спорт саройи ташқарисидаги портлаш, Бишкек ИИБ яқинида миналанган машинанинг ташлаб кетилиши, Ўшдаги сўнгги амалиётлар ва уч нафар милиция ходимининг ўлдирилиши қўпорувчи кучларнинг аҳдлари қатъий ва ҳеч нарсадан қайтмасликларини кўрсатади," деб айтган Қирғизистон Ички ишлар вазири.

Аммо вазир жаноблари айнан кимларни назарда тутаётгани, ўзи айтмоқчи, қора кучларнинг айнан ким эканликларига тўхталиб ўтмаган.

Лекин уларнинг энг аввало Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши уруш очганликларини баён қилган.

Қирғиз вазири, ўз навбатида, уларнинг даъватини қабул қилишга шай эканликлари ва шарт-шароит талаб қилган даражада шафқатсиз йўл тутишларини ҳам билдирган.

Жаноб Рисалиевга кўра, бундай хавфли жиноятчилар топилади, жазоланади ва керак бўлса, йўқ қилинади.

Қирғизистон Ички ишлар вазири аҳолига ҳам мурожаат қилиб, бу йўлда ўзлари кўраётган чора-тадбирларга тушуниш билан ёндашишларини ҳам сўраган.

Ҳамда "Хавфсиз пойтахт" дастурини янада кучайтирилган тартибда амалга оширишда давом этишларини билдирган.

Қирғизистон Ички ишлар вазири мазкур дастур доирасида спиртли ичимликлар савдосининг чекланиши, қиморхоналар, хусусий меҳмонхоналар ва исловатхоналар устидан назоратни кучайтириш учун махсус чоралар кўрилишига ундашларини ҳам айтган.

Вазир жанобларига кўра, бу - мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий тартибни таъминлаш учун муҳим.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги келтирган маълумотларга кўра, 2010 йил апрел ойидан буён ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда 10 дан ортиқ милиция ходимлари ўлдирилган.

Ўтган куни Бишкекда оператив-қидирув амалиётларини олиб бораётган уч нафар милиция ходими номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилганди.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, улар ўтган йилнинг 25 декабр куни Бишкек ИИБ ташқарисида автомашинани портлатишга уринган ва 30 ноябр куни эса, пойтахтдаги Спорт саройи ёнида террорчилик амалига қўл урган шахслардир.