Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Миллий комиссияни маҳкамага тортмоқчи

Image caption Исмоил Исаков Миллий комиссяси хулосалари унинг ғурур ва шаънига доғ туширишини айтиб, маҳкамага мурожаат қилишини билдирди.

Қирғизистон жанубидаги этник зўравонликлар даврида муваққат ҳукуматнинг Мудофаа вазири бўлган Исмоил Исаков ҳодисаларни ўрганиш бўйича Миллий комиссия хулосаларини асоссиз, дея ҳисоблашини айтди.

Бу ҳақда ҳозирда Қирғизистон парламентининг аъзоси бўлган жаноб Исаков Бишкекдаги матбуот анжуманида билдирди.

"Комиссия анчагина катта ишни амалга оширди. Бунинг учун уларга раҳмат. Лекин шу билан бирга комиссия муваққат ҳукумат аъзоларини этник тўқнашувларнинг олдини олиш йўлида етарли чорларни кўрмаганликда айблади. Мен бундай хулосага қўшилмайман",-деди Исмоил Исаков.

Унга кўра, комиссиянинг бу каби хулосаси "юзаки, асосланмаган, адолатсиз ва бир томонлама"дир.

Жаноб Исаковнинг айтишича, апрел ойидаги қудрат алмашинувидан сўнг Муваққат ҳукумат бўлиб ўтаётган митингларни тарқатиш, эгаллаб олинган давлат маъмурий биноларини озод қилиш, янги ҳукуматни барпо этиш, чегара масалалари, янги Конституция ва қатор иқтисодий-ижтимоиий муаммоларни ҳал қилиш билан қаттиқ шуғулланган.

Исмоил Исаковнинг таъкидлашича, Миллий комиссия муваққат ҳукуматнинг амалга оширган ишларини биронтасини тилга олмай, атиги икки ойдан бери қудратда бўлганлигини назарда тутмаган.

"Комиссия хулосалари менинг ғурур ва шаънимга доғ туширмоқда, шунинг учун мен бу борада маҳкамага мурожаат қиламан",-деди Исмоил Исаков.

Қирғизистон жанубида рўй берган этник зўравонликларни текшириш юзасидан тайинланган ҳукумат комиссияси 11 январ куни ўз хулосаларини эълон қилганди.

Комиссия раиси Абдиғани Эркабоев муваққат ҳукумат "этник тўқнашувлар келиб чиқиши эҳтимоли ҳақидаги огоҳлантиришларни жиддий қабул қилмаган," деб билдирганди.

"Этник тўқнашувларни на қирғиз ва на ўзбек халқи, "балки радикал қарашлардаги шахслар, жумладан Қодиржон Ботиров каби раҳбарлар келтриб чиқарганлар," деб айтган Абдиғани Эркабоев.

Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар юзасидан ҳозирда халқаро комиссия ҳам ўз ишини олиб бормоқда ва январ ойининг охирларига бориб, ўз хулосаларини маълум қилиши кутилмоқда.

Халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг ноҳукумат ташкилотлари қирғиз жанубидаги хунрезликларда асосан ўзбек аҳоли қурбон бўлгани, ҳусусан, ўлдирилган ва уйи ёқилган инсонлар асосан ўзбеклар эканини қайд қилишган.

Ўз мустақил терговларини олиб борган Human Rights Watch ва Amnesty International муваққат ҳукуматнинг хунрезликларга алоқаси текширилишига чақиришганди.

Улар, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ва армия қонли воқеаларни нима учун тўхтата олмагани ва БТРлар каби оғир қуролларнинг қандай қилиб ҳужумчилар қўлига тушиб қолгани текширилиши кераклигини айтганлар.

Бир қатор халқаро кузатувчилар Қирғизистон ҳукумат комиссиясининг 2010 йил июн ойида мамлакат жанубида рўй берган этник зўравонликлар борасидаги ҳисоботини "қониқарсиз", дея таърифлашган.