'Мулло Абулло очиқда экан, Рашт водийсида махсус амалиётлар давом этади'

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Бирлашган Тожик Мухолифатининг таниқли собиқ дала қўмондонларидан Мулло Абдулло ва унинг гуруҳи йўқ қилинмагунча, шарқий Рашт водийсида махсус амалиётлар давом этади.

Вазирликка кўра, қўлларида бўлган оператив маълумотлар Мулло Абдулло лақаби билан танилган Абдулло Раҳимовнинг ҳамон водийда экани ва минтақадаги вазиятни исталган пайтда издан чиқариши мумкинлигига далолат қилади.

Бу ҳақда Тожикистоннинг ҳукуматга яқин хусусий Asia-Plus ахборот агентлиги хабар берган.

Тожик Ички ишлар вазирлиги, ўз ўрнида, ўтган йилнинг 23 август куни Тожикистон Миллий Хавсфизлик Давлат қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасидан қочишга муваффақ бўлган 10 нафар хавфли жиноятчини қидириб топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳам давом этаётганини билдирган.

Шу ҳафта бошида Тожикистон махсус кучлари томонидан Мулло Абдуллонинг яқин сафдоши деб кўрилган яна бир собиқ дала қўмондони Аловуддин Давлатов ва у бошқарган гуруҳнинг ўнга яқин аъзоси ҳам ўлдирилганди.

Бирлашган Тожик Мухолифатининг ҳар икки собиқ дала қўмондони 19 сентябрда Рашт водийсининг Камароб дарасида ҳукумат аскарлари карвонига қарши уюштирилган ҳужумда айбдор, деб кўрилади.

Ўша ҳодисада ўттизга яқин ҳукумат ҳарбийлари қурбон бўлишганди.

"Али Бедакий" лақаби билан машҳур Аловуддин Давлатов ва унга қарашли гуруҳ аъзолари Ғарм шаҳарчасидан унча узоқ бўлмаган Руноб қишлоғида ўтказилган махсус амалиёт вақтида ҳалок этилишганди.

Гуруҳнинг фақат бир нафар аъзоси тирик қўлга олингани маълум.

Тожик Ички ишлар вазирлигига кўра, Али Бедакий бошчилигидаги гуруҳ аъзоларининг аксарияти хорижий давлатлардаги жамлоқларда ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлишган.

Тожикистонлик масъуллар, шунингдек, Мулло Абдуллонинг Рашт водийсида халқаро террорчилик жамлоғини ташкил этиш режасида бўлгани ва айни шу мақсадда Афғонистондан Тожикистонга ўтганини айтиб келишади.

Мулло Абдулло 90-йиллар бошларидан буён Бирлашган Тожик Мухолифатининг дала қўмондонларидан бири бўлиб келган ва Тожикистонда фуқаролар урушига якун ясаган тинчлик битимига қўшилмаган.

Тожик расмийлари уни 1998 йилда Бирлашган Миллатларнинг Тожикистондаги уч нафар ходимини ўлдиришда ҳам айблаб келишади.

Яна даъво қилинишича, Мулло Абдулло 2000 йилда Қирғизистон ҳудудига ўтишга ҳаракат қилган, аммо чегара қўшинлари томонидан йўли тўсилган.

Ўша йили Мулло Абдулло Тожикистон ҳукумати билан музокараларга киришиб, қуролини ташлашга рози бўлади. Аммо кўп ўтмай битимни бузиб, Афғонистонга ўтиб кетади.

Норасмий хабарларга кўра, бундан икки йил бурун бир гуруҳ тарафдорлари билан Тожикистоннинг Тавилдара минтақасига қайтиб ўтади.