Форсийзабонлар телевидениеси қачон очилади?

Тожикистон телевидениеси
Image caption Форсийзабон телевидениени қўллаб-қувватлаганлар ҳам, уни ёқламайдиганлар ҳам талайгина

Тожикистон, Афғонистон ва Эрон давлатлари ҳамкорлигидаги телевидение учун Эрон ҳукумати Олмониядан 2, 5 млн АҚШ долларига тенг телевизион асбоб-ускуналарни харид қилган.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасқар Шердўст Тожикистон ҳукумати телевидене фаолият бошлаши ҳақида расмий мактуб йўллагандан кейин ускуналар келтирилишини маълум қилган.

Уч форсийзабон мамлакатнинг муштарак телевидениесини ташкил этиш ҳақидаги ҳужжатни Душанбеда уч мамлакат раҳбарлари имзолаган эдилар.

Телеканал маркази Душанбеда бўлишига келишилган.

Тожикистон пойтахтида халқаро телевидение учун уч қаватли бино Эрон томонидан таъмирланиб, тайёр қилиб қўйилган.

Афғонистон, Эрон ва Тожикистон ҳамкорлигидаги телевидение иш бошлаши билан боғлиқ охирги ваъда ўтган йил Навўзи эди.

Лекин ҳамкорликдаги телеканал фаолиятини ҳануз бошлаганича йӯқ.

"Йўлдош антеннага пул керак!"

Тожикистон телевидениесининг сўнгги вақтлардаги доимий мавзуси - "Фарзандлар тарбиясида ота-онанинг масъулияти" қонун лойиҳаси муҳокамаси.

Ҳар куни шу ҳақдаги гап-сўз.

Оддий тожикитсонликлар орасида Афгонистон ва Эрон билан ҳамкорликдаги телеканал ҳақида турфа фикрлар мавжуд

Тожикистон тиббиёт олийгоҳи талабаси Икром Абдувоҳидов маҳаллий каналларни деярли кўрмаслиигни айтади.

"Мен Тожикистон каналларини томоша қилмайман ҳисоб. Чунки мен спортни яхши кӯраман. Йўлдошли антенна орқали Россия ва бошқа давлатлардаги спорт ва мусиқали кўрсатувларни кўришни ёқтираман. Қани эди, Тожикистонда ҳам спорт канали ташкил қилинса!", дейди Икром.

Тожикистонда йўлдошли антенна ўрнатишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Энг зарур маҳсулотлар учун пул тополмаётган хонадонлар кам эмас.

Тижоратчи Мирзошоҳ хориждан мол кетириб, савдо қилади.

"Тожикистонда халқнинг кўпчилиги камбағал. Шу сабабли бор каналларни кўрадилар, дунёқараш ҳам шунга қараб шаклланади. Камтарона яшайдиганлар бошқа дунёларни кўрмайдилар ҳисоб. Ҳар ҳолда янги канал очиладиган бўлса, яхшиликка деб ӯйлайман," дейди Мирзошоҳ.

"Ҳижобли қизга ҳавас қилсалар..."

Уч форсийзабон давлат раҳбарлари халқаро телеканал дўстликни мустаҳкамлашини урғулашганди.

Оддий одамлар орасида ҳам бу фикрни такрорлайдиганлар кўп.

Аммо Тожикистонга Афғонистон ва Эрон билан ҳамкорликдаги телеканал керак эмас, дегувчилар ҳам бор.

"Мамлакат ташқаридан келадиган хабарлар асосидаги телеканалга эҳтиёж сезмаймиз. Ўзимизнинг телевидениемиз бор", дейди Мансур исмли йигит.

Мансур фикрини изохлашни истамайди.

Унинг ҳамроҳи Тожикистон дунёвий, Афғонситон ва Эрон эса Исломий мамлкатлар эканини таъкидлайди.

"Мен ўйлайманки, Ислом муҳитининг халқимизга таъсири бўлади. Ҳатто кўрсатувлар Исломий мавзуда бўлмаса ҳам, ҳатто маданий мавзуларларда бўлса ҳам, таъсир кўрсатади", дейди у.

Суҳбатдошга кўра, чиройли ҳижоб ўраган Исломий қизларни телевизор орқали кўрган тожик қизлари ҳам шунга ҳавас қилишади.

"Бу ҳам ўзига хос тарғибот. Бошқа масалалрада ҳам шунга ўхшаш таъсирлар бўлиши мумкин," дейди у.

Тожикистон аро йўлдаги мамлакатми?

Тожикистонлик сиёсатшунос Саймуддин Дўстов Тожикистони "на дунёвий ва на Исломий, аро йўлдаги мамлкат," деб айтар экан, бу масала телеканалнинг очилиши ёки очилмаслиги учун муҳим эмас, деб айтади.

Сиёсатшуносга кўра, телевидиненинг очилиши Имомали Раҳмон ва Ҳомид Карзай иродасига боғлиқ.

"Менинг фикримча, улар бир телеведение ташкил қилиш учун улар йиллаб рухсат бермайдилар. Агар сиёсат, муносабатлар андишаси билан икки томон Эрон билан дипломатик йўл тутганларида ҳам, ташкил этиладиган муштарак телеканал номигагина – ҳеч таъсири бўлмаган телеканга айланади," дейди Саймуддин Дўстов.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасқар Шердўстнинг айтишича, телеканал ўтган йили ишга тушмагани афғон томонининг масъулиятсизлиги билан боғлиқ.

"Афғонистон пушту тилида ҳам кўрсатувлар беришни таклиф қилаяпти. Аммо телевидение форс тилида сўзлашувчи мамлакатларга мўлжалланган ва кўрсатув тили ҳам форсий бўлиши керак. Агар биз турли тилларда кўрсатув беришни мўлжаллайдиган бўлсак, фақат Эроннинг ўзида ўндан ортик тилларда мулоқот қилишади," деди Алиасқар Шердўст.

Дипломат айнан шу масалани ҳал қилиш учун яқин кунларда шахсан ўзи Афғонистонга сафар қилишини айтди.

У ҳамкорликдаги телеканлар ҳар ҳолда бу йилги Наврўзда иш бошлашига ишонч билдирди.

Дипломатга кўра, Эрон томони аллақачон кўрсатувлар жадвали ва дастурларни тайёрлаб қўйган.