Қирғизистонда президентлик сайловлари шу йил куз ойида бўлади

Image caption Ўтинбоева хоним сайлов муддатини эълон қилиш билан бирга унинг "эркин ва шаффоф" бўлишини ҳам баён қилган

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг айтишича, шу йилнинг куз ойида мамлакатда "эркин ва шаффоф" президентлик сайловлари бўлиб ўтади.

Ўтинбоева хоним бу ҳақда бугун, оқсоқоллар билан учрашуви чоғида айтган.

Қирғизистон раҳбарига кўра, сайловлар янги сиёсий маданиятнинг шаклланишига туртки беради.

Ўтинбоева хоним янги раҳбар ўзидан президентлик ваколатини қабул қилиб олиши ва бу янги сиёсатчиларнинг майдонга келиши йўлида қўйилган навбатдаги қадам бўлишини айтган.

Шу йил январ ойи охирида Қирғизистонда янги ҳукумат расман қасамёдга келтирилганди.

Янги қирғиз ҳукумати бир неча борлик уринишлар ортидан ўтган декабр ойининг ўрталарида ташкил топганди.

Бундан аввалроқ эса, Қирғизистонда янги парламент бошқарувининг қарор топишига йўл очган парламент сайловлари бўлиб ўтганди.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева эса, шу йилнинг 31 декабр куни расман ўз вазифасини топширади.

Қирғизистонда қарор топган янги бошқарув моделига мувофиқ, энди Бош вазир президентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлади.

Бир неча ойлик уринишлар ортидан Қирғизистонда янги парламент ҳукуматининг қарор топиши халқаро ҳамжамият томонидан ҳам хуш қаршиланганди.

Қирғизистонда сўнгги қудрат алмашуви ўтган йилнинг апрел ойида кузатилганди.

59 ёшли дипломат Роза Ўтинбоева президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятдан четлатган оммавий намойишлар ва қонли тўқнашувлар ортидан қудратга келганди.

Унинг ҳокимиятга келишидан қисқа вақт ўтмай, Қирғизистон жанубида келиб чиққан миллий низоларда юзлаб кишилар ҳаётдан кўз юмишганди. Уларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, юз берган қонли ҳодисаларга ўша пайтда Қирғизистоннинг муваққат президенти бўлган Роза Ўтинбоеванинг мамлакат жанубида ўз назоратини ўрната олмагани ҳам сабаб бўлган.

Яқинда Қирғизистонга қўшни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам мамлакатида аслида 2012 йилга режаланган президентлик сайловларининг шу йилнинг апрел ойида бўлиб ўтишини эълон қилганди.