HRW: 'Қирғизистон, адолатсизликни тўхтат'

Image caption Қирғизистон Олий маҳкамаси Азимжон Асқаровнинг шикоят аризасини кўриб чиқишни бошлаган

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг айтишича, Қирғизистон Олий маҳкамаси 2010 йилнинг июн ойидаги миллий низолар билан алоқадорликда бўлиб ўтаётган маҳкама жараёнида адолатсизликнинг олдини олиш мумкин.

Сўз таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров дохил 8 нафар этник ўзбек устидан кеча, 26 январ куни Қирғизистон Олий маҳкамасида бошланган маҳкама жараёни ҳақида кетмоқда.

Ушбу маҳкама жараёни қийноқлар, таҳдидлар ва зўравонликларга оид иддаолар манзарасида қолиб келади.

Улар ўтган йилнинг июн ойида жанубий Бозор-Қўрғон шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида бир милиция ходимини шафқатсиз тарзда ўлдиришда иштирок этиш ва яна бир қанчасига тан жароҳати етказишда айбдор, деб топилишганди.

Судланувчиларнинг ҳимоячилари уларнинг ҳисбхонада қийноққа солинганликларини даъво этишганди.

Халқаро ташкилотнинг айтишича, "мазкур маҳкама жараёнида аввалбошдан адолатсизликка йўл қўйилган".

"Уларнинг айбдор деб топилиши айбланувчиларнинг адолатли маҳкамага бўлган ҳуқуқлари ва Қирғизистон адлия тизимининг мазах қилинишидир," деб айтган "Хьюман Ратсй Вотч" тадқиқотчиси Оле Солванг.

Халқаро ташкилотга кўра, Қирғизистон Олий маҳкамаси уларнинг ишини қайта кўриб чиқишга юбориши ва прокуратура масъулларини қийноқлар, номақбул муносабат ҳамда бошқа қонунбузарликларга оид даъволарни батафсил кўриб чиқишга ундаши мумкин.

Ўтган сентябр ойида айбланувчиларнинг барчаси гаровгирлик, миллий нафрат уйғотиш, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва қотилликда иштирок этишда айбдор, деб топилишганди.

26 январ куни бўлиб ўтган маҳкама жараёнида кўплаб судланувчиларнинг ҳимоячилари мижозларининг ҳибсхонада шафқатсиз калтакланганликларини айтишган.

Айни иш юзасидан 27 январга режаланган навбатдаги маҳкама жараёни 8 февралга қолдирилган.

Айбланувчиларга нисбатан номақбул муносабатларга оид такрорий шикоятларга қарамасдан, қирғизистонлик прокурорлар ушбу даъволар юзасидан жиноий иш очишдан бош тортиб келишмоқда, дейди "Хьюман Райтс Вотч".

"Азимжон Асқаров ва бошқа судланувчилар милиция назорати остида бўлишган пайтда, прокуратура идораси уларнинг номақбул муносабатлар юзасидан оғиз очишга қўрқишлари ҳолатидан кўз юмиб келди. Ҳозир айбланувчилар бу хусусда очиқ гапиришмоқда. Шундай экан, прокурорларнинг баҳоналари бошқа ўтмайди. Улар зудлик билан зўравонликларга оид даъволарни синчиклаб текширишни бошлашлари лозим," деб айтган халқаро ташкилот тадқиқотчиси Оле Солванг.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ўтган йилнинг сентябр ойида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.