Тожикистонда икки янги олтин кони топилди

Image caption Тожикистон кенгроқ кўламда олтин ишлаб чиқариш учун сармоядорларга муҳтож

Тожикистон ҳукумати қошидаги геология бош бошқармаси мамлакатда яна иккита олтин кони аниқланганини маълум қилган.

Ваҳдат шаҳри ва тоғли Матчонда очилгани айтилаётган конларда жами 200 тоннага яқин олтин заҳиралари бор деб эълон қилинган.

Бир қатор мутахассислар мураккаб рельефга эга бўлган Тожикистонда табиий бойликларни қазиб олиш катта муаммо эканини айтиб келишади. Геология бош бошқармаси бошлиғи Азим Иброҳимнинг айтишича, янги конлар Душанбедан узоқ бўлмаган Ваҳдат шаҳридаги Пакруд конида 116,8 тонна, ҳамда тоғли Матчон туманидаги Табаспин конида 59 тонна олтин заҳиралари борлиги аниқланган.

Конлардаги қидирув ишлари анча аввалроқ бошланган, лекин 2008 йилда илк натижаларга эришилган.

Азим Иброҳим Тожикистонда яна бир неча ҳудудларда олтин конларини излаш ва ўрганиш ишлари давом этаётганлигини билдирди.

"Панжакентдаги Мосриф руда майдонида, ҳамда Мўминобод минтақасида олтин конларини излаш давом этмоқда. Ромит-Варзоб майдонида олтин борлигига ишоралар ортидан, у ерда ҳам иш олиб борилаяпти. Тожикистон шимолидаги Шохунамбулак конида бошка металлар билан аралашма олтин изланаяпти," - дейди жаноб Иброҳим.

Ҳукумат маълумотига биноан, олтини борлиги аниқланган конларда йирик миқёсдаги ишларни амалга ошириш учун сармоядорларсиз ишлаш қийин.

Масалан, бир йўла бешта олтин конини бирлаштирадиган умумий миқдори 75 тонна олтин заҳирасига эга экани айтилаётган Панжакентдаги Мосриф конига ҳали ҳомийлар топилмаган.

Мосриф майдонидаги Шахбас кони билан Тожикистон шимолида фаолият олиб бораётган Хитойнинг Зижин Майнинг кон ширкати қизиқмокда экан.

Бу ширкат олтин қазиб олувчи Зарафшон Тожикистон-Хитой қўшма корхонасининг 75 фоиз ҳиссасига эгадир.

Ҳозирда жаҳон бозорида бир унция олтин 1,377 долларга тенг. Бир йил аввал бу нарх 1,096 доллар эди.

Тожикистонда ҳар йили қарийб 2 тонна олтин ишлаб чиқарилади. У олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатлар рўйхатида 54-ўринда туради.