Қирғизистонда қатор бомба ҳужумларида айбланган "Жайш ул-Маҳди" қанақа гуруҳ?

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиққанди
Image caption Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиққанди

Қирғизистонда ўтказилган аксилтеррор амалиётлар натижасида мамлакатда "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳ фаолиятда эканинининг аниқланиши ҳукумат ва аҳолининг хавотирларига сабаб бўлди.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Бишкекдаги қатор бомба ҳужумларида "Жайш ул-Маҳди" деб номланган гуруҳни айблаб чиққанди.

Ўтган йилнинг кузида Бишкекдаги синагога яқинида ва Спорт Саройи ташқарисида портлашлар юз берган ҳамда Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси биноси олдидаги автомашинадан қўлбола портловчи мослама топилган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси махсус хавфсизлик амалиётлари чоғи гуруҳи раҳбари ҳалок этилган ва гуруҳнинг 11 аъзоси ҳозир қўлга олингани ҳақида маълум қилганди.

"Жайш ул-Маҳди" гуруҳи борасида Президент Роза Ўтинбоева ҳам хавотир билан гапирган:

-Қирғизистонда собир этилаётган ички вазиятга диққатимизни қаратсак, сўнгги пайтда давлатимизда диний-экстремистик гуруҳларга боғлиқ ҳодисалар кўзга ташланади. Албатта, биз уларнинг фаолиятини умуман оддий мусулмонларга боғламаймиз. Лекин, Ислом динига мувофиқ ҳаракат қиляпмиз деган баҳона билан экстремистик иш юритган "Жайш ул-Маҳди" гуруҳининг ошкор этилиши ҳам юз берган воқеъликдир,-деб айтган Ўтинбоева хоним.

Шошилинч ахборот анжуман ўтказган Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раҳбари Кенешбек Душебаев гуруҳ ҳақида қуйидагиларни айтганди:

- Қўлга олинган гуруҳ аъзоларининг барчаси - Қирғизистон фуқаролари ва улар қирғиз миллатига мансуб. Шу билан бирга мен аввал айтганимдек, улар халқаро террорчи ташкилотлар, айниқса, "Исломий жиҳод иттифоқи"га хос ғояларга асосланган. Бу эса ён бермасдан, қақшатқич кураш олиб боришни англатади, дейди Кенешбек Душебаев.

"Жайш ул-Маҳди" гуруҳи қачон пайдо бўлган?

Қирғизистондаги таниқли таҳлилчилардан бири Қодир Маликовнинг айтишича, қўлга олинган шахслардан бири мазкур гуруҳ Қирғизистонда 2007 йилдан бери фаолиятда эканини айтган.

Аммо, таҳлилчи бунга шубҳа билан қарайди.

- Гуруҳ сўнгги йилларда ҳибсга олинган ўхшаш ташкилотлардан фарқи - у қақшатқич жангларга тайёр бўлганлиги, ҳеч қандай ён беришга бормаслиги ва Қирғизистонда илгари ҳеч кузатилмаган таркибидир. Ушбу гуруҳ фақат Қирғизистон шимолида туғилган ва қирғиз миллатига мансуб одамлардан иборат. Улар дунё бўйлаб жиҳод қилиш ғоясининг ўта радикал шаклига амал қиладилар.

-"Жайш ул-Маҳди" тўдасининг бошқа жангари гуруҳларга алоқаси борми?

- Йўқ, улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва бошқа ташкилотлар билан алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Қўлга олинган гуруҳнинг мазкур ташкилотлар билан асосий мақсадлари бир бўлса-да, уларнинг ўзаро алоқалари тўғрисида бирон бир жиддий далил-исботлар йўқ, - деди таҳлилчи.

Қирғизистон Хавфсизлик Хизмати собиқ котиби, ҳарбий таҳлилчи Мирослав Ниёзовнинг фикрича, қуролланган гуруҳларнинг пайдо бўлиши мамлакатдаги сиёсий ва ижтимоий вазиятга боғлиқ:

- Бу радикал кучлар нима сабабдан пайдо бўлди? Улар ҳукуматга ишонмаслик натижасида пайдо бўлган. Чунки, йигирма йилдан бери қудратга келган давлат арбоблари мамлакат эмас, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ҳаракат қилишган. Ҳар бири ўзини давлатнинг якка-ягона хўжайини ҳисоблаб, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилмаган. Улар порахўрликка ботишгани боис халқнинг ишончидан ажралиб қолишган.