"Қорасув бозоридаги савдо ҳажми 70 фоизга тушиб кетди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қорасув шаҳри бозори охирги йилларда минтақанинг энг гавжум ва савдо энг қизиган бозорларидан бири эди

Бишкекдаги "Эркин бозор институти" тадқиқот маракази чиқарган ҳиосботга кўра, охирги вақтларга қадар минтақада энг йирикларидан бўлиб келган Қорасув бозорида савдо ҳажми 70 фоизга тушиб кетган.

Қирғизистон жанубидаги Қорасув шаҳри бозори охирги йилларда минтақанинг энг гавжум ва савдо энг қизиган бозорларидан бири эди.

Бу ерда нафақат Қирғизистон жануби аҳолиси, балки қўшни мамлакатлардан келганлар ҳам ўзларининг кундалик моллар ва кийим кечакка эҳтиёжларини қондиришарди.

Бозорда савдо қилувчи аёллардан бирининг тахминича савдо авжига чиққан паллаларда бозор кунига ярим миллионга яқин харидорга хизмат кўрсатган.

Лекин бозорнинг шу кеча кундуздаги қиёфаси бутунлай ўзгарган. Харидорлар кескин камайиб кетган, савдо растлари ҳувиллаб қолган, тужжорлар катта зарар курмоқдалар.

Савдогарларга кўра, 2010 йилнинг апрель ойидан аввал кунига ўртача 50-60 харидорга хизмат кўрсатган бўлсалар, ҳозирда бир-иккита харидор кўрсалар омадлари юришган ҳисоблайдилар.

Бир йил олдин уч-тўрт юк машинасига юклаб мол олиб кетган харидорлар эндиликда деярли йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption ҚОрасув бозорида шу кунларда харидорлар кескин камайиб кетган, савдо растлари ҳувиллаб қолган, тужжорлар катта зарар курмоқдалар.

Тужжорларнинг кўплари касодга учрамоқдалар.

Бозорчиларнинг айтишларича, шу кеча кундузда аввал хизмат кўрсатган харидорларининг юзтадан атиги 20 таси келмоқда.

Бишкекдаги "Эркин бозор институти" чиқарган маълумотларга кўра эса, ўтган йилнинг апрель ойидан аввалгига солиштирганда Қорасувдаги улгуржи савдо 50 фоизга тушиб кетган.

Умумий савдо ҳажми эса 70 фоизга тушган.

Нима учун кўплар ўзлари одат қилган бозордан қадамларини узишди?

Қорасувдагиларнинг айтишларича, бунга асосий сабаб ўтган йилги Қирғизистондаги ҳодисалардан сўнг хавфсизлик вазиятининг ёмонлашгани.

Жалолобод, Ўзган, Новқат вилоятларидан келиб улгуржисига мол олиб кетувчилар йўллардаги қўшимча текширувлар, баъзида эса жиноиий гуруҳлар тажовузидан безор бўлиб келмай қўйдилар.

Бундан ташқари бозорнинг асосий мижозлари бўлган ўзбекистонлик харидорлар июн ойидаги зўравонликлардан сўнг ёпилиб қолган ва кейинчалик ўта қатъий чекловлар билан очилган чегарадан ўтиб келишдан безорлар.

"Эркин бозор институтига" кўра, Қорасувдаги молларнинг асосий харидорлари, хоҳ улгуржи бўлсин хоҳ чакана, ўзбекистонликлар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Марказ келтирган графикка назар ташласангиз бу бозордан молларнинг улкан 70 фоизини ўзбекистонликлар, атиги 15 фоизини Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан келган харидорлар, ва яна 15 фоизини маҳаллий мижозлар харид қилганлари ангалашилади.

Мана энди тужжорларнинг савдоси юришмай қолган, лекин бозорда иш юритиш учун ҳаражатлар аксинча ошиб кетибди.

Савдогарларнинг тушумлари кескин тушиб кетганига қарамай, турли солиқлар, юкларни ташиб келиб бергани учун тўловлар, контейнерлар учун тўловлар аввалгига қараганда деярли икки баробарга ошган.

Масалан, юк ташувчи ширкатларга бир квадрат метр мол учун аввал 300 АҚШ доллар тўланган бўлса, шу кеча кундузда уларга 500 доллар тўлаш керак.

Минглаб Қирғизистонликларни иш билан, яна минглаб минтақа яшовчиларини рўзғор учун пул топиш йўли билан ва кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлаб келган бозорнинг келажаги энди нима бўлади?

Қорасувда савдо қилиб келганларнинг бу борада умидлари хушбин эмас.

Агар аҳвол шундай давом этса кўплар савдони умуман тўхтатадилар, бошқалар каби Россия каби мамлакатларга иш излаб йўл оладилар ва бозорнинг ёпилиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас, дейишади Қорасувлик савдогарлар.