Интернетдаги ижтимоий мулоқот тармоқлари қозоқ расмийларини нега хавотирга солмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Расмийлар интернетдан ёвуз мақсадларда фойдаланиш эҳтимоллари борлигини айтишади

Қозоғистон депутатлари мамлакатдаги интернетни назорат остига олиш таклифи билан чиққан. Мулозимлар жамиятда реал кучга айланиб улгурган интернетдан ёвуз мақсадларда фойдаланиш эҳтимоллари борлигини айтишган.

Виртуал оламда фаол ҳаракат қиладиган мустақил ҳаракатлар эса, депуталарнинг ушбу чиқишини кескин қоралаган. Уларнинг айримлари интернетга чеклов қўйиб бўлмаслигини айтаётган бўлса, иккинчи томон бундай таклифлар ортидан Қозоғистонда интернет умуман тақиқлаб қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Ҳозирда Қозоғистонда аҳолининг учдан бир қисми интернетдан фаол фойдаланиши айтилади.

Жонпўлат Мамай Олма отадаги илғор ёшлардан бири. У Мухтар Шохонов номидаги "Руҳ билан тил" клубини бошқаради. Ўзининг кескин фикрлари билан Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органларининг назарига аллақачон тушиб улгурган.

Жонпўлат ўзининг бошқа тенгқурлари каби интернетдан фаол фойдаланади ва интернет орқали ташкилотини жонлантиради. Унинг клуби Twitter, Facebook, Мой мир ва турли электрон хабарномалардан фаол фойдаланади.

- "Руҳ билан тил"нинг Facebook даги гуруҳида 900 га яқин одам бор. Уларнинг ҳар бирининг яна ўз шахсий саҳифаси бор. Мисол учун, менинг саҳифамда 250-300 дўстим бор қолганларда 150-200 ва 300 атрофида дўсти бор, - дейди Жонпўлат Мамай.

Бундан ташқари ушбу ташкилотнинг Мой мирда ҳам мана шунча дўсти бор. Аъзолар ушбу саҳифаларда асосан жамиятдаги муаммоларни муҳокама қилишади.

Қозоғистонда интернет фойдаланувчиларнинг фаоллашаётгани ҳукумат мулозимларини хавотирга сола бошлаганига анча бўлган. Мамлакатда турли мухолифат руҳидаги интернет саҳифалари муттасил тўсиқларга дуч келади.

Бир вақтлар Livejournal ижтимоий саҳифаси қочоқ куёв Роҳат Алиевнинг кундалиги дастидан Қозоғистонда тақиқланди. Сайт маъмурияти Алиевдан кундалигини тўхтатишни илтимос қилгандан сўнгина Қозоғистонда ушбу саҳифа тўсиқларсиз очила бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Жонпўлат Мамай Мухтар Шохонов номидаги "Руҳ билан тил" клубини бошқаради

Аммо, Яқин Шарқда ҳукумат раҳбарларининг ўзгаришига етаклаган норозиликлар тўлқини мулозимларни яна хавотир кўчасига бошлади. Айнан интернетдаги фаоллик ушбу давлатларда инқилобга олиб келгани айтиларкан, қозоқ депутатлари ижтимоий саҳифаларни назорат остига олиш таклифи билан чиқмоқда.

"Ушбу ресурслар сиёсий ҳолатни бузиш ва жамоатчиликнинг фикрини бошқариш учун айрим кучларга ўта зарур. Мисол учун, Мисрдаги воқеалар. Қоҳира, Россиянинг Манеж майдонида бўлиб ўтган воқеаларни ва Тунисдаги Жасмин инқилобларини эсланг", - дейди парламент депутати Бахит Сиздикова.

Сиздикова хонимга кўра, Ахборот ва алоқа вазирлиги зудлик билан эксперт комиссиясини тузиши керак. Унга амалдорлар, нодавлат ташкилоти вакиллари, жамият фаолари ва мамлакатдаги ҳурматга сазовор шахслар кириши керак. Депутат бу шахслар форум аъзолари, блог ва шарҳ қолдирувчилар нима ёзаётганини назорат қилиб ўтириши керак. Комиссия экспертларининг хулосаларига асосланиб, кейин ўша сайтга нисбатан жазо қўлланилиши лозим.

"Эркин интернет учун" ҳаракатидан Бахитжан Торегожина амалдорларнинг ушбу таклифи бўлмағур гаплигини айтади.

"Афсуски, депутатларимиз ва сиёсатчиларимизнинг даражаси шу қадарки, улар интернет нималагини тушунишмайди. Уларнинг хаёлидаги интернетни назорат қилиш бу - уни шунчаки ўчириб қўйишдир", - дейди Бахитжан Торегожина.

Торегожина хоним бундай иш юқумли бўлиши, Эрон ҳукуматининг интернетга маълум тақиқлар қўйиши ортидан бу амал Қозоғистонда ҳам қўлланилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслигини айтади.

"Сабаби,- дейди у,- Қозоғистонда интернет билан таъминлаш ҳукуматга қарашли Қазақтелекомнинг қўлида".

Интернет ҳаётининг бир қисмига айланиб бўлган "Руҳ билан тил" клуби раҳбари Жонпўлат Мамай эса, 21 асрда интернет чеклаб бўлмас бир кучга айланганини айтади.

"Интернетни бошқариш уни тақиқлаш имкони йўқ ҳолатга етди. Сабаби, компютерларни бир четга суриб қўйганда ҳам ҳозир ҳар бир одамнинг уяли телефонида интернет мавжуд. Мисрда воқеалар бошланганда Ҳусни Муборак интернетни тақиқлашга ҳаракат қилди. Айниқса, Facebook билан Twitter ни ёпиб ташлади. Бироқ, Google компанияси уларга кўмак кўрсатиб, уяли телефондан ўзаро фикр алмашиш учун Twitter ни қўшиб берди", - дейди Жонпўлат Мамай.

Қозоғистонда интернет фойдаланувчиларнинг сони 5 миллиондан ортгани айтилади. Бу аҳолининг учдан бир қисми деганидир. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Facebook дан 1 миллиондан ортиқ қозоғистонлик фойдаланади.

Айжан Саулетбекова Талабаларнинг мустақил касаба уюшмаси фаолларидан. Уюшма яқинда тузилгани боис, уларнинг ҳозирча ўз офислари йўқ ва фаолиятини кўпроқ виртуал ҳаётда олиб боради. Мой мирда ўзлари учун иккита гуруҳ очиб олишган. Бири ҳамма талабалар учун очиқ бўлса, иккинчиси фақат синалган тор доира учун очиқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Талабаларнинг мустақил касаба уюшмаси Мой мирда иккита гуруҳ очиб олишган

Касаба уюшмаси ҳали ёш бўлса-да, интернет орқали флэш моблар, яъни олдиндан келишилган ҳолда бир жойда пайдо бўлиб, бирор воқеага ўз муносабатини ўтказиш амалиётларини ўтказган. Бундай амалиётларнинг одатдаги норозилик акцияларидан фарқи тезкорлигидир. Касаба уюшмаси аъзоси Қозоғистон Миллий университети маҳкамага берган кезда уюшма аъзолари муносбаталрини университет раҳбариятига билдириши учун ана шундай фелш моб акциялардан бирини ташкиллаштирган.

"Ушбу акциямиз кўнгилдагидан ҳам зиёда бўлганини айтишим мумкин. 20 дақиқача давом этди. Акция жойидан унча узоқ бўлмаган масофада Бўстандиқ туман ички ишлар бўлими бор эди. Улар етиб келишга улгуролмай қолишди. Кетишимиз билан келишибди", - дейди Айжан Саулетбекова.

Кузатувчилар Қозоғистонда интернет фойдаланувчилар шиддат билан кўпаяётган бўлса-да, жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмасдан фаол муҳокама қилувчилар озчиликни ташкил қилишини айтади.

"Руҳ билан тил" клуби раҳбари Жонпўлат Мамайга кўра, бу сусткашлик вақтинчалик жараён бўлиб, вақти келиб виртуал оламда сиёсий фаол қозоғистонликлар кўпаяди.

"Қозоғистонда интернет энди ривожланиб келмоқда. Миср билан солиштирганда, бундан беш йил олдинги мисрлик интернетдан фойдаланувчиларнинг сони ҳозирги Қозоғистондаги билан тенг. Менимча интернетни фойдаланган одамнинг кўзи очила бошлайди, кўп нарсаларни кўра бошлайди. Шунинг учун ҳам, интернет фойдаланувчилари сиёсий жиҳатдан кўзи очиқ ва саводли одамлардир", - дейди Жонпўлат Мамай.

Жонпўлатга кўра, интернет фойдаланувчилари ҳозир Қозоғистонаги ҳақиқий аҳволни билиб ўтирибди. Аммо, улар ҳозирги вақтда майдонга чиқмайди. Бироқ, вақти келганда бу фойдаланувчилар тўхтатиб бўлмас кучга айланиши мумкин.