Тожикистоннинг Ўзбекистонга янги элчиси муносабатларни яхшилай оладими?

Image caption Ўзбек-тожик чегараси бир неча ойдан бери деярли мутлақо ёпиқ.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон имзолаган фармонга кўра, Музаффар Ҳусейнов Тожикистоннинг Ўзбекистондаги навбатдаги элчиси этиб тайинланди.

Музаффар Ҳусейнов шу вақтгача Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлигида бошқарма раҳбари бўлиб ишлаб келган.

Қатор сиёсатшунослар янги элчи икки давлат ӯртасидаги муносабталарни илиқлаштира олишига умид қилишларини айтишган.

"Ёрилгин тош, ёрилгин..."

"Акам, укам ўша ерда, қизим ўша ёққа турмушга чиққан. Бутун элу авлод ўша ерга, мана хўжайиним ўтдилар, ҳеч ким келолмади", дея сўз бошлайди аза либосидаги аёл. Бу онахон асли Самарқанддан. Шўролар даврида оиласи билан келиб Душанбеда яшаб қолишган. Фарзандлари шу ерда туғилган. Декабр бошларида қўққисдан оламдан ўтган турмуш ўртоғи жанозасига Самарқанддан жигарлари етиб келишолмаган. Аникроғи Тошкентга бориб виза қўйдириб қайтгунча кеч бўлган... Онахон Тожикистоннинг янги элчиси виза масалаларини ҳал қилишини истайди.

"Шу бизларни бошимизга тушган кунлар, оғир кунлар бор, тўйлар ӯтиб кетади. Лекин мана бу ота ўладу, она ўладу, шу бир фарзанд келолмаса, боролмаса, шу бир ҳал қиладиган келсунки, бизларга йўл очилсун! Хай, илойим Худо инсоф ҳаммасига ҳам берсун - унисига ҳам бунисига ҳам, элчига ҳам инсоф берсину йўллар очилса бизларга бўлди-да",- дейди чертиб-чертиб онахон.

Тожикистонда ҳам, Ӯзбекистонда ҳам виза масаласидан азият чекаётганлигини айтадиганлар анчгина. Тақдирлар бир-бирига ўхшаш ва яна ўзига хос ҳам.

Ўтган йили Тожикистонда полиомелит касаллиги тарқалганида чегарадан ўтишда жорий этилган тартиб касаллик июн ойида тугатилган бўлса-да, ҳамон сақламоқда.

2010 йил 7 май кунидан эътиборан визага қўшимча тарзда сафарнинг шошилинч эканлигини тасдиқловчи телеграмма бўлмаса, (бу телеграмма шунингдек нотариусдан тасдиқлатилган бўлиши керак) чегардан ўтказилмайди.

Image caption Ўзбекистон чегарасига яқин ерда жойлашган қишлоқлардан бирида яшовчи мана бу оиланинг ўғли яқинда ўзбек чегарачилари томонидан отилган ўқ туфайли ҳалок бўлди...

Бу тартибни аввал Ўзбекистон Тожикистон фуқаролари учун жорий қилди. Ўз навбатида Тожикистон ҳам Ӯзбекистонликларга шундай чекловни қўллай бошлади.

Чегара ўтиш нуқтасидаги божхона олдида навбатда турган бир жувоннинг "Ҳар гал чегарага яқинлашсам, "Ёрилтош" эртаги ёдимга тушади. "Ёрилгин тош ,ёрилгин мен опамни кўрайин" деган қўшиғини эслайман, бизни фақат дийдор йўлга чорлайди" деган сўзларини унутолмайман. Бошқа масалалар ҳам бор - вагонлар, сув, миналар.... Журналист Нуъмонжон Фахриддинов ҳам янги элчидан икки мамлакат халқлари ўртасидаги борди-келдилар осонлаштирилишига таъсир кўрсатишини тилайди.

"Лекин бошқа муаммолар ҳам бор",- дейди Нуъмонжон ака.

"Биз бу кишидан нимани кутамиз энди. Энг аввало борди-келди муносабатларни йўлга солиш, илгариги энг илиқ, энг яхши қариндош-уруғчилик тадбирларини янада кенгайтириш, асосан, икки республика ўртасидаги бўлар-бўлмасга кўзга ташланиб турадиган нарсаларни ўртадан кўтариб ташлаш. Энди албатта у ерда темир йўлларда юкларимиз тӯпланиб қолганлиги ҳам анчагина бу кишилар бўйнига тушган вазифа бўлади. Мингдан ортиқ вагон ҳар қалай шу давргача Ӯзбекистон ҳудудида сақланиб турибди",- дейди Нуъмонжон Фахриддинов.

Жаноб Фахриддинов сув муаммолари, дарёларнинг тўсилиши борасида ҳар икки республикада мавжуд тортишувларга аниқлик киритиб, икки томонни ҳам бир-бирига яқинлаштириш имконларини янги элчи топишига умид билдиради.

Image caption Баъзи таҳлилчилар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни президентлар ўртасидаги муносабатга боғлайдилар.

Икки томонда ҳам оддий халқ орасида икки давлат раҳбарининг келишмаслиги ҳақида гап-сўзлар юради.

Бу фикрни сиёсатшунослар ҳам таъкидлаб келишади. Кўпчилик Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муаммолар ечимини икки давлат раҳбарининг шахсий муносабатлари ўнгланиши билан боғлашади. Мустақил сиёсатшунос Шокиржон Ҳакимов Ӯзбекистон ва Тожикистон ӯртасидаги муносабатлар сӯнгги вақтларда совуқлашиб бораётганлигини таъкидлайди.

"Гарчи икки мамалакат ҳам қатор ташкилотларга бирдек аъзо эканлигига қарамай аҳвол яхшиланмаяпди",- дейди у.

"Икки мамлакат даражасидаги барча муаммолар кӯпроқ субъектив характерга эга ва бу икки республика Президентлари қарашларидан пайдо бӯлган. Лекин кӯп нарса элчи ва унинг қобилиятига ҳам боғлиқ. Элчи Президентлар ӯртасидаги совуқчилик ва тушунмовчиликни юмшатиши мумкин. Аксинча, турли тавсияномаларни ёзиб аҳволни янада оғирлаштииши ҳам мумкин", дейди Шокиржон Ҳакимов.