Тожикистон Хитойга 3 фоиз ерини берди

Ҳамрохон Зарифий
Image caption Ҳамрохон Зарифий Хитой билан келишувни тожик дипломатияси ғалабаси эканини айтади

Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасидаги деморкация ва делимитация қилиш ҳақидаги ҳужжат Тожикистон парламентида тасдиқланган.

Бунга кўра, Хитой даъво қилиб келаётган Тожикистон ҳудудидаги жами майдоннинг 3 фоизи Хитойга берилган.

Аммо, бир қатор сиёсатчилар бундай қарорга эътироз билдиришган ва бу Тожикистон Конституциясига зид деб урғулашган.

Тожикистон ҳудудидан бериладиган баҳсли майдон қарийб минг квадрат километрлик ҳудуддир. Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий парламент мажлисидаги чиқишида "ушбу ҳужжатнинг тасдиқланиши муҳим сиёсий воқеа, бу Тожикистон ва "буюк қўшнимиз билан" келгуси муносабаталарини белгилайди", деб таъкидлади. Жаноб Зарифийга кўра, чор Россияси, кейин СССР ва ниҳоят мустақил Тожикистон билан Хитой ўртасида ҳудуд борасидаги баҳс 19 аср аввалларида бошланган.

- Тожикистон ва Хитой ўртасидаги баҳсли майдон 28 минг 412 километрни ташкил қиларди. Бу ҳозирги Тожикистон ҳудудининг деярли 20 фоизига тенгдир. Ҳужжат имзолагандан сўнг Хитойга бунинг фақат 3 фоизи ёки минг квадрат километрга яқинроғи ўтади. Ушбу ҳужжатнинг имзоланишини тожик дипломатиясининг буюк ғалабаси деб ҳисоблайман, деди Ҳамрохон Зарифий.

Аммо, парламент мажлисида бу фикрга қўшилмаслигини билдирган депутатлар ҳам чиқиш қилдилар.

Image caption Муҳиддин Кабирига кўра, ҳужжатнинг тасдиқланиши Тожикистон Конституциясига мувофиқ келмайди

Тожикистон Ислом Уйғониш Партияси раҳбари Муҳиддин Кабири "ҳужжатнинг қабул қилиниши тожик дипломатияси ғалабаси" деган гапга мутлақо қўшилмаслигини очиқ-ошкор билдирди.

"Бу ҳужжатнинг тасдиқланиши Тожикистон Конституциясига мувофиқ келмайди", деди жаноб Кабири.

"Тожикистон Конституциясининг 7-моддасида Тожикистон ҳудуди бўлинмас ва дахлсизлиги айтилган. Дейлик, эртага бошқа бир қўшнимиз 30 минг чақирим ёки мамлакат ҳудудининг 15 фоизи тарихан ёки қайсидир даврларда унга тегишли эканлигини даъво қилса, биз музокара олиб борамиз-да, ярмини бериб, Худога шукур, ярмини сақлаб қолдик, деймизми?", дейди Муҳиддин Кабири.

Тожикистон Коммунистлар партияси раиси Шоди Шабдолов имзоланган ҳужжатнинг энг катта хатоси унда шаффорлик йўқлигида эканини айтди.

"Шу сабабли ҳам, Тожикистон катта ҳудудини Хитойга берибди, деган овозалар юрибди. Лекин, бугун аниқ бўлдики, масала рисоладагидек ҳал қилинган", дейди у.

Жаноб Шабдолов ушбу ҳужжатнинг тасдиқланиши 130 йиллик баҳсга чек қўйишини ҳам таъкидлади.

"Баҳсни биз келгуси авлодларга мерос қилиб қолдирмаслигимиз керак. Бундан қўшнилар билан муносабатларимиз яхшиланмайди, балки ёмонлашади!", деди жаноб Шабдолов.

Нима бўлмасин, Тожикистон ҳудудидан 3 фоиз майдон Хитойга ўтиши ҳақидаги ҳужжат парламентда тасдиқланди.

Бунга кўра, шарқий Помирнинг Сарикўл деб аталувчи баланд тоғли ҳудудидан аввалги чегарани кенгайтириб борувчи яхлит майдон Хитойга берилган.

Бу ҳудудда фақат ёзнинг уч ойида чегара чизиқларини белгилаш имкони бўлган. Бошқа пайтларда қорли ўлкада деморкация ва делимитация ишларини олиб бориш мумкин бўлмаган.

Хитойга берилган майдон вақтида чор Россиясидан шўролар ҳукуматига мерос бўлиб ўтган.

Берилган ер эвазига Хитой Тожикистонга очиқ-ойдин бирор нарса ваъда қилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо, сўнгги йилларда Хитой Тожикистонга йўлсозлик, туннел қурилиши ва турли иншооотлар учун 1 миллиард долларга яқин сармоя ётқизган.

Айни вақтда Тожикистоннинг Ўзбекистон ва Қирғизистон билан баҳсли ҳудудлари масаласи ҳамон ечим топганича йўқ.