Қирғизистон Ирландиядан собиқ вазирини ортга экстрадиция этишни сўрамоқда

Image caption Қирғизистон Бош прокуратураси Сапарбек Балқибековни маҳкамага тортиш учун ортга экстрадиция этиш сўрови билан чиққанини айтмоқда

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатнинг собиқ Энергетика вазири ва "Электр станциялар" қўшма ширкати Бош раҳбари Сапарбек Балқибековни ортга экстрадиция этишини сўраб, Ирландияга расман мурожаат этган.

Сапарбек Балқибеков 26 январ куни Интерпол томонидан Ирландияда қўлга олинганди.

Аввалроқ Қирғизистон маҳкамаси Сапарбек Балқибековни ҳибсга олиш тўғрисида сиртдан қарор олган ва у қидирувга берилганди.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, жаноб Балқибеков, "вазир бўлиб ишлаган пайтда катта миқдордаги давлат мулкини талон-тарож қилган ва давлатга 300.000 доллардан ортиқ зиён етказган".

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, Ирландия Адлия вазирлигига Бирлашган Миллатларнинг Коррупцияга қарши курашга оид Конвенцияси асосида мурожаат қилишган.

Бош прокуратура мазкур айбловлар ва Сапарбек Балқибеков ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлиги юзасидан жиноий ишлар қўзғаган.

Сапарбек Балқибеков Қирғизистонда 2010 йилнинг апрел ойида юз берган ва президент Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатган оммавий намойишлар ортидан мамлакатни тарк этганди.

Собиқ Энергетика вазиридан ташқари Қурмонбек Бакиевнинг ўзи ва унинг қатор юқори мартабали мулозимлари ҳам хорижга юз тутишганди.

Янги қирғиз ҳукумати ҳозир уларнинг барчасини халқаро қидирувга берган.

Ва "жиноятчиларни қидириш ва қўлга олишда ёрдам берганлар учун" 20 мингдан 100 минг АҚШ долларгача мукофот пули ҳам ваъда қилган.