Июн ойида миллий низоларга саҳна бўлган Қирғизистонда янги ҳукумат қасамёдга келтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қирғизистон парламентида Бош вазир Алмазбек Атамбаев ва унинг вазирлари расман қасамёдга келтирилди.

Хабарларга кўра, янги қирғиз ҳукуматини қасамёдга келтириш маросимида мамлакат президенти Роза Ўтинбоева ҳам иштирок этган.

Жаноб Атамбаев ва унинг 25 нафар вазири Қирғизистон халқига чин дилдан ва адолат билан хизмат қилишга қасам ичишган.

Улар ўз ваъдаларини бузган тақдирларида, Қирғизистон конституцияси ва қонунларига мувофиқ жазога тортилишларига ҳам рози бўлишган.

Янги қирғиз ҳукумати бир неча борлик уринишлар ортидан ўтган декабр ойининг ўрталарида ташкил топганди.

Бундан аввалроқ эса, Қирғизистонда янги парламент бошқарувининг қарор топишига йўл очган парламент сайловлари бўлиб ўтганди.

Аммо сайловларда иштирок этган бирор бир партия парламентда асосий кўпчиликни ташкил этиб, янги ҳукуматни барпо этиш даражасида овоз тўплай олишмаганди.

Бош вазир Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги ҳукумат аъзолари шундан сўнг битта коалицияга киришган Социал-Демократлар, "Ата-Журт" ва "Республика" партиялари томонидан илгари сурилганди.

Қирғизистон парламентида декабр ойида бўлиб ўтган овоз беришлар ортидан спикерликка "Ата-Журт" партияси аъзоси Ақматбек Келдибеков, Социал-Демократлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаев Бош вазир ва "Республика" партияси лидери Омурбек Бабанов эса, унинг муовини этиб сайланишганди.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева эса, шу йилнинг 31 декабр куни расман ўз вазифасини топширади.

Қирғизистонда қарор топган янги бошқарув моделига мувофиқ, энди Бош вазир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлади.

Бир неча ойлик уринишлар ортидан Қирғизистонда янги парламент ҳукуматининг қарор топиши халқаро ҳамжамият томонидан ҳам хуш қаршиланганди.

Қирғизистонда сўнгги қудрат алмашуви собиқ президент Қурмонбек Бакиевни амалидан четлатган ўтган апрел ойидаги оммавий намойишлар ортидан кузатилганди.

Орадан икки ой ўтиб, қирғиз муваққат ҳукумати бошқаруви даврида Қирғизистон жанубида келиб чиққан қонли миллий низолар эса, юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди.

Қурбонлардан аксариятининг ўзбеклар экани ва орадан шунча ой ўтса-да, зўравонликлар юз берган жанубий минтақаларда вазиятнинг ҳамон танг экани айтилади.