'Қонли миллий низоларнинг олдини ололмаган қирғиз ҳукумати бўлди'

Қирғизистон жанубида июн ойида юз берган қонли миллий низоларни текшираётган миллий комиссиянинг хулоса қилишича, ўша пайтда қудратда бўлган муваққат ҳукумат ғалаёнлар хавфидан огоҳ эса-да, унинг олдини ололмаган.

Текширув комиссияси раиси Абдуғани Эркебаев кеча бу хусусдаги ҳисоботини Қирғизистон парламентига тақдим этган.

Унга кўра, Қирғизистон жанубида юз берган ҳодисаларга ички ишлар, мудофаа вазири, хавфсизлик хизмати раҳбари ва бош прокурор масъулдирлар.

"Ғалаёнлар бўлишига оид аниқ ишора ва белгилар бўлса ҳам, қирғиз муваққат ҳукумати ўз вақтида чора кўра олмаган," деб айтган жаноб Эркебаев "Ассошайтед Пресс" ахборот агентлигига берган суҳбатида.

Унинг танқидлари ўша пайтда муваққат ҳукумат раҳбари бўлган президент Роза Ўтинбоева ва айрим вилоят раҳбарларини ҳам четлаб ўтмаган.

Миллий комиссия раҳбарига кўра, ҳукумат мулозимларининг қўлларида бўлажак ғалаёнлар хавфи ҳақида ўнга яқин алоҳида-алоҳида маълумот бўлган.

Ўтган июн ойида Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан қонли тўқнашувларда минглаб кишилар қурбон бўлишганди. Қурбонлардан аксариятининг ўзбеклар бўлганликлари айтилади.

Зўравонликлар сабаб юз минглаб ўзбеклар эса ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга ҳам мажбур бўлишганди.

Этник низолар Қирғизистон собиқ Президенти Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатган апрел ойидаги зўравон намойишлардан бир неча ҳафта ўтиб юз берганди.

Жаноб Эркебаевга кўра, муваққат ҳукуматнинг июндаги ғалаёнларни бартараф этолмаганига Қурмонбек Бакиев ҳам муайян маънода айбдордир.

Унинг айтишича, қудратда экани чоғида жаноб Бакиев Қирғизистон жанубидаги мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот тизимларининг фаолиятини ниҳоятда заифлаштириб юборган.

"Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ўш ва Жалол-Ободдаги ҳарбий бўлинмаларининг сони кескин қисқартирилган бўлган," деб айтган миллий комиссия раиси.

Қирғизистон миллий комиссияси президент Роза Ўтинбоева томонидан июн ойидаги миллий низолар ортиданоқ юз берган ҳодисаларни батафсил ўрганиш мақсадида ташкил этилганди.

Миллатчи руҳдаги айрим қирғиз сиёсатчиларининг шикоят этишларича эса, текширув жараёнида ғалаёнларнинг келиб чиқишида ўзбек жамоасининг қанчалик ўрин тутганига яхши ойдинлик киритилмаган.

Миллий комиссия бундан аввалроқ зўравонликларда эктремистлар ва айрим ўзбек жамоаси раҳбарларини айблаб чиққан, аммо на-да қирғиз ва на-да ўзбек халқи айбдор эмаслигини урғулаганди.

Ўша пайтда муваққат ҳукуматнинг Мудофаа вазири бўлган Исмоил Исаков эса, яқиндагина миллий комиссия хулосаларини асоссиз, дея ҳисоблашини айтиб чиққанди.

Жаноб Исаков, "Комиссия хулосалари ғурур ва шаънига доғ тушираётгани ва шу сабабдан ҳам, бу борада маҳкамага мурожаат қилиши"ни баён қилганди.

Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар юзасидан ҳозирда халқаро комиссия ҳам ўз ишини олиб бормоқда ва январ ойининг охирларига бориб, ўз хулосаларини маълум қилиши кутилмоқда.

Ўз мустақил терговларини олиб борган Human Rights Watch ва Amnesty International муваққат ҳукуматнинг хунрезликларга алоқаси бор-йўқлигини текширишга чақиришганди.