Россияда биринчи исломий телеканал ўз фаолиятини бошлади.

Image caption Президент Медведев исломий телеканал очиш ғоясини қўллаб-қувватлаган

Россияда илк исломий телеканал ўз фаолиятини бошлаган.

Телеканал дастурларида Ислом ақидаси ва моҳияти ҳамда маданий- маърифий мавзуъларга асосий эътибор қаратилиши айтилади.

Биринчи исломий телеканал, мусулмон раҳбарларига кўра, Россияда Исломга боғлиқ муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Биринчи исломий телеканал ҳозирча синов тарзида ўз фаолиятини бошлаган.

Шу кунларда ўз кўрсатувларини сунъий йўлдош орқали эфирга узатишни бошлайди.

Телеканал бош директори Фарит Фарисовнинг айтишича, исломий масалаларни ёритувчи оммавий телеканал дастурлари Россия қатори МДҲ давлатларига ҳам узатилади.

"Телеканалнинг асосий мақсадларидан бири Россия Федерацияси ва қўшни давлатлар томошабинларига Россиядаги анъанавий ислом қадриятларини етказишдир. Дастурларимиз мусулмонлар ҳаётининг турли қирраларини ёритади. Бундан ташқари, болалар учун махсус кўрсатувлар бериб борилади", - дейди телеканал бош директори Фарит Фарисов.

Маърифатми, тарғибот?

Россияда исломий телеканал ташкил этиш ғояси илк бор 2009 йилнинг августида Президент Дмитрий Медведев томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Ўшанда Президент Медведев биринчи исломий телеканал Россияда анъанавий Исломни тарғиб этиш ва хусусан, ёшлар тарбияси учун зарур эканини урғулаган.

Москвалик ёзувчи Ринат Муҳаммадиевнинг айтишича, Ислом телеканали Россиянинг мусулмон дунёсидаги обрўсини кўтаришга ҳам хизмат қилиши мумкин. "Исломий телеканалнинг очилиши Россияда Ислом тарақақиёти йўлидаги муҳим қадам саналади. Шу билан бирга, Россиянинг халқаро обрўсини оширишга ҳам хизмат қилади, деб ўйлайман", -дейди Ринат Муҳаммадиев.

Ўз навбатида москвалик мустақил журналист Назифа Каримованинг фикрича, янги телеканал фаолияти Россияда Ислом билан боғлиқ муаммолар ўткирлашган пайтга тўғри келмоқда.

"Мисол учун Москвада янги ҳоким Сергей Собянин тайинлангандан кейин мусулмонлар учун қатор муаммолар юзага келди. Масжид қурилишларига ижозат берилмаяпти. Мусулмонлар, хусусан, қафқосликларга ёвқараш кучайган. Миллатчилик кайфиятлари кучаймоқда. Менимча, телеканал Ислом дини фазилатларини тарғиб этиш қатори, холис ва мухолиф фикрларни бериб бориши лозим", -дейди журналист Назифа Каримова. Сўнгги ойларда Москва, Калининград каби шаҳарларда мусулмонларнинг масжид қуриш режалари маҳаллий аҳоли ва рус миллатчиларининг норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

Москванинг "Текстилчилар" минтақасида маҳаллий ҳокимият масжид қурилишига ижозат бермади. Телеканалнинг молиявий жиҳатдан қандай таъминланиши ҳозирча ноаниқ.

Россия Мусулмонлар Кенгаши расмийларига кўра, телеканал қисман мусулмон ишбилармонларнинг хайрия ёрдамлари асосида фаолият олиб боради.