Туркманистонда минтақадаги энг йирик очиқ бозор яна ўз фаолиятини бошлади

Туркманистонда Марказий Осиёдаги энг йириги, деб айтилувчи очиқ бозор жиддий таъмирлаш ишларидан сўнг яна ўз фаолиятини бошлади.

1 миллион квадрат метр майдонни эгаллаган бозор шундоққина пойтахт Ашхобот ташқарисидаги Қоғанли туманида жойлашган.

Туркия ширкатлари томонидан олиб борилган таъмирлаш ишлари нақ 152 миллион АҚШ долларига тушган.

Саҳро Бозорининг тарихи бир неча асрларга бориб тақалади.

Ҳатто, Шўролар даврида ҳам мазкур бозор фаолиятдан бирзумга бўлсин, тинмаган.

Анъанавий либослардаги туркман аёллари бозорда ўтирволиб, турли тақинчоқлар ва қўлда ишланган ҳар хил буюмлар савдосини қизитишган.

Саҳро Бозорига борган одам машҳур туркман гиламларидан тортиб, қўлда тўқилган либос, мева-сабзавот ва гўштгача хариб қилиши мумкин.

Сўнгги йилларга келиб эса, электроника жиҳозлари ва бошқа замонавий асбоб-ускуналар ҳам улкан бозорнинг бир чеккасидан жой эгаллаган.

Минтақадаги энг йириги эмасми, Қизил-Қум саҳросида жойлашган ушбу бозорга келувчи харидорларнинг сони йилига қарийб бир миллион кишига етади.

Бундан бир неча йил бурун Туркманистон ҳукумати эски бозорнинг ёнгинасида мутлақ янгисини барпо этиш борасида Туркиянинг Genc Celiklar ширкати билан шартнома имзолаганди.

Қурилиш ишлари қарийб 3 йил давом этди.

Меҳмонхона, тиббиёт маркази ва улкан машиналар хиёбонини ўз ичига олувчи янги савдо марказининг 7.000 дан ортиқ янги иш ўрини яратиши айтилмоқда.

Туркия ахборот агентликларининг хабарларига кўра, пойтахт Ашхоботнинг гўштга бўлган эҳтиёжини қондириш учун турк ширкати 21.400 квадрат метрга тенг кушхона ҳам қуриб, сўнгра уни бозорга етказган.

Туркия Туркманистоннинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ва энг муҳим сармоячиси ҳисобланади.

Туркманистондаги энг йирик қурилиш ишлари Туркия ширкатларининг ҳиссасига тўғри келади.

Туркия ширкатлари, бундан ташқари, Туркманистонда тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида ҳам бандлар.

Туркиянинг Туркманистонга киритган сармоялари миқдори 1.5 миллиард доллардан ортади.

Авваллари ҳафтасига икки марта очиқ бўлган бозор энди дам олиш кунларисиз харидорларга хизмат кўрсатиши айтилади.

Бозорнинг мижозлари орасида хорижликлар, айниқса, қўшни эронликларни ҳам кўплаб учратасиз.

Саҳро Бозори сони саноқли бўлса-да, Туркманистонга келувчи сайёҳларнинг ҳам асосий ташриф масканларидан бири ҳисобланади.