Ўзбекистон Тожикистонга табиий газни арзонлаштириб сотишга рози бўлди

Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ нархини ўтган йилдагидан 10 фоиз ортиқ, яъни 33 фоизга чегирилган ҳолда сотишга рози бўлган.

Расмийлар газ нархини пасайтиришга музокаралар орқали эришилганини айтишади.

Табиий газ олди-бердиси билан боғлиқ муаммо сўнгги йилларда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабаларни белгиловчи омиллардан бири бўлиб келган.

"Тожиктрансгаз" очиқ ҳиссадорлик жамияти бош директори Саидмаҳмад Шарофиддиновга кўра, декабр ойи сўнгида Тошкентда "Ўзнефтегаз" миллий холдинг компанияси ва "Ўзтрансгаз" очиқ акциядорлик жамияти раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов билан музокаралар олиб борган. Жаноб Шарофиддиновга кўра, Ўзбекистон ўтган йилдан бошлаб, Оврўпо формуласи асосида газ нархини белгиланган ва бунга асосан жорий йилнинг январида ҳар минг кубометр газ 340 доллару 7 центга тўғри келади.

"Музокаралар ортидан бу нарх 33 фоизга туширилди", дейди мулозим.

"Биринчи кварталда бизнинг харид нархимиз 227 доллар 85 центни ташкил қилади. Бу ўтган йилнинг тўртинчи кварталига нисбатан 26 долларга арзондир. Мен ўйлайманки, республикалардаги хўжалик субъектлари ўртасида пайдо бўладиган ҳар қандай масалани музокаралар билан ҳал қилса бўлади. Бунинг учун, ҳаракат қилиш керак, бориш керак, тинглай билиш ва тушунтира билиш керак", деди жаноб Шарофиддинов.

Image caption "Тожиктрансгаз" очиқ ҳиссадорлик жамияти бош директори Саидмаҳмад Шарофиддиновга кўра, нарх музокаралар ортидан туширилди

Тожик расмийларига кўра, Ўзбекистондан ўтган йилда олинган газнинг ҳар минг кубометри ўртача 240 долларга тушган. Яъни, йил бошида шартнномада белгиланган 231 доллардан харид қилинган бўлса йил давомида жаҳон бозорида газ нархи ошиши ортидан йил охирида 254 долларга тенг бўлган.

Ўтган йили Тожикистон Ўзбекистондан харид қилган табиий газ Оврўпо нархидан 23 фоиз чегирилган бўлган.

"Агар нарзлар бу йил 33 фоизга чегирилмаганда, январда ҳар минг кубометр газни 262 доллардан олган бўлардик", дейди "Тожиктрансгаз" очиқ ҳиссадорлик жамияти бош директори ўринбосари Шавкат Шоимов.

"Лекин, минтақа миқёсида солиштирсак, бу нарх ҳам баланддир. Лекин, бошқа илож ҳам йўқ. Ўтган йилга нисбатан арзонроқ бўлгани ҳарқалай яхши қадам. Қолаверса, кўп нарса истеъмолчиларимизнинг тўловни вақтида тўлашига боғлиқ. Улар вақтида қарзларини қоплаб борсалар, биз яна табиий газ миқдорини кўпайтириб боришимиз мумкин. Қанча кўп миқдорда газ харид қилиб, сотсак, унинг нархи шунга қараб тушиб боради. Чунки, миқдоридан қатъий назар харажатлар бир хил", деди Шавкат Шоимов.

Тожикистоннинг бугунда Ўзбекистондан газ билан боғлиқ қарзлари деярли йўқ.

Лекин, ўтган йиллар давомида айнан катта қарздорлик юзага келганда, ҳар гал Ўзбекистон табиий газ беришни тўхтатиб қўярди. Бу табиийки, аҳоли норозилигию корхоналар тўхтаб қолишига сабаб бўларди. Тожик расмийлари эса, бу ҳолатга сиёсий тус бериб келганлар.

Тожикистон Ўзбекистон билан жорий йилда 180 миллион кубометр газ олиш тўғрисида келишувган. Ўтган йилда 250 миллион кубометр газ учун "Ўзтрансгаз" очиқ акциядорлик жамияти ўртасида шартнома тузилганди.

Image caption Тожикистон Ўзбекистон билан жорий йилда 180 миллион кубометр газ сотиб олиш ҳақида келишув имзолаган

Аммо, қарздорлик туфайли 174 миллион кубометр газни харид қила олган холос.

Тожикистон пойтахтида аҳоли табиий газ билан умуман таъминланмайди. Гарчи, ўтган йилларгача маълум соатларда бўлса ҳам аҳолига газ берилган.

Ҳозирда одамлар газ билан бажариладиган барча рўзғор ишларини электрга юклаганлар. Бу йили қишнинг илиқ келганлиги муносабати билан Душанбеда электр таъминотида чекловлар умуман кузатилмайди.

Туманларда эса, ҳар йилги электр чекловлари анчайин юмшаган. Қишлоқларда аҳоли 15 соатгача электр билан таъминланмоқда.