Тожикистонда ўнлаб имомлар вазифасидан четлатилган

Пойтахт Душанбеда ишдан бўшатилганлар орасида таниқли имомлар борлиги айтилмоқда.

Улардан бири таниқли сиёсий ва диний арбоб Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг укаси Нуриддин Тўражонзодадир. Нуриддин Тўражонзода ёки Нуриддин Эшон Ваҳдат туманидаги "Муҳаммадия" масжидида имомлик қилган.

Ҳар жума куни Тожикистон пойтахти Душанбе шарқидан 30 чақирим узоқдаги "Муҳаммадия масжидига минглаб мусулмонлар боришган.

Тожикистонда сўнгги йиллар аҳоли орасида Ислом мавқеъи кучаяётгани айтиларкан, кузатувчиларга кўра, у ерда ҳам мустақил фикрловчи диндорларга қарши тазйиқ ва босимларни кучайтирилаётир.

Биз имомларнинг масжидлардан четлатиш ҳаракатлари ортида қандай сабаблар тургани ҳақида Душанбедан Тожикистон Исломий Уйғониш Партияси вакили Ҳикматулло Сайфуллозода билан боғландик:

Ҳикматулло Сайфуллозода: Бир иккита имомнинг ишдан кетиши айнан мана бу сабабга боғлиқ деб айтиш қийин. Аммо, ҳукуматдаги муайян доиралар ҳозир шундай сиёсат юритишмоқда. Лекин, мана ҳозир истеъфога кетаётган имомларнинг ҳаммаси ҳам мустақил диндорлар эмас. Улар орасида мустақил ваъз ўқишни истаётган имомлар бор эди. Бироқ, Тожикистонда ҳозир имомларга ҳукумат вакиллари мана бу мавзуда гапирасан деган мажбуроият қўйишмоқда. Яъни, имомлар фақат ана шу айтилган мавзуда фақат 15 дақиқа давомида ваъз ўқишлари мумкин. Бунақа ҳукмга бўйин сўнмаган имомларни эса, ишдан олишмоқда.

Би-би-си: Сиз айтаётган мустақил имомларнинг мустақил ваъзлари нима ҳақида бўларди? Намозхонларни бирон амалларга чақиришганми?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Йўқ, улар Исломий одоб-ахлоқ ҳақида ваъз ўқишарди. Аммо, ҳукуматга қарши бирон гап айтишмасди. Ҳукуматнинг айрим амаллари борасида фикр билдирган имомлар ҳам бор. Масалан, Ваҳдатда Нуриддин Эшон шундай йўл тутган. Яъни, ҳукумат ёш талабалар ва мактаб ўқувчилари масжидга боришмасин деганида, айрим имомлар ҳукуматнинг бу амали нотўғри дейишганди. Улар Оллоҳнинг иродасига кекса ҳам, ёш ҳам, аёллар ҳам бирдек буйсунадилар деб айтишганди.

Би-би-си: Аммо, мана ҳозир Тожикистонда сиёсий Ислом кучаймоқда деган фикрлар ҳам бор. Кейинчалик Афғонистондан жангарилар сизиб кираётгани айтилди, Раштда жанглар кечди. Шундайин ҳолатда, ҳукумат қўрқувларида жон йўқмикан?

Ҳикматулло Сайфуллозода: Менимча, сиёсий Ислом ёки Исломлашиш деган атамани қўллаётганлар бу гапни айтишдан манфаат кўзлашади. Тожикистонда инсонлар фақатгина Исломга қайтишмоқда ва исломий амалларни бажаришмоқда, холос. Булар ҳозир: "Бизда дунёвий тузум" дейишади ва ғарбга ўзларининг дунёвий эканларини айтишади. Лекин, амалда бу каби дунёвий тузум талаблари кўринмайди. Одамлар масжидга боришса, бизда исломлашиш кетмоқда дейишади. Одамлар масжидга бирон муаммосига жавоб топиш учун эмас, ибодат учун масжидга боришади, холос.