АҚШ Тожикистон Исломий уйғониш партияси аъзосига қилинган ҳужумни қоралади

Image caption Ҳикматулло Сайфуллазоданинг ҳануз касалхонада экани айтилади

АҚШнинг Тожикистондаги элчилиги махсус баёнот билан чиқиб, Тожикистон Исломий уйғониш партияси Сиёсий Кенгаши аъзоси ва газетаси бош муҳаррири Ҳикматулло Сайфуллазодага қилинган ҳужумни кескин қоралаган.

Америка томонига кўра, жаноб Сайфуллазодага қилинган ҳужум - Тожикистондаги сиёсий фикр изҳоротига қилинган ҳужумдир.

Элчилик баёнотида, "Тожик ҳукумати юз берган ҳодисани синчиклаб ўрганиш ва айбдорларни қонун имкон берган даражада кескин жавобгарликка тортишга" чақирилади.

"Одамлар ўзларининг сиёсий қарашлари, диний эътиқодлари ёки қайсидир бир партияга аъзоликлари учун таъқиб ёки зўравонликка учрашларидан қўрқмасликлари лозим," деб таъкидлайди АҚШ томони.

Ҳикматулло Сайфуллазода 7 феврал куни ўз уйи яқинида номаълум шахслар томонидан шафқатсизларча калтаклаб кетилган эди.

Шифокорлар калтаклар оқибатида унинг оғир тан жароҳати олгани, айниқса, боши жиддий шикаст еганини айтишганди.

Ҳикматулло Сайфуллазода ҳануз касалхонада қолмоқда.

Юз берган ҳодиса ортидан Тожикистон Исломий уйғониш партияси махсус баёнот билан чиқиб, ҳужумни қоралаган ва бу ташкиллаштирилган суиқасд амали бўлганини айтган.

Партия баёнотига кўра, Ҳикматулло Сайфуллазодага қарши ҳужум ўзларига кўрсатилаётган босимларнинг навбатдагисидир.

Тожикистон Исломий уйғониш партиясига кўра, бундан мақсад - ўз сафлари, тарафдорлари ва мамлакат жамоатчилиги орасида қўрқув уйғотишдир.

Партия ҳам ўз баёнотида Тожикистон ҳукуматини ҳужум ижрочилари ва буюртмачиларини топиб, уларни жавобгарликка тортишга чақирганди.

Тожикистон Исломий уйғониш партиясининг баёнотига муносабат билдираркан, бошқарувдаги Тожикистон Халқ Демократик партияси юз берган ҳодисадан ташвишда эканини айтиб, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларини имкон қадар тезликда бу жиноий ишнинг тагига етишга ундаганликларини баён қилган.

"Викиликс"да Тожикистон Исломий уйғониш партияси раҳбари жаноб Кабирийнинг АҚШнинг Тожикистондаги собиқ элчиси Ричард Ҳоугланд билан учрашувига оид чоп этилган махфий дипломатик ёзишмаларда ҳам, унинг "ҳукумат ўзини якаллаб қўйишдан хавотирда бўлгани" ҳақида сўз боради.