"Кўплаб тожик аёллари ҳижобга мажбуран кирадилар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тожик аёллари орасида ҳижоб охирги йилларда урфга кирган.

Тожикистон ҳукумати қошидаги аёллар қўмитаси ўтказган тадқиқот натижасида маълум бўлишича, ҳижобдаги аёлларнинг ярмидан кўпроғи ҳижобни мажбуран ўрайдилар.

Қўмита ўтказган сўровда қатнашган аёлларнинг аксари оилани сақлаб қолиш мақсадида ҳижоб ўрашга рози бўлишларини айтишган.

Қўмита суҳбатга тортган аёллардан 55 фоизи турмуш ўртоқлари, ота-оналари, ака-уклари ва ҳатто ўғиллари талаби билан ҳижобга киргналикларини айтишган.

45 фоизи эса ўз хоҳишлари билан ҳижоб ўрай бошлаганларини билдиришган.

7 фоиз аёллар эса ҳижобни эътиқодлари туфайли эмас, урфга кириб келгани учун ёда Тожикистонда оммавийлашиб кетган сериаллар қаҳрамонларига тақлид қилиб ўраганларини айтганлар.

Душанбелик Рухшона турмуш ўртоғининг талаби билан ҳижобга кирганлигини айтади.

"Кўплаб аёлларни яқинлари ҳижобга киришга мажбурлайдилар. Ислом бизларни мўминликка ўргатгани учун кўплар ота-онлари, айниқса турмуш ўртоқларининг иродасига қарши боришга жазм этамайдилар. Чунки эри уни ташлаб кетиб, бошқа "кўнадиганроғига" уйланиб кетиши ҳеч гап эмас",- дейди Рухшона.

Сўров ёши 15дан 45гача бўлган муслималар орасида ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Рухшонанинг айтишича, турмуш ўртоғининг талаби билан ҳижобга кирган.

Сўралган аёлларнинг атиги 7 фоизи олий маълумотли, қолганлари эса ўрта ёда нотўлиқ ўрта таълимга эга эканлар.

Аёллар ўртасида "исломлашиш" жараёнлари Тожикистонда айниқса пойтахт Душанбе, Сўғд ва Хатлон вилоятларида кўзга ташланади.

Тоғли Бадахшон ва Рашт водийисида аёллар аксар ҳолларда миллий либос ва рўмол ўрашни афзал кўрадилар.

Умуман бутун Тожикистон бўйлаб Исломга қизиқиш охирги йилларда ўсган. Ота-оналар фарзандларини диний йўлда тарбиялашга ҳаркат қиладилар.

Диний таълимга кўпроқ аҳамият берила бошланди ва диний байрамлар давлат миқёсида нишонланади.

Лекин охирги ўтказилган сўров натижалари динга берилиш ҳамиша ҳам кўнгилли асосда рўй бермаётганлигини кўрсатмоқда.

Тожикистон ҳукумати қошидаги аёллар ишлари бўйича қўмитанинг таҳлилий бўлимидан Саодат Мўминованинг айтишича, кўплаб аёллар ўз яқинлари талабларига рози бўлиб, оилани сақлаб қолиш йўлида исломий анъаналарга мувофиқ кийина бошлаганлар.

Мўминова хонимга кўра, кўплаб аёллар моддий жиҳатдан эркакларга қарамлар ва оилани сақлаб қолиш мақсадида ҳамма нарсага кўнадилар.

Радикал исломнинг тарқаш хавфи туфайли расмийлар ўқув даргоҳларида ҳижобда юришни тақиқилаганлар. Лекин бу ҳолат аёлларнинг ҳижобдан воз кечишларига олиб келмаган.

Ислом Уйғониш партияси аъзоларига кўра, ўқув даргоҳларида ҳижобда юришни тақиқлаш, шунингдек мусулмонча уст-бош кийишга мажбурлаш ҳам аёлларнинг дунёвий ва диний ҳуқуқларининг бузлишини англатади.

Ислом Уйғониш партияси фаоли Зарафамо Рахмоновага кўра, аксар аёллар ўзларига таалуқли дунёвий ва диний ҳуқуқлардан бохабар эмаслар.

"Инсонни ўз хоҳишига қарши ҳеч нимага мажбурлаб бўлмайди. Эркин танлов зўрлик билан ўтказилган иродани инкор этади. Бошқа томондан тожик расмийлари томонидан киритилган тақиқ ҳам қабул қилиб бўлмасдир. Радикал ғояларга келсак, ишсиз ва маълумотсиз аёл таъқиқланган гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши осон",- дейди Зарафамо Рахмонова.

Ўтган йили Тожикистонда "аёлларнинг дунёвий ҳаёт тарзи учун" ижтимоиий кампанияси бошланганди.

Ушбу кампания доирасида "ваҳобийлик" мазҳабининг рамзи сифатида кўрилган қора рангдаги абая киймаслик тавсия берилган.

Лекин айни вақтда расмийлар оддий исломий ҳижобни ҳам олқишламайдилар.

Тожикистонлик руҳонийлар эса ташқи кўриниш билан овора бўлиб, ички маънавий қадриятларни ҳам эсдан чиқармаслик, эътиқодни урфга айлантирмаслик, эркакларни эса аёлларини исломий йўлда кийинишларига зўрламасликка даъват қилиб келадилар.