Миср: ҳарбий раҳбарият парламентни тарқатиб юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мисрнинг ҳарбий раҳбарияти амалдаги конституцияни бекор қилган ва парламентни тарқатиб юборган.

Миср давлат телевидениесига кўра, ҳарбийлар сайловларга қадар олти ой ҳокимиятда бўлади.

Янги конститутиция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун махсус қўмита тузилган.

Айни пайтда Таҳрир майдонидаги намойишчилар ислоҳотларни амалга ошириш учун аниқ муддат эълон қилинмагунича майдонни тарк этмасликларини айтишмокда.

Аввалроқ намойишчилар армиянинг майдонни тозалаш ҳаракатларига қаршилик кўрсатишган.

Ўтган жума Президент Ҳусни Муборакни ағдарган исённинг маркази бўлган майдонга якшанба куни яна минглаб одамлар келишган.

Би-би-сининг Таҳрир майдонидаги мухбири Жон Лейнга кўра, армия намойишчиларнинг янги оқимига қандай муомала қилишни билмай, қоши қотган.

Ҳарбий полиция бошлиғи майдондан чодирларни олиб ташлашга чақирган.

"Биз бугундан бошлаб биронта ҳам намойишчининг майдонда ўтиришини кўришни истамаймиз", деб айтган Муҳаммад Иброҳим Мустафо Али.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Якшанба куни тонгда ғалаёнларни бостириш чоғида зўравонлиги билан танилган юзлаб полиция ходимлари Таҳрир майдонига кириб келаётганини кўрган намойишчилар ғазабга келишган.

Полиция "Бу янги Миср, халқ ва полиция бир!" дея ҳайқирган.

Намойишлар қизиган пайт аксил-Муборак намойишчилар армияни қўллаб-қувватлаб, худди шундай шиорни айтиб, ҳайқиришганди.

Ўз навбатида Таҳрир майдонидаги оломон "Йўқол, йўқол!" дея ҳайқирган.

Бир неча дақиқа давом этган полиция ва намойишчилар ўртасидаги қарама-қаршлиикдан сўнг, полиция майдонни тарк этган.

Миср ҳукумати Ҳусни Муборакка яқин уч собиқ мулозим-собиқ бош вазир Аҳмад Назиф, собиқ ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адли ва жорий ахборот вазири Анас ал-Факкининг текширув остида эканини айтиб, мамлакатни тарк этишига тақиқ қўйган.

Президент Муборак 18 кунлик намойишлардан сўнг жума куни истеъфо берган ва ҳокимиятни юқори мартабали генераллардан ташкил топган олий қўмондонликка топшириб, оиласи билан Шарм аш-Шайҳдаги қароргоҳига учган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама янги ҳарбий раҳбариятнинг фуқаро бошқарувига ўтиш йўлида иш олиб бориш ваъдасини олқишлаган.

Ҳарбий раҳбарият Миср имзолаган барча халқаро битимларни ҳурмат қилишини айтган.