Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев яна сайловларда қатнашмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев муддатидан илгари чақирилаётган президентлик сайловларида иштирок этишга расман рози бўлди.

Муддатидан илгари президентлик сайловлари шу ой бошида шахсан президент Назарбоев томонидан чақирилганди.

"Мен Қозоғистон президентлиги сайловларида иштирок этишга рози бўлдим," деб айтган жаноб Назарбоев бошқарувдаги "Нур-Отан" партиясининг бугун бўлиб ўтган конгрессида.

Хабарларга кўра, конгресс чоғида "Нур-Отан" партияси Нурсултон Назарбоевга расман ана шундай таклиф билан чиққан.

Аслида 2012 йилга режаланган президентлик сайловлари шу йилнинг 3 апрел кунига режаланган.

Янги беш йиллик ваколат эса, сайловларда ғолиб чиққан тақдирда, 70 ёшли президент Назарбоевнинг бошқарувини қарийб ўттиз йилга етказиши мумкин.

Нурсултон Назарбоев, "бўлажак сайловларнинг эркин ва адолатли бўлиб ўтиши"ни таъминлаш учун қўлларидан келган барча ишни қилишларини айтган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бир вақтда қудратга келган жаноб Назарбоев собиқ Шўролар Иттифоқидаги бошқаруви энг узоққа чўзилган раҳбарлардан биридир.

Президент Назарбоевнинг сўнгги баёноти ўз ваколатини 2020 йилга қадар узайтиришни кўзда тутувчи референдум ғоясини рад этиб, кутилмаганда муддатидан илгари президентлик сайловлари чақириш қароридан қисқа вақт ўтмай янграмоқда.

Референдум таклифи Қозоғистоннинг энг яқин иттифоқчиси бўлган АҚШ томонидан кескин танқидга учраганди.

Танқидчиларга кўра, муддатидан илгари сайловлар Ғарбни тинчитиш учун референдумга муқобил ўйлаб чиқилган чорадир.

Қозоғистондаги мухолифат фаоллари сайловларнинг бунчалик эрта чақирилиши ўзларининг сайловларда ғолиб чиқиш имкониятларини кескин пасайтиришидан шикоят этишганди.

Қозоғистонда сайловолди амалиётлари 3 мартда бошланиб, 1 апрелда якун топади.