Қозоғистон президентлигига биринчи номзод тил синовидан ўтолмади

Image caption Қозоқ тили синовидан президент Нурсултон Назарбоев ҳам ўтиши лозим бўлади

Қозоқ тилидан ёзма ва оғзаки синовдан ўтолмаган илк номзод Уалихон Кайсаров масъулларни ўзининг президентлик сайловларида иштирок этишига тўсқинлик қилишда айблади.

Жаноб Қайсаров Қозоғистон Марказий Сайлов Ҳайъатининг қарори қанчалик қонуний экани юзасидан шикоят қилиб, мамлакат Олий маҳкамасига мурожаат қилган.

У қозоқ тилида бурро сўзлашини даъво қилса-да, мутасаддиларга кўра, у имло синовида жами 28 та хато қилган.

Қозоғистон Сайлов ҳайъатининг билдиришича, президентлик даъвосида бўлганлар энг аввало қозоқ тили имлоси ва грамматикасидан уюштирилажак 90 дақиқали синовдан муваффақиятли ўтишлари лозим.

Ҳайъатнинг мазкур баёноти бошқа номзодларни мамлакатнинг узоқ йиллик президенти Нурсултон Назарбоев билан беллашиш имкониятидан маҳрум этиши мумкин.

Шундоқ ҳам шу йилнинг 3 апрелида бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловларида иштирок этмоқчи бўлган номзодларнинг сони унча кўп эмас.

Синовдан ўтишлари учун эса, улар биттадан ортиқ имловий хатога йўл қўймасликлари лозим бўлади.

Мамлакат мустақиллигидан 20 йил ўтиб ҳам рус тили Қозоғистонда ўзининг етакчи йўқотмаган.

Айрим маълумотларга кўра, бугун Қозоғистон аҳолисининг қарийб учдан икки қисми ўз она тилида у ёки бу даражада сўзлаша олади.

Жаноб Назарбоев мухолифларининг даъво қилишларича, ўзларининг сайловларда иштирок этишларига тўсқинлик қилиш учунгина тил синови жорий этилган.

Қозоқ ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Владимир Козлов этник рус экани боис қозоқчани яхши билмаслиги ва ўрганиш учун ихтиёрида бирор бир танлов қолмаганини айтиб, аллақачон беллашувдан чиқиб кетган.

Теварак-атроф муҳофазаси билан шуғулланувчи ва унча номи чиқмаган яна бир қозоғистонлик сиёсатчи Мусағали Дуамбеков эса, бешта "арзимас стилистик хато" билан тил имтиҳонидан ўтган биринчи номзод бўлган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жаноб Дуамбеков ҳамиша президент Нурсултон Назарбоевга ўз дастагини билдириб келган.

Қозоғистонни ҳали Шўролар Иттифоқи қуламасидан буён бошқариб келаётган жаноб Назарбоев бугун тил синовидан аъло даражада ўтгани айтилмоқда.

Қозоғистонда президентлик сайловлари аслида 2012 йилга режаланган эса-да, яқинда президент Нурсултон Назарбоев кутилмаганда сайловларнинг муддатидан илгари бўлиб ўтишини эълон қилганди.

Бўлажак президентлик сайловларининг шу йилнинг 3 апрелига белгиланиши эса, Қозоғистондаги мухолифат сиёсатчиларининг танқидларига ҳам сабаб бўлганди.