Тожикистонда қўл телефонларида Али Бедакий 'сўроғи' оммалашган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Видеотасвирни кўрганлар сўроққа тутилган шахс Али Бедакий дейишади

Тожикистонда 4 январ куни ҳукумат куч тизимлари томонидан ҳалок этилган "Али Бедакий" лақаби билан машҳур собиқ дала қўмондони Аловуддин Давлатовнинг куч тизимлари ходимлари томонидан таҳқирланганлиги тасвирга олинган видеолавҳа мобил телефонлари орқали оммалашмоқда.

Бу ҳукуматнинг Али Бедакий гуруҳи қӯлга олиш вақтида қуролли қаршилик кўрсатгани учун ҳалок этилган деган даъвосини йӯққа чиқарадиган далилий ашё эканлиги ўзаро суҳбатларда урғуланади.

Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида Бирлашган Тожик мухолифати томонида жанг қилган дала қўмондони Али Бедакий 1997 йилдаги ярашиш битимини қабул қилиб, бир неча йил давлатга хизмат қилган.

Видеотасвир ҳақида тегишли мақомотлар расмий фикрларини билдирмаганлар.

'Видеотасвирда Бедакийнинг ўзи...'

4 январда давлат телевидениеси намойиш этган жасадларни кӯрган тожикистонликлар видеотасвирда сӯроқ қилинаётган киши Али Бедакий эканлигини айтишади. Айни пайтда исмини ошкор этишни истамаган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходими видеотасвирда сӯроқ қилинаётган шахс Али Бедакий эканлигини тасдиқлаган. Шунингдек, лавҳада сӯроққа тутаётган кишилар ҳам унга "Бедакий", "Али Бедакий" деб мурожаат этишади.

3 минут 44 секундлик лавҳа мобил телефони воситасида автомобил ичида тасвирга олинган. Автомобилнинг орқа ўриндиғида елкалари яланғоч Али Бедакийнинг қӯлларини ҳарбий либосдаги икки киши қайириб турибди. Улардан бири ҳар замонда тӯппончани ӯқтаб қӯяди. Тасвир аввалида юзи кӯринмаган киши савол-жавобни олиб боради.

"Нега аскарларни ўлдирдинг?", "Ким буйруқ берди?", "Каттанг ким эди?" Али Бедакий деб айтилаётган тасвирдаги киши эса "айтсам ишонмайсизлар" дейди.

"Камаробга жанг қилиш учун бормаган эдик" деган сӯроқ қилинаётган шахс.

Кейин Белги ва Мулло Абдулло лақабли жангариларнинг қаерда эканлиги сӯралади. Сӯроқ давомида сӯралаетган кишининнг соқолидан тортилади. Иқтибос келтириш мумкин бӯлмаган сўзлар билан ҳақорат қилинади. Тасвир охирроғида олдинги ӯриндиқда савол бераётган киши ва машина ташқарисидан туриб сӯкинаётган ҳарбий кийимдаги кишилар ҳам кӯрсатилади. Сӯнг "бу видеони на памят олдик" деган овоз келади.

Али Бедакий деб айтилаётган кишининг яланғоч ориқ бадани тӯласинча кӯрсатилганда тасвирдаги сӯнгги жумла эшитилади.

"Буни кӯрдингизми, жонивор қанақа. Шу ҳоли билан ҳукуматга қарши чиқибди", дейди савол бериб келган овоз.

Бедакий жангда ҳалок бўлганмиди?

Тожикистон расмийларига кўра, 4 январ куни Али Бедакий билан бирга яна етти шахс жангда ҳалок бӯлган. Давлат телевидениеси эса жасадларни бир-бир намойиш этди. Ҳалок этилганларнинг терроризм ва уюшган жиноий гуруҳга бирлашганлиги урғуланган.

"Мазкур гуруҳни қӯлга олиш вақтида улар томонидан қаттиқ қуролли қаршилик кӯрсатилди. Натижада жиноий гуруҳнинг 8 аъзоси ҳалок этилди ва бир нафари қӯлга олинди", деб айтилган расмий хабарларда.

Видеотасвир эл орасида тарқалмасдан олдинроқ ҳам Рашт ва унга қӯшни туманларда аҳоли ӯртасида Али Бедакий ва унинг тарафдорлари аввал ҳибсга олиниб, сӯнгра ҳалок этилганлиги ҳақида гаплар тарқалган.

"Агар Али Бедакий аввал қӯлга олиниб сӯнг ҳалок этилганлиги рост бӯлса, бу Тожикистонда куч тизимларининг чегарасиз бедодлиги нишонадир", дейди тожикистонлик кузатувчи.

Али Бедакий ўтган йили 19 сентябрдаги Камароб дарасидаги жанглар ташкилотчиси сифатида айбланади. Автокарвонга пистирмадан уюштирилган ҳужумда 25 нафар аскар ва зобит ҳалок бӯлганди. Ҳарбийлар августда хавфсизлик хизмати вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган маҳбусларни излаш амалиётлари учун жӯнатилганлиги айтилган.

Аловуддин Давлатов фуқаролик уруши йилларида собиқ Бирлашган Тожик мухолифати томонида туриб жанг қилган дала қӯмондонларидан бири. У 1997 йилдаги яраш битимини қабул қилган ва мамлакатда қолган, шу вақтгача давлатга хизмат қилган. Аммо унинг қудратдаги ҳукуматга нисбатан норозилиги пайдо бӯлганлиги урғуланади.

Кузатувчиларга кўра, расмий Душанбе мухолиф фикрли собиқ қӯмондонларга муросасиз бӯлиб бораяпти.

40 ёшли Али Бедакий билан бирга ҳалок этилганлар орасида 22-25 ёшли йигитлар ҳам бор. Улар жасадлари яқинларига қайтарилмаган.