Имомали Раҳмон: 'Диний экстремистлар Тожикистонда конституцион тузумни ағдаришмоқчи'

Президент Имомали Раҳмоннинг айтишича, мамлакатнинг қатор минтақаларида кучайиб бораётган диний экстремистлар хорижлик раҳнамолари ёрдамида Тожикистондаги конституцион тузумни ўзгартиришни мақсад қилишган.

Жаноб Раҳмон бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик Кенгашининг йиғини чоғида баён қилган.

Бу ҳақда Россиянинг Регнум ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Бўлиб ўтган йиғинда диний экстремизм ва террорчиликнинг олдини олиш масалалари муҳокама этилгани айтилади.

Тожикистон раҳбарига кўра, ҳукумати томонидан кўрилаётган чораларга қарамай, мамлакатнинг алоҳида ҳудудларида криминоген вазият ёмонлашиб бормоқда.

Жаноб Раҳмон, ўз ўрнида, Рашт водийси, Суғд вилояти, Хатлон вилоятининг бир қанча туманлари ва Душанбе шаҳрида диний экстремизм ҳоллари кучайиб бораётганини таъкидлаган.

"Хорижий раҳнамолари ўз мақсадларига етишиш учун диний таълим баҳона уларни ўз сафларига жалб этишади. Кейин янада кўпроқ билим оласан деб, бошқа исломий давлатларга юборишади. Кейин эса, уларга моддий ёрдам бериб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади," деб айтган Тожикистон президенти.

Унга кўра, биргина Хатлон вилояти ва Душанбе шаҳрида ўнлаб ноқонуний диний мактаблар фаолият юритади.

Имомали Раҳмон ҳозир Тожикистондаги масжидларнинг сони мингдан ортишини айтаркан, сўнгги вақтларда улардан экстремистик қарашларни ёйишда фойдаланилаётганидан ҳам таассуф изҳор этган.

Тожикистон раҳбари наркотик моддалар контрабандасида айбланиб, хорижий давлатларда ҳибсга олинаётган фуқаролари сонининг ортиб бораётганидан ҳам хавотир билдирган.

Ўтган йилнинг сўнгги уч ойида тожик ҳукумат кучлари Рашт водийсида турли хил ноқонуний гуруҳларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб боришганди.

Бунга сентябр ойида Камароб дарасида ҳукумат ҳарбийларидан иборат карвонга қарши уюштирилган ва ўнлаб аскарларнинг умрларига зомин бўлган ҳужум сабаб бўлганди.

Ноқонуний гуруҳ раҳбарларидан бири таслим бўлгани, бошқаси эса, ўлдирилгани айтилса-да, энг кўзган кўринган дала қўмондонларидан Мулло Абдулло ҳануз тутқич берган эмас.

Куни-кеча Американинг "Тайм" журнали қонунбузарлик авж олаётган қашшоқ ва Афғонистонга қўшни экани боис наркотик моддалар контрабадаси учун энг мақбул транзит давлати бўлганини айтиб, президент Имомали Раҳмонни "Ҳокимияти хавф остида қолган раҳбарлар" ўнталигига киритганди.