Назарбоев президентлигининг узайтирилишига ким қандай қарайди?

Image caption Назарбоевнинг президентлик курсисида қолишига чақириқлар бир неча йилдан бери давом этаётганди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз вакалотлатини узайтиришга доир референдум ва "элбоши" атамаси борасидаги ўзгартиришлар асосий қонунга қанчалик тўғри келишини текшириш учун мамлакат конституцион кенгашига юборди.

Кенгаш бу масалани бир ойнинг ичида кўриб чиқиш ҳуқуқига эга, бироқ президент ёзма равишда талаб қилса, жавобини 10 куннинг ичида айтиши лозим.

Президент ваколатини сайловларсиз яна 8 йилга чўзиш ғояси мамлакат аҳли орасида кўп мубоҳасаларга сабаб бўлганича йўқ, аммо халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортмоқда.

Ҳукумат матбуотда ушбу ғоя давлатнинг барқарор ривожланиши йўлида муҳим экани таъкидланаётган бўлса, АҚШ ва Олмония каби ривожланган давлатлар ва 2010 йилда Қозоғистон раислик қилган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ушбу ташаббус демократик қадриятларга тўғри келмаслигини айтмоқда.

2011 йил Қозоғистон сиёсий саҳнасида жуда қизғин бошланди. Ўтган йил охирида 800 атрофидаги жамият фаолларининг референдум орқали президент ваколатларини 2020 йилгача чўзиш таклифи орадан кўп ўтмай жиддий қарорлар қабул қилинишига сабаб бўлди.

Назарбоев ўз ваколатларининг чўзилишига расман вето қўйган бўлса-да, афтидан унга содиқ парламент депутатлари уни ўз ҳолига, қўярда қўймай, яна 10 йил қудратда қолишга мажбурлаяпти.

Икки ҳафтанинг ичида 800 кишидан ташкил топган ташаббус гуруҳи референдум ўтказишни қўллаб-қўлловчи 5 миллион одамнинг имзосини тўплаб ўзига хос рекорд ўрнатди деса ҳам бўлади.

Бу Қозоғистондаги сайлов ёшига етганларнинг 55 фоизини ташкил қилади ва уларнинг истаги билан ҳисоблашиш кераклигини англатади.

Аввалроқ Назарбоевни расман Миллат раҳнамоси даражасига кўтарувчи қонун ўзгартиришларига "ахлоққа тўғри келмайди" дея имзо чекмаган бўлишига қарамасдан, қонун қабул қилинди.

Референдум ўтказилишини ҳам расман рад этишига қарамасдан, депутатлар Назарбоевнинг ветосини айланиб ўтишнинг йўлини топишди. Энди охирги қарорни мамлакат конституцион маҳкамаси бериши лозим.

Қозоғистонлик блоггер Улан Шамшетга кўра, президентнинг мана шундай беқарорлиги бир кун келиб ўзига панд бериши мумкин. Блоггернинг айтишича, икки ҳафтанинг ичида беш миллион имзо тўпланганига ақл бовар қилмайди ва бир кун келиб бу жараёнда қаллобликлар бўлгани юзага чиқиши мумкин. Чунки ҳукумат таркибида Назарбоевнинг тахтдан кетиш пайтини пойлаб юрган кучлар йўқ эмас.

"Соғлиқни сақлаш вазири Жақсилиқ Доскалиев коррупция учун эмас, балки айнан президентга қарши кампанияда иштирок этгани учун ҳибсга олинди деган қарашлар бор. Мисол учун олдин тез-тез телевидение орқали чиқиб турадиган "жануб клани" деб ишониладиган бош прокурор Қайрат Мами, Бош вазир ўринбосари Умирзақ Шукеевлар кўринмай қолди. Олдин улар ҳам матбуотда чиқиш қилиб туришарди. Менда савол туғилди, Доскалиевнинг ҳибсга олинишидан сўнг улар қаерга йўқ бўлиб қолишди", дейди блоггер Улан Шамшет.

Жамиятдаги бўлинишлар

Референдум ташаббуси янграши ортидан мухолифат партиялари ўз қаршиликликларини матбуот анжумани орқали билдириш билан чекланган бўлса, Қозоғистондаги ёшлар ташкилоти норозилик билдириб кўчаларга чиқди.

Ёшлар томонидан уюштирилган "Демократияни кўмиш" маросимида кўпчилик қатнашмаган бўлса ҳам ёшларнинг орасида Назарбоевга нисбатан фикрларини очиқ айта оладиган қатлам борлигини кўрсата олди.

Image caption АҚШ ва ОХҲТнинг танқидлари Қозоғистонда жиддий қабул қилинмаяпти

"Бизнинг ташкилотга аъзо етарли талабалар бор. Биз на Миллий Хафвсизлик Қўмитасидан, на полиция ё на прокуратурадан қўрқамиз. Чунки демократияни ҳимоя қилишни истаймиз. Ўзимизнинг норозилик акциямизни ўтказишимиз мумкин," - дейди талабаларнинг мустақил касаба уюшмаси аъзоси Ринат Қибраев.

Сиёсий фаол бўлган қозоғистонликларнинг орасида референдумни қўллаб-қўлловчилар билан бирга унга қарши бўлган қатлам ҳам бор.

"Ўтказилаётган референдум халққа жони ачимайдиган бойларнинг бойлигини ҳимоя қилиш дегани. Референдум пулдорларнинг айтгани билан бўлаяпти. Бизда конституция ўйинчоқ бўлиб қолган," - дейди олма-оталик Мерегул Иримқулова.

Баъзи таҳлилчилар Назарбоевнинг қудратда қолиши унинг атрофдаги амалдорлар учун ҳам қулай эканини айтишади.

Уларга кўра, йиллар давомида шаклланган ҳокимиятдаги ўринлар Назарбоевнинг кетиши билан чайқалиши ва кўпчилик янги ҳукумат юзага келаётганда ўз ўрнидан ажралиб қолиши мумкин.

Халқаро жамотчилик

Президент ваколатларини узайтириш учун референдум ўтказиш ғоясига биринчи бўлиб Қозоғистоннинг яқин ҳамкорларидан АҚШ қарши чиқди.

Қўшма штатларнинг Қозоғистондаги элчихонаси бундай амалиётлар демократияга тўғри келмаслигини таъкидлади.

Ўтган йили Қозоғистон раислиги остида бўлган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам ўз норозилигини билдирди.

"Президенти ваколатларини 2020 йилгача референдум орқали чўзиш Қозоғистоннинг халқаро жамоатчилик олдида олган мажбуриятларига тўғри келмайди ва фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини чеклаб қўяди," - дейилади ташкилот директори Янез Ленарчич номидан ёзилган мурожаатда.

Қозоғистонлик таниқли таҳлилчи Дўсим Сатпаев ғарб билдираётган муносабатларни Қозоғистон сиёсатчилари аввалдан кутганини айтади.

"Биринчидан, ғарб томонидан янграётган танқидлар кескин бўлмай қолди. Иккинчидан, ушбу танқидларни Қозоғистонда жиддий қабул қилмай қўйишди. Боз устига ушбу мурожаатларнинг ўзида қарши аргументлар ҳам келтирилмоқда. Референдум Қозоғистоннинг ички иши ва у халқнинг иродаси ҳисобланади каби қарашлар ҳам айтилаяпти. Расмий Остона юзаки танқидларга қарамасдан кўпгина давлатлар Қозоғистонга ҳамкор сифатида қарашини англаб етди," - дейди Дўсим Сатпаев.

Таҳлилчига кўра, одамларнинг сиёсий бепарволигига халқ томонидан Назарбоевга муқобил номзод дея кўриладиган инсоннинг йўқлиги билан изоҳлаш мумкин.

"Йигирма йил давомида сиёсат Қозоғистонда президентга муқобил шахс учун имкон қолдирмайдиган даражада шаклланди," - дейди у.