Ўтинбоева: Афғонистонга чиқиб кетган ёшлар қурол билан қайтишлари мумкин

Ўшга борган Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева огоҳлантиришича, мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбошимчалигидан қочиб четга чиққан 200 киши қурол-яроғ билан қайтиши мумкин.

Президент Ўтинбоева сўзларига кўра, 200 тача Қирғизистоннинг ёш фуқароси бу ўзбошимчаликлардан безиб Афғонистондаги жангариларнинг жамлоқларига йўл олганлар.

Қирғизистон раҳбари айтишича, мамлакат хавфсизлик кучларида бу борада маълумот бор.

"Шундай хавотир борки, улар келаётган ёзда Тожик-Қирғиз чегарасидан ўтиб, қўлларида қурол-яроғ билан қайтишлари мумкин", деб айтган Қирғизистон жанубига сафари мобайнида қатор фаоллар билан учрашган Президент Роза Ўтинбоева.

Ўтинбоева хоним Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларининг жанубий минтақаларидаги бўлимлари ходимлари фаолиятини танқид қилган.

Президент Ўтинбоева маҳаллий ички ишлар раҳбарларидан одамларни ноқонуний ҳибсга олиш, бировларнинг мулкини ўзлаштириш каби ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилган.

"Менга фуқаролардан ҳуқуқ-тартибот кучлари, молия полицияси, прокуратура, маҳкама ходимларининг қонунга зид ҳаракатлари тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушаяпти. Сўнгги тўрт ой мобайнида давлат ҳокимиятига саккиз мингдан ортиқ ариза келиб тушган, уч ярим минг одам шахсан мурожаат этишган. Мурожаатномаларнинг 30 фоиздан кўпроғи – энг аввал милиция ва маҳкамалар устидан шикоятлардир", деб айтган Президент Ўтинбоева.

Президент Роза Ўтинбоева коррупцияга ва ноқонуний ҳаракатларга қарши кураш мақсадида ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимларини лавозимидан бўшатиш топшириғини берган.