Тошкент шаҳар ҳокимияти собиқ ҳокимнинг ҳибсга олинганини рад этди

Image caption Норасмий манбаъларга кўра, шаҳар ҳокимиятини собиқ маъмурият аъзоларидан тозалаш бошланган

Тошкент шаҳар расмийлари ўтган ҳафта ишдан бўшатилган собиқ ҳоким Абдуқаҳҳор Тўхтаев ва яна бир қатор мулозимларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни рад этишмоқда.

Би-би-сига гапирган шаҳар ҳокимиятининг матбуот хизмати вакили бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, собиқ ҳоким ҳибсга олинганида ҳокимиятдагилар албатта бундан хабар топган бўлишарди.

Шаҳар мулозими Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг ўз аризасига биноан лавозимдан кетгани ҳақидаги расмий фаразни урғулади.

Аввалроқ Узнюс. нет мустақил ахборот нашри ҳокимиятдаги манбаъга таяниб, собиқ ҳоким ва яна 16 нафар мулозимнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатганди.

Жимжитлик

Ўзбекистондаги расмий манбаълар одатда у ёки бу юқори мартабали мулозимнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашмайди.

2003 йилда шаҳарни узоқ йиллар мобайнида бошқарган ва ҳукуматдаги қудратли шахслардан бўлган Козим Тўлагановга нисбатан жиноят иши очилиб, катта миқдордаги жарима ва шартли қамоқ жазосига маҳкум этилгани орадан анча вақт ўтиб, маълум бўлган эди.

Аммо олдинги ҳолатларда расмий хабар агентликлари ҳокимларнинг лавозимдан четлатилгани ҳақида хабар тарқатган бўлса, Тўхтаевнинг ишдан олингани ҳақида ҳеч қандай расмий хабар берилмаган.

Одатда ҳоким шаҳар депутатларининг сессияси, кўпинча навбатдан ташқари сессиясида ишдан олинади ва сессияда Президент Каримовнинг ўзи иштирок этади.

Аммо 15 феврал куни гарчи шаҳар депутатларининг сессияси бўлиб ўтгани айтилаётган эса-да, Тошкентдаги айрим манбаъларга кўра, амалда Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳокимиятнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказган ва ҳокимнинг четлатилганини эълон қилган.

Мажлисда ҳокимнинг ўзи иштирок этмаган.

Ҳокимият учун кураш

Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг ҳукуматдаги манбаъга иқтибосан айтишича, ҳоким ва яна бир қатор мулозимларнинг ҳибсга олингани ҳақида Бош вазир Мирзиёев ўтган шанба ҳукуматнинг анъанавий селектор тартибидаги мажлисида гапирган.

Журналистнинг бу мажлисда иштирок этган мулозимдан иқтибос келтиришича, жаноб Мирзиёев бундай кун бошқа мамалдорларнинг ҳам бошига тушиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ҳукуматда ўз манбаъларига эга, деб ишониладиган Узметроном нашри бугун ҳокимнинг ортидан шаҳар милицияси бошлиғи, полковник Қобил Нақибовнинг ҳам ишдан бўшатилгани ҳақида хабар тарқатган.

Аммо бу хабар ҳам расмий манбаълардан тасдиқланмаган.

Ўтган йилнинг декабрида Президент Каримов ҳокимлар орасида порахўрлик ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ҳоллари авж олганини айтиб, "қонунга зид бу каби ҳолатларга барҳам бериш вақти келгани" ҳақида огоҳлантирган эди.

Таҳлилчилар буни амалда "ҳокимларни қамаш" жараёни бошланишига ишора, деб талқин этишган.

2008 йилда президентнинг "мамлакатда бойлар бўлмайди" деган сўзлари ортидан Ўзбекистонда "олигархларга қарши кампания" номини олган жараёнлар бошланиб кетган эди.

Шу йил бошидан буён Президент Каримов бир неча вилоят ҳокимларини алмаштирган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, ҳокимиятдаги сўнгги ўзгаришлар кексайиб бораётган президентнинг ўрни учун бошланиб кетган зимдан курашни жиловлаш уринишлари ҳам бўлиши мумкин.