Қирғизистонда милиция кучлари яна қурол-яроғ топишган

Куни кеча Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида  "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиққанди
Image caption Куни кеча Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиққанди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилишича, милиция ходимлари пойтахт Бишкек ғарбидан тахминан қирқ чақирим оралиқда яна қурол-яроғлар топишган.

Расмий маълумотда қурол-аслаҳаларни ҳудуддаги Сретенка ва Оқ-Суяк қишлоқлар ўртасидаги қамишзорда бўлгани айтилади.

Қамишзорда ташлаб кетилган тугунда қирқма милтиқ, машғулотларда қўлланиладиган граната, ўқ-дорилар бўлган.

Ундан яна бир граната ҳамда ҳар бири юз грамм тротилга тенг порташ моддаси бўлган патрон ҳам топилган.

Ҳозир ҳодиса бўйича текширув ишлари бошланган.

Айни пайтда Қирғизистонда террорчилик гумони билан уч қозоғистонлик қўлга олинган.

Қўлга олинган қозоғистонликлар пойтахт Бишкекдаги савдо марказига террор ҳужумини ташкил этишни режалаганликда гумон қилинмоқда.

Улар ҳозир Миллий Хавфсизлик Қўмитаси тергов қамоқхонасида сақланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва Миллий Хавфсизлик Қўмитаси мазкур маълумотни матбуотга тасдиқлаган.

Қирғизистон Хавфсизлик Хизматига кўра, уч Қозоғистон фуқароси ўтган ҳафта ҳибсга олинган ва уларга пойтахтдаги савдо марказига террор ҳужумини ташкил этишни режалаш айблови қўйилмоқда.

Хавфсизлик хизматлари берган маълумотга кўра, ушбу қозоғистонликлар милиция зобитлари тарафидан қўлга олинган ва кейин Миллий Хафсизлик Қўмитасига топширилган. Ҳозир тергов амалиётлари давом этмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг айтишича, "ҳозир улар билан хавфсизлик қўмитаси ва Бош Прокурор идораси шуғулланмоқда".

Би-би-сига гапирган Ички ишлар вазирлиги расмийси: "Афсус, лекин шу расмий маълумотдан ташқари ҳеч нарса қўшимча қила олмаймиз", деб айтган.

Миллий Хавфсизлик Қўмитаси ҳам хабарни тасдиқлади ва бошқа тафсилотларни беришдан бош тортди. Шу каби "террорчи" дея таърифланаётган яна бир гуруҳни қўлга тушириш амалиётлари Ички ишлар ходимлари томонидан ўтган йилнинг ноябр ойида амалга оширилган.

Расмийларга кўра, "бўлгинчилар гуруҳи Бишкек ва Ўш шаҳарларида террорчилик амалиётларини тайёрлаётган" бўлган.

Ўша вақтда Ички ишлар вазири Зарилбек Рисалиев "гумон қилинаётганлар алоҳида ҳаракатланган ва биронта халқаро террористик гуруҳлар билан алоқалари бўлмаган" деб билдирганди.

Куни кеча Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиқди.

Ўтган йилнинг кузида Бишкекдаги синагога яқинида ва Спорт Саройи ташқарисида портлашлар юз берган ҳамда Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси биноси олдидаги автомашинадан қўлбола портловчи мослама топилганди.

Миллий Хавфсизлик Қўмитасига кўра, махсус хавфсизлик амалиётлари чоғи гуруҳи раҳбари ҳалок этилган ва гуруҳнинг 11 аъзоси ҳозир қўлга олинган.

Билдирилишича, гуруҳ таркибида асосан Қирғизистон ва бир Россия фуқароси фаолият олиб борган.