Қозоғистон ҳукумати нарх-навони назорат қилишга уринмоқда

Image caption Янги йилдан нарх-наво сезиларли даражада кўтарилган

Янги йилдан бошлаб Қозоғистон бозорларидан тортиб, коммунал тўловларгача нархларнинг ошгани кузатилмоқда.

Оддий одамлар давлат томонидан нафақаларнинг кўтарилиши инфляция олдида ожиз қолаётганини айтишади.

Нархларни назорат қилишни ҳукумат ўз зиммасига олмоқчи.

Олма-Отанинг марказий бозори ҳар доимгидек гавжум эмас.

Буни сотувчилар нарх навонинг ошгани ва одамларда ортиқча пул йўқлиги билан изоҳлайди.

“Ҳозир харидор камайиб кетди. Ҳамма иложи борича тежашга ҳаракат қилаяпти. Мисол учун олдин бир кунда 100 минг танга (70 доллар) савдо қилган бўлсак, ҳозир 50 мингга ҳам етмайди”, - дейди озиқ овқат махсулотлари билан савдо қилувчи Гуландом опа.

Суҳбатга нафақа ёшидаги Бийжанова Аманқиз опа қўшилади. 10 фарзанднинг онаси бўлмиш Аманқиз опа нарх навонинг осмонга сапчиб кетганидан нолийди.

“Ҳозир картошкаларни кўриб келаяпман. Майдасининг ўзи 100 танга (70 цент), каттароқлари 120, 150 тангадан сотилаяпти. Халқ тайёр бўлмаган вақтда, кризис бўлиб турган маҳалда нархларни оширишдан мақсад нима. Бозорлардагилардан ўпкалай олмайсан, нархларни четдан олиб келаётганлар ошираяпти”, дейди Аманқиз опа.

Янги йилдан бошлаб ёғ, гречка ва полиз маҳсулотларининг нархи кескин кўтарилиб кетди.

“Гречканинг баҳоси ошди. Ўтган йили мана шундай вақти 120 эди, ҳозир эса 380-400 танга бўлиб кетди”, дейди сотувчи Гуландом опа.

5 литрлик ёғлар 8 доллар турган бўлса, ҳозирга келиб 11 долларга етиб қолган.

Янги йил - янги нархлар

Нархларнинг кўтарилиши янги йил билан боғланмоқда.

Амалдорларга кўра, янги йилдан сўнг махсулотларни ташишда муаммолар келиб чиққан. Бу эса баҳоларга таъсир қилган.

Қозоғистон рақобатбардошликни ҳимоя қилиш агентлиги раис ўринбосари Борис Парсеков кўра, нархлар ошгани билан бу халқнинг чўнтагигига катта зарар бермаслиги мумкин, чунки одамларнинг ойликлари ҳам ошмоқда дейди у.

“Агарда инфляция сўнгги 3 йилда 26,8 фоизни ташкил қилган бўлса, бу вақт давомида халқнинг даромади 52 фоизга кўтарилди. Яъни баҳоларнинг ва даромадларнинг ўсиш динамикаси халқнинг тўлаш қурби пасайишнинг ўрнига кўтарилаётганини кўрсатаяпди”, дейди Борис Парсеков.

Image caption Одамлар нархларнинг кўтарилишини маош ва нафақаларнинг ошиши билан боғлашади

Аммо оддий қозоғистонликлар ушбу амалдорнинг гапига қўшилмайди. Ойига 200 доллар нафақа оладиган Аманқиз Бийжанова икки ўғли иш йўқлигидан унинг нафақасига қараб ўтирганини айтади.

“Ёшларни қандай айблай оламиз. Менинг икки болам ишсиз ўтирибди. Иккиси ҳам ўқимаган, аммо олий маълумотли қизларим ҳам иш тополмай юрди анча вақт. Ҳамма жойга таниш билишини олади. Икки боламнинг тирикчилиги ҳам ҳозир менинг зиммамда. Йиғиб қўйган бир икки тангамни бераман”, - дейди Аманқиз опа.

Нархлар фақатгина озиқ овқатларга нисбатан ошмади. Нафақаларнинг давлат томонидан кўтарилиши билан орадан 1 ой ҳам ўтмасдан телефон, иссиқ сув каби комунал тўловларнинг ҳам нархлари кўтарилди.

“Ҳозир ҳамма нарса кўтарилиб кетди. Нафақахўрлар учун янада қийин бўлиб қолди. Мен квартира ҳаражатлари учун ойига 70 доллар тўлайман. Иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам қимматлади”, дейди олма оталик нафақахўр.

Нархларнинг кўтарилиши ҳукуматни бефарқ қолдирмади. Бош вазир Карим Масимовнинг ўзи ушбу жараённи бошқаришга киришди.

“2011 йилдаги энг биринчи масала бу – озиқ овқат махсулотларининг баҳоси. Шунинг учун ҳам 2011 йилдаги устувор масала, инфляция ва озиқ овқат махсулотларининг нархи бўлади”, - деган Карим Масимов.

Ҳукумат яқин орада озиқ овқат махсулотларининг баҳосини давлат томонидан назорат қилиш учун қонун қабул қилмоқчи. Ҳар бир ҳудуд учун маълум маҳсулотларнинг белгиланган нархи бўлиши кутилмоқда.

Сунъий тўсиқлар

Мутахассислар асоссиз ошириб юборилган баҳолар давлат органлари томонидан назорат қилиниши кераклигини айтишади.

“Қонун қабул қилиниши керак. Сотувчи нимага асосланиб нархни кўтаргани солиқ органлари, молия полицияси ва прокуратура томонидан текширилиши лозим. Ноқонуний оширилган баҳолар давлат фойдасига ўтказилиши лозим. Ана ўшанда тартиб бўлади”,- дейди қозоғистонлик мутахассис Лесбек Байжанов.

Қозоғистон минтақадаги озиқ овқат махсулотларини импорт қилувчи йирик давлат ҳисобланади.

Тадбиркорлар озиқ овқат махсулотларини етарли миқдорда таъминлаш учун Қозоғистонда табиий шароитлар етарли эканини айтади. Аммо айрим амалдорлар томнидан қўйилган сунъий тўсиқлар деҳқонларни ушбу иш билан шуғулланишдан қайтаради.

Олма-Ота тадбиркорлар уюшмасининг вице-президенти Темур Назхановга кўра, бошқа давлатлардан бозоргача махсулотни олиб келишдаги сунъий тўсиқлар нархларнинг ошишига замин яратади.

“Махсулотнинг бозорга етиб келгунича унинг олдида жуда ҳам кўп ўртакашлар ва ҳар бир юкдан бир нарса умидвор бўлган назорат органлари туради. Натижада унинг қиймати ошиб кетади. Қозоғистонда ер олиб, уни ишлатиш учун шароит йўқ. Сувдан тортиб, бензингача сотиб олиш учун оддий деҳқонларнинг қурби етмайди. Давлат томонидан берилаётган ёрдамлар эса жуда оз. Шунинг учун ҳам деҳқонларга ерни ташлаб бозорда савдо қилиш осонроқ,” дейди Темур Назханов.