Қозоғистоннинг Янги йилдан умидлари қандай?

Image caption Осиё Ўйинлари Қозоғистонда 2011 йили бўлиб ўтадиган муҳим ҳодисалардан бири сифатида кўрилмоқда ва тайёргарлик жадал суръатларда кетмоқда.

Кириб келган мелодий 2011 йилда Қозоғистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Президент Назарбоев томонидан рад жавоби берилган бўлишига қарамай ўтказилиш эҳтимоли сақланиб қолаётган референдум уни яна 10 йил қудратда олиб қолиши мумкин.

2010 йилда ОХҲТ га раислик қилган Қозоғистон бу йил Ислом конференцияси ташкилотига раислик қилади.

Мамлакат тарихига муҳим тадбир бўлиб кириши кутилаётган Қишки Осиё ўйинлари Қозоғистон ҳам илк бор ўнгимиздаги йилда ўтказилади

Кузатувчиларга кўра, 2010 йил Қозоғистон учун енгил келмади. Мамлакат нуфузли ҳисобланадиган Оврўпада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилди.

Узоқ ва машаққатли музокаралардан сўнг ушбу ташкилотнинг охирги 11 йилдаги илк саммитини ўтказишнинг уддасидан чиқишди.

Қозоғистонда кўпчилик истамаган бўлса-да, Россия, Белорус, Қирғизистон дохил божхона иттифоқига қўшилди.

2011 йилда ҳам қозиғистонликлар учун муҳим ўзгаришлар бўлишининг шамоли ҳозирдан эса бошлаган.

Бу йил президент Назарбоевнинг қудратда 2020 йилгача сайловларсиз қолиши учун референдум ўтиши билан эсда қолиши мумкин.

Гарчи Назарбоевнинг ўзи референдумга қарши эканлигини айтган бўлса-да, Қозоғистон қонунлари бўйича ушбу ташаббусни парламентдаги депутатларнинг 5 дан 4 қисми қўллаб қувватласа Президент ветоси ўз кучини йўқотади.

Ғоя ташаббускорлари 10 январгача референдум ўтказишини қўллаб қуввватловчи 4 миллион имзо йиғишнинг уддасидан чиқишини айтмоқда. Кейин ушбу таклиф парламентга тақдим этишларини айтмоқдалар.

Image caption 2011 йили президент Назарбовнинг муддатини 2020 йилга қадар узайтиришни кўзда тутган референдум ўтказилиши эҳтимоли ҳам бор.

“Эксперт Қозоғистон” журнали бош муҳаррири Николай Кузминга кўра, референдумдан ташқари Қозоғистон сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришлар бўлмаслиги мумкин.

“Мен Қозоғистон ички сиёсатида бирор кутилмаган ҳолат бўлади деб, ўйламайман. Индивидул бошқарувга асосланган тизимга қарши туриш тизимини яратишда давом этилади. Бизда ҳақиқий қарши туриш тизими бўлиши мумкин эмас. Чунки бу нарсани амалга ошириши керак бўлган институтлар безак учун қурилган холос”, - дейди Николай Кузмин.

Экспертга кўра, мамлакат бошқарувидаги кадрлар алмашинувига муҳтожлик бор. Шунинг учун қандайдир жабҳаларда кадрлар алмашинуви бўлиши мумкин. Аммо ҳукуматда жиддий ўзгаришлар бўлмаслиги мумкин.

"Бош вазирни ишдан олмасликлари мумкин. Карим Масимовдан бошқа Қозоғистоннинг стратегик ривожланиши борасида умумий қарашларини билдира оладиган муқобил шахс бўлмаслиги мумкин. Нафақат шунчаки қарашлар балки, бу фикрлар Назарбоевнинг нуқтаи назари билан ҳам уйғун бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ўзгартиришлар шунчаки техник характерга эга бўлиши мумкин", дейди “Эксперт Қозоғистон” журнали бош муҳаррири Николай Кузмин.

2010 йили Қозоғистон жаҳон инқирози даврида ўзининг иқтисодини ушлаб қолишни уддасидан чиқа олди. Қозоғистондан Оврўпа ва Хитойга экспорт қилинадиган табиий бойликлар иқтисоднинг барқарор бўлишида катта роль ўйнади.

Иқтисодчи Бўлат Ҳусаиновга кўра, табиий бойликлар иқтисоднинг ўсишида алоҳида рол ўйнаган.

Аммо бу омиллар келажакда Қозоғистон учун бош оғриқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам иқтисодчи 2011 йилда иқтисодий ўзгаришлар бўлишини кутмоқда.

“Табиий бойликлардан келаётган маблағ одамни қувонтиради. Бироқ макро иқтисод мувафаққиятлари ортидан Қозоғистон иқтисодида ўта жиддий муаммолар кузатилади. Биз ҳали ҳам импортчи давлатмиз. Бу инфляцияни келтириб чиқаради, турмуш кечириш қимматлашади. Биз миллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиб, рақобатбардош махсулотлар ишлаб чиқаришимиз керак. Рақобатбардош ташкилотлар, махсулот ва саноатсиз рақобатга чидай оладиган давлат бўлмайди. Афсуски, бу нарсаларга етишиш осон эмас”,- дейди Бўлат Ҳусаинов.

2011 йил январдан бошлаб Қозоғистонда нафақалар 30 фоизга оширилди. Нафақаларни ўтган йили ҳам бир оз кўтаришганди. Аммо президент Назарбоевнинг ваъда беришича, нафақалар бу йил ярим баробар кўтарилиши мумкин.

“2011 йилда асосий нафақа тўловлари энг кам иш ҳақининг 50 фоизига ошади”, - дейди президент Назарбоев.

Бироқ қариялар нафақаларнинг ошишидан унчалик хурсанд бўлишмаяпти. “Авлод” ҳаракатининг раҳбари Ирина Сабостина сабабларини қуйидагича изоҳлайди.

"Президент нафақалар ошсин, деб чиқиш қилиши билан нархлар кўтарилади. Ушбу нафақа етиб келгунга қадар унинг қадри қолмайди", дейди Ирина Сабостина.

2011 йилда расмийлар томонидан муҳим деб айтилаётган Қозоғистоннинг Ислом конференцияси ташкилотига раислик қилиши кутилмоқда. Ушбу ташкилот 57 давлатни бирлаштиради ва мусулмонларнинг нуқтаи назарини халқаро миқёсда билдиришда ўз ўрнига эга.

Бироқ Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари иттифоқи президенти Мурат Телибековга кўра, ушбу ташкилотнинг бирор бир воқеиликка таъсир ўтказа оладиган кучи йўқ. Қозоғистоннинг бундай ташкилотга раислик қилиши эса ҳеч нарсани англатмайди. Аммо иккинчи томондан ўзбекистонлик бошпана изловчиларга рад жавобини бериш орқали Қозоғистон мусулмон оламидаги обрўсини йўқотиши мумкин.

“Бу лавозимга ўтирадиган Қозоғистон сиёсий ва бошқа сабаблар билан қувилганларга жой бериш орқали ўзининг демократик имиджини кўтариб олиши мумкин эди. Қозоғистон Марказий Осиёдаги демократик орол бўлиши мумкин эди. Бунга қандайдир ҳаракатлар ҳам бўлди. Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларга берилган рад жавобига ўхшаш беқарор қарорлар давлатнинг обрўсига салбий таъсир қилди”, - дейди Мурат Телибеков.

2011 йилда Қозоғистонда илк бор Қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Остона ва Олма ота шаҳарларида спортнинг 11 тури бўйича мусобақалар ўтказилади. Унда 65 медаллар шодаси учун кураш бўлиши кутилмоқда. Қишки ўйинларда Осиёнинг 30 яқин давлати иштирок этади. Олма ота ва Остона кўчалари ушбу спорт тадбири мослаб безалган. Шаҳарлар меҳмонларни кутиб олишга қаттиқ тайёргарлик кўраётганини кўриш мумкин.